«ЙЎҚ» ДЕЙИШ САНЪАТИ

Кимгадир “йўқ” дейиш орқали биз бировни хафа қилишни, жаҳлини чиқаришни, кўнглини синдиришни истамаймиз. Яна шаклланиб улгурган яхши муносабатларни бузгимиз келмайди. Лекин ҳар доим ҳам рад жавобимиз ўзимизга фойда беравермайди? Хўш, қандай қилиб ўзгаларнинг шахсиятига тегмасдан “йўқ” дейиш мумкин?
Тайм-менежмент устаси Лео Бабаутанинг тавсия қилаётган 10 қадами дунёқарашни қайта кўриб чиқиб, янада қатъиятлироқ бўлишга ёрдам беради. Чунки ўзгаларнинг илтимосларини рад этолмасдан, биз нафақат ўзимизнинг манфаатларимизни, балки бировларнинг ҳам эҳтиёжларини хавф остига қўямиз.

1. Вақтни қадрланг. Мажбуриятлар рўйхатини тузинг: иш, фарзандлар, уй, шахсий ҳаёт. Бу жадвал анчагина тиғиз, шундай эмасми? Уни ўзгартириш учун жиддий сабаб керак бўлади.

2. Устувор вазифаларни ажратиб олинг. Қайси бири сиз учун муҳимроқ: ота-онангиз билан олдиндан режалаштирилган тушликми ёки кутилмаганда ошналарингиз белгилаган “гап”ми? Муҳим лойиҳани тайёрлашми ёки кафе-ресторанларда вақт ўтказиш? Буни фақат сиз ҳал қиласиз. Энг муҳими, ақлан ёндашинг.

3. Кўпроқ «йўқ» деб туринг. Бу машғулотни такрорлашдан чарчаманг. Қанчалик кўп «йўқ» десангиз, уни шунчалик тез ва осон талаффуз этишни ўрганасиз. Гоҳида эса қатъиятли «йўқ ва яна бир марта йўқ» деган жумла атрофдагиларга позициянгизни яна бир бор эслатиб қўйиш усули бўлади.

4. Узр сўраманг. Одатда биз рад жавобимизни узрли сабаблар билан асослаймиз. Кечирим сўзлари эса бизни ўзгаларнинг кўз олдида айбдор қилиб кўрсатади, шунинг учун баъзилар ушбу вазиятдан фойдаланиб янада кўпроқ босим ўтказишга ҳаракат қилади. Шундай экан, қатъиятни йўқотмасдан, охирги дақиқагача ўз фикрингизни ҳимоя қилинг.

5. Ҳаммага ёқишингиз шарт эмас. Ўзига ишонмайдиган кўпчилик одамлар атрофдагиларга ёқаман деб, ўзини қийнайди. Улар яхшилик қилишга бўлган интилишим ва мулойимлигим мукофотсиз қолмайди, деб ўйлайди. Одамлар эса бунга ўрганиб қолади ва яхшилигингизни мажбуриятга айлантириб олади.

6. Бошлиғингизга рад жавобини бериб кўринг. Ҳар доимгидай ярим тунга қадар иш билан кўмилиб кетдингиз. Берган вазифасини вақтида бажарасиз, “йўқ” десам, жаҳли чиқади, ишлашни хоҳламаяпти деб ўйлайди, деган фикрга борасиз. Аммо ўта кучли юклама иш унумдорлигини камайтиради ва бутун жараённи хавф остига қўяди. Бошлиғингизга қатъий иш режаси асосида ишлаш маъқулроқ эканини тушунтиринг. Устувор вазифаларни биринчи планга чиқарсин. Энг муҳими, барча вазифалар иш куни чегарасида бўлсин.

7. Чексиз илтимосларнинг олдини олинг. Кимдир навбатдаги илтимоси учун бошингизни қотиришини кутиб ўтирманг, банд эканингизни олдинроқ айтинг. Масалан, кичик мажлис вақтида елкангизга бировларнинг юмуши юкланишини биласиз. Эндигина янги ва мураккаб лойиҳани бошлаганингизни айтиб, ўзингизни суғурталанг.

8. «Бу ҳақда ўйлаб кўраман». Шу заҳоти жавоб беришнинг кераги йўқ. Ўйлаб кўришга вақт олинг. Бу сизга устувор вазифаларни белгилаб, таклифнинг барча минус ва плюсларини ўйлаб кўришга имкон беради. Кейин рад жавобини берсангиз ҳам, бу қўпол кўринмайди.

9. «Балки келгуси сафар…». Агар таклиф замирида сизни қизиқтирувчи жиҳатлар бўлса, таклиф эгаси кутиб тура олса: «Ёмон ғоя эмас, лекин айни дамда вақтим йўқ. Бироз вақт ўтиб, қайта мурожаат қилиб кўринг», – деган жумла билан кифояланинг.

10. «Муаммо менда». Илтимос, мурожаатлар чиндан ҳам муҳимми? Буни тан олингда, сўровчига тасалли бериб, яхши сўзлар билан кўнглини кўтариб, айбдор эканингизни тан олинг.

www.psychologies.ru сайти материаллари асосида тайёрланди.