КЕЛИНЛАР НАЗДИДА ЭНГ ЯХШИ ҚАЙНОНА

Сарлавҳани ўқиб, қайноналар танлови кетаётган бўлса керак, деб ўйлаган бўлсангиз ҳеч гап эмас. Ёки яна келинлар ўз қайноналарини “чайнайди” деган фикрга бордингизми? Йўқ, бу гал биз бир талай келинлар орасида сўровнома ўтказдик. Улар наздидаги мукаммал қайнона қандай бўлишини сўзлаб беришди. Биз эса умумий хулосаларни сизга ҳавола этамиз. Тўғри, келинжонлар ҳам мукаммал эмас, аммо бугунги таҳлилларимизни азиз қайнонажонлар ўқиса ёмон бўлмайди. Хўш, келинлар орзусидаги қайноналар қандай бўлиши керак?

  1. Узоқроқда яшаб, бошқа тилда сўзлашса ҳам майли

Иштирокчиларимиз орасида “қайнонам биздан узоқроқ масофада яшаса ҳам майли” дегувчилар топилди. Балки шунда қайнона-келин бир-бирига қадрлироқ бўлармиди?! Шунда ёшларнинг ҳаётига аралашавериш ҳолатлари камроқ учрармиди?!

«Қайнонам биздан 3000 км нарида яшайди. Келганда роса яхши кутиб оламиз. Ўғли ва невараларини соғиниб келади, мен эса айбларимни кўрсатмасликка ва қайнонамнинг камчиликларига эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Муроса йўлимиз шу», — дейди 36 ёшли келин.

«Мен Туркияда яшайман. Шу ерга келин бўлиб тушганман. Ҳозирча қайнонам билан турмуш ўртоғим орқали алоқа қиламиз. Чунки турк тилини ҳали яхши билмайман. Менга шу йўл маъқул» — дея сўзлаб берди яна бир фойдаланувчимиз.

  1. Хонамизга огоҳлантирмасдан кирмасин

Шахсий чегараларимизни ҳурмат қилсин, турмуш ўртоғим билан хонамизга огоҳлантирмасдан кирмасин. Бу қайнонаси билан бир оила бўлиб яшайдиган аёллар фикри. Алоҳида яшайдиган келинлар эса “қайнонам бизникига айтиб келсин” деган фикрни билдиришди. Шунда келинлар ташрифга яхшироқ тайёргарлик кўришга ҳаракат қиларкан.

  1. Фақат ўғлининг ҳаётига қизиқавермасин

“Ўғлидан ташқари мен ҳам борман ахир. Бутун умр арзандасининг ёнида бўлиб, унинг иссиқ-совуғидан хабардор бўламан. Ўғли ҳақида сўрайвермасдан, менинг ҳаётимга ҳам қизиқсин. Қайнонам озгина эътибор берганини сезсам, кўнглим тоғдай кўтарилади. Биргина ширин сўзи, хизматини бажаришга қанот боғлайман”. Бу гап ҳам келинларимиздан чиқди. Қайнонаси ишлайдиган келинлар эса шундай дейишди: “Қайнонам ишлайди. Унинг ўз ҳаёти бор. Шунинг учун бизнинг ҳаётимизга кўп аралашавермайди. Хизматини жойига қўйсам бўлди”, – дейишди ўз қайнонасидан норози бўлмаган келинлар.

  1. Қайнонамга бахт тилайман

Келинларнинг фикрича, агар қайнона турмуш ўртоғи билан бахтли ҳаёт кечирса, келинларини қийноққа солишга вақт топа олмайди. Бундай аёл ғамхўрлигини умр йўлдошига йўналтиради ва беҳуда машғулотларга вақт сарфламайман. Шунинг учун аксарият келинлар қайнонасига бахт тилашни афзал кўришди.

  1. Муносабатларимизга аралашавермасин

Ҳар бир ишда меъёр бор. Бўлар-бўлмасга муносабатларимизга аралашавермасин. Маслаҳатлари керак жойда биз албатта хабар берамиз. Бу фикрни қайнона ёзган сценарий асосида яшаётган келинлар билдирган. Бизнинг ҳам фикримизин инобатга олсин, дейишмоқда улар.

  1. Зиддиятларда келини томонда бўлсин

Қайнона бежиз она, ойи дейилмайди. Келинлар қайнона тимсолида ўз онасидай бўлган аёлни кўришни истайди. Наҳотки ўғлининг бошини силаган қайнона келинининг ҳам бошини силай олмайди. Зиддиятларда эса келини томонида бўладиган қайноналар келинлар орзуси. Мукаммал қайнона – бу келинини қизидай кўрадиган аёл. “Беш ўғилли оилага келин бўлиб тушганман. Қайнонамнинг қиз фарзандлари бўлмагани боис, биз келинларни қиздай кўрардилар. Ойижонимиз оламдан ўтганларида, ҳеч қайси келини қизидан кам куюнмади”, – дейди келинлардан бири.

  1. Муваффақиятда қувонади, қийин дамда қўллайди

«Ҳаётда танқидлардан тўйиб кетганмиз. Қаерга қарамайлик, келинларнинг айбини излашга ҳаракат қилишади. Ҳеч бўлмаса, бизларни яхши биладиган қайнонамиз қўлласин. Муваффақиятларимиздан қувонсин, қийин дамларда ширин сўзини аямасин”, – дейишмоқда қайнонасига меҳр бера олган келинлар.

  1. Невараларини яхши кўрсин

Қайнона невараларини тарбия қилгани яхши, қари билганини пари билмас, дейишади. Лекин невараларнинг ҳаётига ҳам аралашавериш ярамайди. “Фарзандларимиз учун она эмас, балки буви бўлишсин”, – дейишди бир овоздан келинлар. Чиндан ҳам баъзи қайноналар ўғлига бера олмаган тарбиясини неварасига беришни истайди. Бу борада неварасининг ҳам ўз ота-онаси борлигини эсда тутиши керак.

  1. Мазали таомлар тайёрласин

Қўли ширин қайнонанинг келини ҳам пазанда бўлади. Деярли барча келинлар таом тайёрлаш санъатини қайнона уйида ўрганади. Демакки, келин ширин таомларни пишириши учун, аввало қайнонанинг ўзи моҳир ошпаз бўлиши керак.