ЭРИМНИНГ МЕҲРИНИ ҚАЙТА ҚОЗОНМОҚЧИМАН: 8 МАСЛАҲАТ

Турмуш ўртоғингизнинг сиздан тобора совиб бораётганини, орангиздаги масофа узоқлашаётганини сезяпсизми? Демак, никоҳимиз ўз якунига етибди, деб хулоса қилишга ошиқманг. Бу каби оилавий муаммони ечишнинг иложиси бор — энг муҳими, сабаб ва оқибатларини тарозига солиб, зарур қадамларни ташлаш талаб этилади.

1. ФИКРЛАРИНГИЗНИ ТАРТИБГА СОЛИНГ

Нима содир бўлди, нега турмуш ўртоғингиз сизга нисбатан бефарқ, муҳаббати сўнган? Бунга сабаб нима? Ушбу вазиятни ўнглашнинг иложиси борми? Жуфтингиз билан очиқ мулоқотни бошлашдан олдин мана шу саволларга жавоб топиш керак.

2. СУҲБАТНИ ОРТГА СУРМАНГ

Эрим мендан кўнгли совиди, деган тахминга бораётган бўлсангиз, бу фикрларга бефарқ бўлманг, демак, бунга сабаб бор. Турмуш ўртоғингизнинг қайсидир ҳаракатлари сизни хафа қилган бўлса ҳам, дарров асабийлашманг, уни айблашдан сақланинг. Неки ҳиссиётларингиз бўлса, ростгўйлик ва очиқлик билан жуфтингизга сўзлаб беринг, шунда эркак киши гапларингизда ҳақиқат борлигига ишонч ҳосил қилади ва ўз ҳиссиётларини ҳам ошкор этиши мумкин. Агар у хавотирларингиз асоссиз эканини айтиб, бунга ишонтира олса, демак, муаммонгиз иккинчи қадамдаёқ ҳал бўлади.

3. УНГА ВАҚТ БЕРИНГ

Муаммо барибир аримаса, кейинги қадам бироз танаффус бериш бўлади. Суҳбат давомида хулосалар қилгандирсиз, умумий қарор чиқаргандирсиз. Энди бу фикрларни “ҳазм қилиш” керак, оилавий ҳаётнинг баъзи ўзгаришларига ўрганиш талаб этилар балки, ҳаммасини вақтга қўйиб беринг.

Масалан, агар эрингиз кучли муҳаббатингиз олдида ўзини асир деб билса, унга эркинлик керак. Дўстлари билан учрашсин, ўзи билан ёлғиз қолсин. Бу мувозанатни сақлаш жуда муҳим, зеро, эркак киши учун ички эркинлик ҳисси муҳим.

4. ШАХСИЙ ЧЕГАРАЛАРНИ БЕЛГИЛАБ ОЛИНГ

Жуфтликлар орасидаги келишмовчиликлар сабаб муҳаббат бироз сўниши ҳеч гап эмас. Айниқса, эркак кишининг шахсий чегараларига кўп аралашавериш, ундаги меҳр-муҳаббат ҳиссининг камайиб боришига сабаб бўлади. Баъзи эркакларга илмоқли гаплар ёки устидан кулишлари ёқмаслиги мумкин. Худди шундай натижа аёл кишига нисбатан муносабатларда ҳам кузатилади. Натижада оиладаги муносабатларга путур етади.

5. МУҲАББАТ ТИЛИНИ ЎРГАНИНГ

Эркак муҳаббатининг сўнишига яна аёл томонидан билдирилган меҳр ва эътиборнинг танқислиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Қалбан ва жисмонан яқинлик, эркалашлар, чиройли сўзлар, буларнинг ҳаммаси муҳаббат ифодаларидир. Жуфтингиз билан гаплашиб кўринг, унга айнан нима етишмаяпти. Шунга қараб аҳволни яхши томонга буриш осонроқ бўлади.

6. БИРГА КЎПРОҚ ВАҚТ ЎТКАЗИНГ

Ҳар қандай муносабатларда ўртача меъёрни сақлаб туриш маъқул. Ҳаёт ранг-баранг бўлмаса, икки қарама-қарши жинсли инсонлар бир-биридан тез зерикиб қолишади. Шунингдек, улар куну-тун доим ёнма-ён бўлишлари ҳам шарт эмас. Шунинг билан бирга кўпроқ алоҳида яшаш ҳам ярамайди. Ҳеч бўлмаса, дам олиш кунларини бирга ўтказинг. Сайр қилинг, саёҳатга чиқинг. Ҳафта якунларини бирга муҳокама қилинг, режалар тузинг. Бегим кунлари эса ҳеч бўлмаса кечки пайт жуфтингизга вақт ажратинг. Унинг муммоларини тингланг, машғулотларига қизиқиш билдиринг. Энг муҳими, интим ҳаётни ҳеч қачон унутманг.

7. ТУРМУШ ЎРТОҒИНГИЗНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ

Умр йўлдошингиз қандай ҳаёт кечиряпти, кузатинг: балки ишида муаммолари бордир, нимадандир азият чекаётгандир. Ҳадеб савол беришдан ҳам тийилинг, унинг кундалик турмушини эътибордан четда қолдирманг. Балки илгаригидай меҳр кўрсатишга кучи қолмагандир.

Турмуш ўртоғингизни тушунишга ҳаракат қилинг, ортиқча нарсани талаб қилманг. Мураккаб вазиятда севимли инсонингизни қўлланг, унга ҳар қандай вақтда ёрдам беришга шайлигингизни тушунтиринг. Бу гапларингиз бир кун келиб албатта, меҳр-муҳаббат билан ўзингизга қайтиб келади.

8. ЖИПСЛАШИНГ

Бир жамоага айланинг: жипслик ҳисси муносабатларнинг муҳим қисми. Агар оилангизда ишончсизлик, тушунмовчилик бўлса, аҳил жамоани тузиб бўлмайди. Очиқ бўлинг, ҳақиқатни гапиринг. Ниқоблар эртами-кечми барибир ечилади. Балки муаммо айнан муносабатлардаги сохталик ва ёлғондадир.

Юқоридаги тавсияларга амал қилиш орқали, муаммони аниқлайсиз, ўзингиз ва турмуш ўртоғингиз ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўласиз, ҳаётингизни бир тарозидан ўтказиб кўрасиз ва муносабатларингизни яхши томонга ўзгартиришга эришасиз. Биз эса шунга умид қиламиз.  

Манба: https://www.psychologies.ru