СОДИҚ ДЎСТ ТОПИШ ВА УЛАР БИЛАН УЗОҚ МУДДАТЛИ МУНОСАБАТЛАРНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ СИРЛАРИ

Болаликда ҳаммаси осон эди: ўйинчоғингни бериб турасан, дарсда ёрдам берасан, бир тўгаракка қатнайсан, қарабсанки, дўст бўласан. Вақт ўтиб улғайганимизда, ҳаммаси мураккаблашади. Бегона инсонга кўнгил очиш қийинлашаверади. Хўш, қандай қилиб дўстлашиш мумкин? Бугун шу ҳақда суҳбатлашамиз.

Бир қарашдан оиланг бор, ишинг тайин, ҳаётинг кўнгилдагидай кетаётганга ўхшайди. Лекин шундай дам келадики, ёлғизликни ҳис қиласан, яқинларинг ёрдам беролмайди, сирларингни уларга айтолмайсан. Ана шунда бегона бўлса ҳам, чин дўст кўмаги зарур бўлиб қолади. Мактаб, университет йиллари ортда қолди, хўш, энди қандай қилиб дўст орттирсак бўлади? Афсус дўст топиш мумкин бўлган масканлар энди тарихда қолди.

Нима қилмоқ керак?

Муштарак мавзулар

Дейлик, саёҳатга чоғландингиз. Турли форумларда гуруҳларда рўйхатдан ўтиб, ҳамфикрларни йиғишингиз мумкин. Бу ернинг иштирокчилари саёҳат мавзусида муҳокамалар олиб боради. Қизиқишлар якдиллиги жуда қулай фурсат. Форумдошлар ичида кейинчалик бир-бирига дўст бўлиб қоладиган инсонлар кўплаб топилади. Ана сизга дўстлашиш учун яна бир баҳона.

Дўстлар ёнингизда
Қўшнингиз, ҳамкасбингиз, фитнес гуруҳидаги жамоадошингизга яхшилаб разм солинг. Уларнинг ичида дўст бўлишга номзод инсон учраб қолар. Балки ҳар куни гаплашиб, суҳбат қурадиган танишингиз бора-бора дўстга айланар. Шунинг учун атрофиингиздаги инсонларга беэътибор бўлманг. Баъзилар “бу инсон билан умуман гаплашмаганман, мени назарига илмаса керак” деб хато фикрлайди. Сиз аввало у билан шунчаки салом-алик қилиб кўринг, зеро инсоннинг асл феъл-атвори суҳбат ва мулоқотларда билинади. Оддий саломлашиш ҳам дўстлик сари қадам бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Қизиқишлар бирлаштиради
Сизга рақс, чизиш, югуриш каби машқлар ёқади. Бу борада ёлғиз эмассиз. Бу машғулотлар билан бошқа инсонлар ҳам шуғулланади. Айнан мана шу хоббилар доирасида дўст орттириш мумкин.

Эски танишларни эслаб туринг
Юқорида айтганимиздай, мактаб, ўқиш йиллари ортда қолган бўлсада, ўша муносабатларни бемалол “янгилашингиз” мумкин. Эски танишларингизни қидириб топинг. Ким билади балки йиллар ўтиб бир-бирингизни соғиниб қолгандирсиз ва бу галги муносабатлар мутлақо бошқача бўлар.

Табассум сеҳрли қурол
Кўпроқ табассум қилинг! Дўстлик сари ташланадиган қадамнинг энг аввали ижобий ҳиссиётлардан бошланади. Табассум дўстлашиш учун йўлларингизни очиб беради, чунки бу хислат сизни муносабатлар учун очиқлигингизни билдиради.

Дўстликни асраб-авайланг
Дўстлашишни уддалай олдингизми, бу риштани қадрланг. Чунки кўп ҳолларда одамлар дўстлашгандан кейин турли сабаблар билан бир-биридан узоқлашиб кетади. Аввалига ҳар куни кўришасиз, кейин ҳафтада бир, ойда бир. Кўчиб кетасиз ёки оила қурасиз. Ҳар бир дўстнинг ўз муаммолари пайдо бўлади. Қарабсизки, йилда бир марта ҳам учрашмайсиз, балки телефонда гаплашишга аранг вақт топасиз. Фақат туғилган кунларда! Бу вазиятни тўғрилашнинг имкони борми?

Дўстлик тушунчасини ҳаётингизнинг режалар деган жойига киритиб қўйинг. Тўғри, илгаригидай тез-тез учрашолмайсиз, мириқиб соатлаб гаплашишга фурсат йўқ. Аммо барибир оз бўлсада вақт ва истак топишга ҳаракат қилинг.
Чин юракдан гапиринг. Яқинлик, чин дилдан гапириш, сир сақламаслик — дўстлик шартларидан ҳисобланади. Дўст-дугоналарингизни қучоқланг, ҳиссиётларингизни билдиринг, уларга суянинг. Қалбингизнинг бир четини ажратинг.

Масофани қисқартиринг. Ижтимоий тармоқларда гаплашиш осонроқ. Лекин дўстлар билан қўнғироқлашиб туриш керак. Ахир улар шунчаки танишларингиз эмас. Бўш вақт топдингизми, дўстингиз ҳолидан хабар олиб қўйинг. Ишда танаффус бўлди, кимнидир кутяпсиз, болангиз билан сайрга чиқдингиз, демак дўст билан қўнғироқлашиш учун қулай фурсат келибди. Балки унга ёрдамингиз керакдир.
Учрашиб туринг. Бир шаҳарда ёки туманда ёшасангиз, бир пиёл чойга чақиринг. Ўзингиз ташаббус билдириб олдига боринг. Дўстингиз билан йилда ҳеч бўлмаса бир-икки марта учрашиб туришингиз шарт. Имкон бўлса, кўпроқ дийдорлашинг. Дийдор ғанимат!

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди