Уй зўравонлигига мойил одамни қандай аниқлаш мумкин

Баъзи аёлларни бир савол қийнайди: «Менинг турмуш ўртоғим оилада зўравонликни намойиш этиш-этмаслигини қаердан биламан?» Бу ерда аниқ бир формула мавжуд эмас, аммо потенциал тажовузкор билан дуч келишингизни тахмин қилиш мумкин бўлган бир қатор хусусиятлар мавжуд.

“Анна” зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш маркази оиладаги зўравонликка мойил бўлган эркакларнинг аксарияти кўрсатадиган хулқ-атвор белгиларини тўплади. Агар сиз бу белгиларни дўстингиз ёки дугонангизнинг дўстида пайқасангиз — эҳтиёт бўлинг. Эҳтимол, фожиа олдини олиш учун ушбу одам билан кейинги муносабатлардан қочишингиз керак.

Тажовузкор ўзини шундай тутиши мумкин:

  • дугоналарингиз ёки қариндошларингиз билан учрашувлардан сизни узоқ тутиши;
  • сизнинг мулоқотларингизни бутунлай назорат қилиб, қариндош ва дугоналар оилангиз муаммо олиб келишини уқтиради;
  • сиздан ўқишни ташлаш ёки ишдан бўшашни сўрайди, бу сизга керак эмаслиги ва сизни бутунлай таъминлашини таъкидлайди;
  • сизнинг даромад ва ҳаражатларингизни назорат қилади, ойлигингизни олиб қўяди, ҳар бир сўм учун ҳисобот беришни талаб қилади;
  • эҳтиёжларингиз учун пул ажратмайди ва уни тилаб олишингизни талаб қилади;
  • ўлгудай рашкчи ва ўз ғазаби ҳамда сизни назорат қилишини рашкка тақайди;
  • сиз ёқтирмайдиган нарсалар қилишни сўрайди;
  • масъулиятни хис қилмайди, айбни доим бошқаларга ағдаради;
  • болалар ва ҳайвонларга нисбатан тажовузкор;
  • сизга нисбатан жуда қўпол;
  • жисмоний зарар етказиш билан таҳдид қилади;
  • жинсий муносабатларда қўпол, хоҳишларингизни инобатга олмайди;
  • сиздан болаларни олиб қўйиш билан таҳдид қилади;
  • муносабатларни узишга ҳаракат қилсангиз, ўз жонига қасд қилиш билан таҳдид қилади;
  • болалигида уй зўравонлиги гувоҳи бўлган ёки олдинги аёлига нисбатан тажовузкорлик тажрибасига эга.

Агар эркакнинг ҳатти-ҳаракатлари юқоридаги хусусиятларни ўз ичига олса, бу кейинги муносабатлардаги зўравонлик ҳавфи юқори эканлигини англатади.

Ўзбекистонда ҳам аёллар уй зўравонлигига дуч келишмоқда. Агар сиз бундай даврни аввал ёки айни дамда бошингиздан кечираётган бўлсангиз ва бирон бир воқеа билан бўлишмоқчи бўлсангиз ёки маслаҳат сўрамоқчи бўлсангиз, бизга аноним равишда ёзишингиз мумкин: https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9

 

Мақола Life.ru материаллари бўйича ёзилди.