Рўйхат: Нарциссизмга мойил эканингизни билдирувчи 6 белги

ПСИХОЛОГИЯДА «НАРЦИССИЗМ» ТУШУНЧАСИ оддий турмушдаги нарциссизмдан фарқ қилади. Яхши маънодаги нарцисслар — бу нарцисстик жароҳати бўлган кимсалардир: улар ўз қадрини билмайди ва бунинг тасдиғини дўстларидан эшитишни хоҳлайверади, бу йўлда атрофдагиларнинг ҳиссиётлари ва эҳтиёжларини инобатга олмайди. Нарцисс инсонлар ўзидан доимо уялади ҳамда буни йўқотиш мақсадида, мукаммалликка интилиб, рақобатга киришишга ҳаракат қилади.

Ушбу тушунчани фанга Зигмунд Фрейд олиб кирган, аммо нарцисстик таснифни психоаналитиклар Хайнц Кохут ва Нэнси Мак-Вильямслар батафсил тушунтириб ўтишган. Нарцисстик жароҳат ота-она фарзандига ижобий муносабатда бўлмаганда ривожланади, яъни болада ўзига бўлган ишонч сўнади. Бизнинг жамиятда баъзи бир маданий ва тарихий урф-одатлар натижасида кўпчилик инсонларда мана шундай жароҳат бор. Собиқ Иттифоқ давридан бери болаларга баҳо бериш орқали тарбиялашади: уларни доимо муҳокама қилишади, меъёрга риоя қилишларини талаб этишади, эрта ёшданоқ қандайдир натижа кутишади. Кўп ҳолларда биз кичкинтойларни ҳали ўзлари англаб етмаган хатолари  (пешобга чиқиш ва дефекация, қўрқув ёки хафалик, йиқилиб тушиш, қўққисдан тушиб ёки синиб кетган нарсалар оқибатида йиғлаш) учун уялтириб, танбеҳ беришга ўрганиб қолганмиз.

Шу тариқа бола бир нарсани англай бошлайди: катталар меҳрини қозониш учун, меъёрларга мос бўлишинг ва вазифаларни бажаришинг шарт. Бундай тарбия ҳаётдаги қийинчиликларни енга олмаган ота-оналарга хос бўлади, масалан, касаллик, эр-хотин ажрашиши, иш йўқотиш, ижтимоий ҳаётдаги омадсизликлар каби. Улар ўз фарзандларига режасини амалга оширувчи шахслар сифатида қарайди. Психологларнинг фикрича, бу бола томонидан ота-онасининг «нарцисстик қарори» сифатида қабул қилинади: «Ҳаётда кўп нарсага эриша олмадим, қизим ёки ўғлим орзуимни амалга ошириши керак, шунда ўзимни яхшироқ ҳис этаман». Бундай инсонлар кўпинча таълим масаласига кучли эътибор беради, фарзандларини кўплаб тўгаракларга олиб боради, юқори натижаларни талаб қилади ҳамда ҳеч қачон боласидан кўнгли тўлмайди. Болалар эса яхши натижага эришса-да, ўзларини ҳукм, тергаш остида кўраверади, ота-онамиз муҳаббатига эришиш қийин, деган фикрда бўлади. Атрофдаги таъсирлар ҳам нарциссизмда ёрдам бермайди: жамиятнинг муносабати, тезкор ҳаёт тарзи, чиройли фотосуратлари бор ижтимоий тармоқлар, нашрлар, эртакдагидай ҳаётни намойиш қилаётган видеолар — буларнинг бари жароҳатни яна-да ёмонлаштиради.

Чуқур нарцисстик жароҳати бор одамда пайдо бўладиган хулқ-атворни Нэнси Мак-Вильямс «нарцисстик турдаги шахс» деб номлайди; унчалик кўп таҳқирланмаган инсонда жароҳатнинг алоҳида томонлари намоён бўлади. Бу ҳолатларнинг катта одамларда қандай акс этишини кўриб чиқамиз. Агар ушбу белгиларни ўзингизда сезсангиз, нима қилиш керак?

  1. Ўзгалар маъқулламаса, сиз қадрингиз борлигини сезмайсиз

Мақтов, муваффақият, ютуқлар — булар ёқимли, аммо бу баҳоловчи мезонлар четдан билдирилади. Психологик соғлом инсонда булардан ташқари, ўз қадрини билиш ҳисси ҳам мавжуд: у яхши инсон эканлигини тушунади, буни атрофдагилар таъқидлаб туриши шарт эмас, муҳаббатни ошкора намойиш қилмайди ва уни баҳолайвермайди. Ички суянч, мен яхшиман, деган ички қадриятсиз яшаш жуда қийин. Нарцисстик жароҳати бор одамларда бу таянч йўқ ёки сезилмас даражада. Агар ҳеч ким эътибор бермаса, таассурот уйғотмаса, улар чиндан ҳам ўз қадрини билмайди.

Бунинг орқасидан кўплаб муаммолар келиб чиқади. Носамимий муҳитга тушиб қолганда, бу инсон ёмон эканига ишона бошлайди ва ушбу жамоадан кетиш ўрнига устидан кулаётган одамларга ёқиш учун ҳаракат қилади. У ўзини бошқалар билан таққослай бошлайди: «яхшиман» деган тушунча йўқ бўлганидан кейин, «мен муносибман, ақллиман, чиройлиман» деган ҳис атрофдагилар ҳисобига пайдо қилинади.

Аммо бундай таққослашнинг натижаси ҳар доим ҳам кўнгилдагидай бўлавермайди: чунки ҳаётда доимо ўзидан яхшироқ инсонни топиш мумкин. Бундай инсонлар катта жамоаларда узоқ бўла олмайди: кўпчилик орасида ҳар томонлама яхши бўлиш мушкул. Унинг устига оломон орасида унутилиш, эътиборсиз қолиш, ташландиққа айланиш осон (масалан, диққат марказида мутлақо бошқа инсонлар туради), бу эса асабийлаштиради. Одатда нарцисстик жароҳати бор одамлар бу вазиятдан чиқишнинг икки йўлини кўради: ёки одамлар тўпланадиган жойлардан четда юради, ёки марказда бўлиш учун ҳар хил қилиқларни ўйлаб топади.

  1. Ўзингизни яхшироқ ҳис қилиш учун, ўзгаларни обрўсизлантирасиз

Бу доимий таққослаш эҳтиёжининг натижаси: ўзини муносиб ва қадри баланд ҳис қилиш учун, нарцисстик шахслар доимо мусобақалашади, ваҳоланки, бу мантиқсиз бўлиши мумкин. Демак, уларнинг олдида қайсидир хислатлари билан қуйи поғонада турадиган одамлар бўлиши шарт. Таққослаш жараёни ва ўзгалар билан солиштириш ҳар томонлама намоён бўлади — танишлар билан суҳбатларда, бошқа одамлар ҳақидаги фикрларда, яъни ўзгалар фақат ёмонланади, пастга урилади.

Шахснинг нарцисстик қисми қанчалик кучли бўлса, ундан рақобатлашиш эҳтиёжи шунчалик кучаяверади. Оқибатда аянчли манзара юзага келади: бировнинг омадини кўра олмайдиган инсон ғийбат йўлига ўтади, бошқа одамлар билан эса фақат «кимга қарши дўст бўламиз?» деган ниятда бирлашади.

Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Баъзи бир нарцисстик жароҳати бор одамлар меъёр чегарасини билади, гоҳида айбидан азият чекади, чунки бу иллат эканини яхши англайди. Аммо нарцисстик яра даволанмас экан, таққослаш ва кимўзар баҳсига бўлган эҳтиёж кучли келаверади. Яхшиямки, баъзи инсонларда иллатдан халос бўлиш учун ҳаракатлар бўлиб туради.

  1. Танқидни кўтара олмайсиз

Ўзи ҳақида салбий фикрларни эшитиш кимга ҳам ёқарди. Аммо нарцисстик жароҳати бор инсон танқидни умуман кўтара олмайди: танқид шахснинг ўзини қабул қилишига таҳдид солади. Бундай одам салбий муносабатни юрагига яқин олади, чуқур қайғуга тушади, хафа бўлади, жаҳлланади, бу ҳолатдан тезроқ қутилишга уринади. Ҳар қандай салбий фикр унинг миясида соатлаб, ҳатто ҳафталаб айланиб юради, хаёлан ўзини оқлайди, инкор этади, баҳслашади.

Ўринсиз танқид ҳолатида ҳам, шахс гап унга тегишли эмаслигини тушунмайди: суҳбатдош шунчаки кайфиятсиз бўлиши мумкин, хафа бўлгандир, балки тарбиясиздир ва ҳаммага ёмон гапирар. Бир сўз билан айтганда, нарцисстик жароҳати бор одам шахсий ҳаётини бировнинг фикрига боғлиқ деб ўйлайди, ваҳоланки, мутлақо бегона инсоннинг фикрини бемалол четга сурса бўлади.

  1. Сиз кўпинча ҳамма нарсани идеаллаштирасиз ва қадрсизлантирасиз — ўзингизни ва бошқаларни ҳам

Нарцисс инсон бу дунё фақат «оқ-қора чизиқдан» иборат эмаслигини қабул қилмайди. Ҳеч ким идеал ва қўрқинчли эмас, ҳар бир инсонда эзгулик ва ёмонлик, кучли ва заиф томонлар мужассам бўлишини ўйламайди. Шунинг учун ўзини ва бошқаларни шундайлигича қабул қилиши қийин. У ўзининг ва ўзгаларнинг хатоларини кечирмайди, одамларни айблайди ва бу фикрларини мунтазам алмаштириб туради: аммо биргина салбий ёки ижобий фикр одам ҳақидаги тасаввурни 180 даражага ўзгартириб юбориши мумкин. Аксинча бўлиши ҳам ҳеч гап эмас: Бир марта кўзига ёмон кўринган инсон, кейинчалик кўп яхши хислатларни намойиш этган бўлса-да, барибир ёмон бўлиб қолаверади.

Бу жонсиз буюмлар ёки одамлар гуруҳига ҳам тегишли бўлиши мумкин: масалан, иш ёки ўқиш жойи, сиёсий партиялар, диний ташкилотлар каби. Нарцисстик ниятдаги одам ўзи кўнгил қўйган жамоаларнинг камчиликларини сезмайди, уларнинг манфаатларини қаттиқ туриб ҳимоя қилади, аммо улар таркибидан чиқиб кетганидан кейин ёмонлашга ўтади. Бу гаплар чин бўлиши ҳам мумкин: чунки одам яхши кўрган пайтда иллатларни кўрмайди, ёмон кўриб қолгач, барча яхшиликларни унутади.

  1. Сизда ўзини-ўзи баҳолашдаги беқарорлик ва мукаммалликка интилиш кучли

Бундай жароҳати бор инсон ўзини-ўзи баҳолаганда, беқарор бўлади. Гоҳо ўзини ажойиб, истеъдодли, ўзига хос, бетакрордай ҳис этса, баъзан эса хунук, омадсиз, ҳаёти чиппакка чиққандай туюлади. Бундай дамларда нарцисснинг яраси янгиланаверади ва ўз айбларини атрофдагиларга ошкор қилиб ташлайди.

Нарцисстик шахс мудом ўзини айбдор ҳис қилади, шунинг учун мукаммаллик излаб яшайди. Одатда жамиятимизда бундай инсонларни мақтаймиз, аслида эса унинг ичида яширин сирлари бўлади. Тўғри, мукаммалликка интилганлар кўп ютуққа эришади, бу натижалар замирида жуда катта куч ётади. Мукаммалликка интилишнинг ўзи ҳимоя воситаси ҳисобланади: ўзини ўзгалардан паст кўрган инсон катта мақсадларни кўзлайди, уларга эришиш орқали айбдорлик ҳиссидан қутилади, ниҳоят, ўзини юксакликда ҳис этади.

Шу тариқа инсон эришилган натижаларни етарли деб ўйламайди, унга ҳамма нарса камлик қилаверади. Нэнси Мак-Вильямс ёзишича, «етиб бўлмас чўққилар „Мен“даги нуқсонларнинг ўрнини босиш учун яратилади. Бу нуқсонлар шунчалик даҳшатли кўринадики, қисқа муддатли ютуқ уларни йўқота олмайди. Аслида эса ҳеч ким мукаммал эмас ва бутун бир стратегия чилпарчин бўлади ва қадрсиз „Мен“ яна пайдо бўлаверади».

  1. Сиз одамларни бошқарасиз ва уларнинг ҳислари билан ҳисоблашмайсиз

Нарцисстик жароҳати бор одамларнинг бир қисми ўйламасдан иш қилади. Бу салбий қилиқлар айбдорлик ва камситилиш ҳиссини вақтинчалик босади. Бундай одамлар ўзини кўрсатиш орқали, баъзан воқеаларни бўрттириб кўрсатади, ҳатто ёлғондан фойдаланиши мумкин. Нарциссларнинг ёлғони худди мактаб ўқувчиларининг алдовларига ўхшайди: унинг ҳеч қандай фойдаси йўқ, фақат эътиборни қаратиш учун ўйлаб топилган. Бундай ҳодисалар одатда зиёнсиз бўлади, аммо ёлғон барибир яхши эмас.

Нарцисстик жароҳати бор инсонлар билан мулоқотда кўпчиликка уларнинг яширин совуқлиги ёқмайди, улар ҳар қандай вақтда алоқани узиб кетишлари мумкин. Нарцисслар ҳатто энг яқинларига ҳам ишонмайди, энг кичик айбни кутиб туради ва истаган дамда сотиб кетади. Улар шунчалик ўз қадрини баланд тутиш билан банд бўлади-ки, бошқаларнинг ҳисларини сеза олмайди. Нарцисстик феъл-атвордаги одам учун атрофдагилар шаҳмат доналарига ўхшайди. Улар бу доналарни истаган қаторда жойлаштиришни ният қилади, аммо ўйлашмайдики, доналарнинг ҳам ўз хоҳишлари бор.

Нима қилиш керак?

Агар инсонда истак бўлса, нарцисстик жароҳатни даволаш ёки ҳеч бўлмаса, камайтириш мумкин. Бу ишни фақат психотерапевт ёрдамида уддаласа бўлади: бунинг учун қадрсизланиш ва мукаммаллаштириш доираси учун чидамли шахс керак, у мудом алоқани ушлаб туриши ва нарцисстик инсондан узоқлашмаслиги лозим. Бунга йиллар керак бўлади, аммо кичик ўзгаришлар ҳам инсон ҳаётига катта натижаларни бағишлайди: нарцисстик жароҳати бор одамнинг ўзгалар билан муносабати яхшиланади, ҳаётдан мамнунлик ҳисси уйғонади, вақти-вақти билан яхши инсон эканлигига ишона бошлайди. Аввалги ҳолатга қайтиш хавфи ҳам бор, аммо мунтазам янги тажрибалар орқали тушкунлик вазиятларини енгиш осонроқ бўлади.

Манба: https://www.wonderzine.com/wonderzine/life/life/231546-narcissistic-injury