«Қўшним доимо бақиргани-бақирган. Эри, болаларига доим бақиради”. Танишларингиз орасида шундай аёллар борлиги аниқ. Балки ўзингизни ҳам бу иборада танигандирсиз?
Нега шундай бўлади? Энг тарқалган сабабларни кўриб чиқайлик:
- Чарчоқ ва доимий стресс.
Кўпчиликнинг фикрича, аёл уйда қолиб, ишда оғир юкларни ташиб юрмаса, демак, у чарчамайди. Бу янглиш фикр. Асосан аёллар бажарадиган уй ишлари (ишлайдиган аёллар ҳам) кўп кучингизни олади. Шунингдек бундай меҳнат кўринмас, тўланмайдиган ва кўпчилик буни аёлларнинг вазифаси деб қабул қилади. Агар ишда сизга қўшимча иш юклатиб, унга пул тўлашмаса, ўзингизни қандай ҳис қилардингиз?
Жамиятдаги стереотиплар туфайли аёлларнинг ўзлари ҳам уй ишлари, бола тарбияси, уйдаги озодаликни сақлаш каби ишларни ўзларига юклашни табиий деб ҳисоблайди. Улар сирасига қуйидагилар киради:
- Оила аъзоларини уйғотиш
- Болалар ўрнини тўғирлаб, тишларини тозалашларини назорат қилиш
- Уйни тартибга келтириш
- Нонушта тайёрлаш
- Сут (тухум, шакар ва ҳ.) тугади, бугун олиш керак.
- Дастурхон тузатиш
- Кимдир клеёнкани кесворибди, алмаштириш керак
- Оила аъзоларининг қорнини тўйғазиш
- Идиш ювиш
- Идиш ювиш воситаси тугаяпти, янгисини олиш керак
- Болаларни мактабга йиғиш
- Барча китоб ва дафтарлар жойида эканлигини текшириш
- Кийим озодалигига эътибор бериш
- Қизларни сочини йиғиш
- Боланинг оёқ кийими йиртилибди, тикиб қўйиш керак (ҳа-ҳа, айрим аёллар этикдўзликдан хабардор)
- Мактабга егулик солиб қўйиш керак. Нима тайёрлаб берсаммикан?
Ва ҳоказо. Бу бир кунлик ишлар эди! Рўйхат ҳам тўлиқ эмас. Аёл калласида минглаб масалаларни сақлайди ва йўл-йўлакай оила аъзолари ташлаб кетган майда-чуйда нарсаларни йиғиб юради, ваҳоланки эркак ва болалар уларни кўрмагандай ўтиб кетишади. Бу миянинг доимий ишлаши демакдир. Аёл ишласа, юклама ошади: ишдан кейин ҳам уй ишларига тўлиқ шўнғиб кетади. Дам олиш кунлари дам олишни орзу ҳам қилмайди.
Аёлдан доимо кулиш, зўр кўриниш ва бошқаларга илҳом бағишлаб туриш ҳам талаб этилади. У инстаграмга киради – унинг саҳифаларидан бахтиёр инста-ойижонлар тиржайиб қарайди, профилларига қараганда улар доимо болалари, турмуш ўртоқлари ҳақида қайғуради, саёҳат қилишга ҳам улгуради, бизнес юритишади, кўринишлари даҳшат, дугоналари билан учрашиб юради, йога билан шуғулланади, соғлом таом ейишади ва ҳеч қачон ҳафа бўлишмайди. Гўёки атрофдагилар зўр-у, битта сен омадсиз ва мужмалсан.
Бизга стрессни қандай енгишни ўргатишмайди. Одамларнинг феъл-атворини кўпинча ота-оналаридан ўзлаштириб олади. Афсуски, йиллар давомида мамлакатимизда битта модель тарбияланган: жилмаямиз, сабр қиламиз ва сукут сақлаймиз. Ташқи сурат ва ички дунёдаги тафовут ҳам шундан келиб чиқади. Одамлар салбий ҳиссиётларини ичларида сақлайди, стрессни яширади – чунки ўзини қўлда ушлаши керак. Лекин стресс ҳеч қаерга йўй бўлмайди ва яширин сурункали шаклга ўтади. Одам жиззаки ва тажовузкор бўлиб қолади.
- Токсик ёки эътиборсиз атроф-муҳит.
Аввалги бандда тасвирланган стресс кўплаб аёлларда учрайди. Оила аъзолари унинг илтимосларига эътибор бермаса-чи? Аёл болалар дастурхон йиғишларини ўн марталаб сўрайди. Эридан қайта-қайта оёқ кийимини махсус жойга қўйишни сўраса, у билганини қилса-чи? Бу майда маиший муаммодек кўринса-да, бундай менсимаслик доимо такрорланса, аёл албатта ўзини тутолмайди. “Неча марта қайтаришим мумкин?”, «Қайта-қайта такрорлашдан чарчадим!»
Ёки аёл тосик муносабатларга учради. Унинг яқин қариндоши абьюзер ёки перверз нарцисс. У доимо камситилади. Ташқи кўриниши, меҳнати ва ҳиссиётлари доимо қадрсизлантирилади. Бундай муҳитда у ғазабини назорат қила оладими?
- Ҳайз олди синдроми.
Ҳайз кўришдан олдин гормонал ўзгаришлар ҳам аёл кайфиятининг ўзгаришига олиб келиши мумкин. Аммо бу мутлақ қоида эмас. Кўп аёллар ҲОС ни умуман сезмайдилар. Уларнинг айримлари ўша кунлари ҳиссиётларга берилувчан ёки йиғлоқи бўлиб қолади. Кимдир эса ҳамма нарсадан асабийлашаверади. ҲОС оғир кечса (кучли оғриқлар, салбий ҳиссиётлар), эндокринолог ва гинеколог билан маслаҳатлашинг.
- Манипуляциялар.
Ҳамма аёллар ҳам (эркаклар сингари) бенуқсон одоб-аҳлоқи билан ажралиб турмайди. Жазава тутиши ёки ҳафагарчиликлар яқинларидан истаганини олиш учун манипуляция сифатида қўлланилиши мумкин. Асаби бузилаётган ва қасддан яқинларининг асабига тегувчи аёллар ўртасидаги фарқни тушуниш муҳимдир. Бу ерда сурункали стресснинг бир нечта белгилари тасвирланган. Одатда, чарчаган аёллар уй юмушларидан тўлиқ дам олсалар, ўзларини токсик муҳитдан ажратиб олсалар, ўзларининг яқинлари томонидан қўллаб-қувватланишларини ҳис қилсалар, ўзларини яхши ҳис қиладилар (Бунда айнан аёл уни қўллаб-қувватлаётганларини ҳис қилиши муҳим!), улар ўзларига вақт ажратадилар, дўстлари билан мулоқот қиладилар ва ҳоказо. Манипуляторлар учун бу жиҳатлар муҳим эмас. Улар асабга тегишда давом этаверади.
- Психика хусусиятлари.
Эркаклар ҳам, аёллар ҳам психопат бўлиши мумкин. Аммо эркаклар орасида (5 %) улар аёлларга (1 %) қараганда кўпроқ учрайди. Айтишларича, аёл психопатиясининг кўлами кенгроқ, негаки у асосан психологик зўравонлик сифатида намоён бўлади. Улар жанжал чиқаришга гижгижлайди, атрофларидаги одамларни (руҳан ёки жисмонан) таҳқирлайди, қўрқитадир, майда-чуйда баҳоналар билан бақир-чақир қилади, асоссиз ёлғон гапиради. Психопат билан яшаган яқинлари уларнинг қачон “портлашини” билмайди: кейинги дақиқада нима ёқмай қолиши мумкинлигини билмайсан. Улар ҳамдардлик билдирмайди, ҳиссиздирлар. Агар сиз психопат билан яшасангиз, сурункали стресс ҳолатидасиз. Агар сизнинг қўшниларингиз психопат бўлса, сизга ачинишдан ўзга иложимиз йўқ.
Афсуски, психопатиядан самарали ҳимояланиш усули мавжуд эмас. Шунинг учун ёки бунга кўз юмасиз ёҳуд шахсий чегараларингизни ҳимоя қилиб, бундай одам билан муносабатларингизга нуқта қўясиз.