Ҳеч кимга сир эмас, турмуш ўртоғи бўла туриб ҳам, баъзи бир болали аёллар ҳеч қандай ёрдамга эга бўлмайди. Баъзи оилаларда аёл ҳаммасига улгуриши керак, ҳам ишини эпласин, ҳам фарзандини, деган тушунчалар сақланиб келади. Гарчи ҳозирги тезкор замонда аёллар оила бюджетига ўз ҳиссасини муносиб қўшиб келса ҳам, барибир уларнинг елкасида қирқдан ортиқ юмуш бор.
Қуйидаги белгиларга бир эътибор беринг-а, мабодо улар сизнинг ҳаётингизда бўлса, демак, эри бору, лекин ёлғиз онага айланиб улгурибсиз:
- Уй ишининг аксарият қисми ва фарзандларга ғамхўрлик қилиш сизнинг мажбуриятингиз, бундан ортиб дам олишга вақтингиз йўқ.
- Сиз нафақат рўзғор ва болаларга қарайсиз, балки оиланинг моддий томони учун ҳам жавобгарсиз.
- Эрингиз нуқул “гап”ларда юради, дам олиш кунлари эса телевизор ёнидан кетмайди. Сиз унга ҳавақ қиласиз, чунки бундай дам олишга имкониятингиз йўқ.
- Эрингиз сизни бирор кафега таклиф қилишини фақат тушингизда кўрасиз.
- Мабодо рўзғор техникасидан бирини ишдан чиқарсангиз, буни турмуш ўртоғингизга айтишнинг фойдаси йўқ. Енг шимариб, уни ўзингиз таъмирлашга ҳаракат қиласиз.
- Эрингиз сиздан худди ёш боладай эътибор талаб қилади, у сизнинг яна бир фарзандингиз.
- Эрингиз ишга кетса уни соғинмай қўйгансиз, шунчаки ёлғизликдан қийналасиз.
- Эртага уйда ёлғиз ўзингиз қолсангиз ҳам, барибир юмушларингиз ўзгариб қолмайди.
- Нигоҳ ва оила сиз кутгандай чиқмади.
- Эрингизга ёрдам сўрагани мурожаат қилмай қўйгансиз, чунки ундан наф чиқмайди.
Аммо ёлғиз она бўлишнинг ҳам ижобий жиҳатлари бор
Эри билан ҳаёти кўнгилдагидай бўлмаса ҳам аёл фарзандлари учун яшашга ҳаракат қилади ва ҳеч қачон оиласини бузишгача бормайди. Чунки у ёлғизликнинг ўзига яраша ижобий томонларини кашф этади:
- Жонингга тегадиган одам йўқ
Тонгда уйғонган аёл учун уйда юмуш етарли бўлади. Аммо эри томонидан эътиборсиз қолган аёл турмуш ўртоғининг юмушларидан халос бўлади. Чунки эркак индамай ишга равона бўлади.
- Дам олиш кунларини истаганимдай ўтказаман
Эринг билан бирон жойга боришинг керак бўлмагандан кейин, дам олиш кунлари истаган юмуш билан шуғулланиш мумкин. Бундай оилада эркак ҳам, аёл ҳам ўз иши билан банд бўлади.
- Шахсий қоидалар
Фарзандларига ёлғиз ўзи тарбия бераётганидан кейин, ҳар қандай она улар учун қоидаларни ўзи ўрнатади. Ваҳоланки, болалар тарбиясида отанинг ўрни муҳим бўлиши керак.
- Телефонда соатлаб гаплашиш мумкин
Эридан зарур эътибор кўрмаган аёл аввало дугоналар, ҳамфикрлар излайди ва уларни албатта, топади. Қарабсизки, соатлаб ғийбатлашишлар, дардлашишлар кўпаяди.
- Янги орзулар
Орзулар ҳақида ҳам ёлғизликда ўйланади. Бу орзуларда фарзандлар бўлиши аниқ, аммо турмуш ўртоқчи?
Ҳаётга ўзгартириш киритиш ҳеч қачон кеч эмас. Агар эрингиз бўлиб ҳам ёлғизликни ҳис этаётган бўлсангиз, унинг салбий томонларидан эзилиб, яхши жиҳатларини излашдан кўра, ҳаммасини очиқ-ойдин ҳал қилиб олинг.