Бузғунчи рашк: ундан қутулишнинг 5 йўли

Кўпчилик рашкка ҳақиқий муҳаббат белгиси сифатида қарайди. Рашк қиладими, демак, жуфтига бефарқ эмас. Аммо мутлақ назорат, ишончсизлик, беҳисоб сўровлар бу патология бўлиб, ҳар қандай муносабатлардаги ҳаловатни йўқотади. Хўш, рашк қаердан келиб чиқади ва унга қарши қандай кураш олиб бориш керак?
Аёллар ва эркалар рашки орасида фарқ борми?
Одатда эркаклар кўпроқ рашкка мойил бўлади. Уларда “аёлим фақат меники бўлиши керак” деган туйғу кучлироқ ривожланади. Аёлларда эса бу туйғу бироз камроқ. Улар эркагидан эътиборни талаб қилади ва рашк ҳам шу туфайли келиб чиқади.
Рашк нима?
Рашк — бу жуфтимизни йўқотишдан қўрқиш ҳисси. Рашкчи инсоннинг фикру хаёлида номаълум объект ҳақидаги ўйлар чарх уради. Бу каби хаёллар хавфли, айниқса, рашк асоссиз бўлса.
Ассосиз рашк — бу бевосита назорат билан боғлиқ ҳаракат. Агар инсон ўзига нисбатан шубҳаланса, яъни ўзини етарли даражада яхши деб ҳисобламаса, хунукман деса, салбий одатлари кўплигини билса, у рашк орқали яқин инсонини назоратга олишга ҳаракат қилади. Одатда бундай одамлар жуфтининг барча нарсаларини ўз текшируви остига олади ва бунинг учун умуман уялмайди. Улар қўрқувлари ва шубҳаларига доим тасдиқ излайди, чунки ич-ичидан ишонч деган туйғуси бўлмайди. Барча муносабатлардан айб қидиради, жанжал кўтаради, атрофдагиларнинг дилини хира қилади.
Рашк сабаблари
1. Ўзига паст баҳо бериш
Бу рашк учун мисоли пойдевор. Айнан шу пойдевор устига патологик ишонччизлик ҳамда назорат деворлари қурилади. Агар инсон ўз ёмонлигини билса-ю, атрофда ундан яхшироқ инсонлар пайдо бўлса, бу рашк ва зиддият учун асос бўлади.
Масалан, аёл ортиқча вазндан азият чекса, турмуш ўртоғининг атрофида юрган қомати келишган аёлларга нисбатан рашки уйғонади. Мабодо эркак кишининг бўйи пастроқ бўлса, бўйи узун эркакларнинг барчаси унинг рашк объектига айланади.
2. Жуфтини шахсий мулкига қиёслаш
Баъзи шахслар жуфтини шахсий мулки деб ўйлайди. Унинг устига барча ҳодисаларни ўз фикр доираси билан ўлчайди. Масалан, ўзи ёлғон гапиришга мойил бўлгани учун, жуфтини ҳам ёлғон гапиряпти, деган шубҳа билан яшайди.
3. Болаликдан қолган одатлар
Мисол учун, қиз бола онасининг “ҳамма эркаклар айлдайди, ҳиёнат қилади” деган гаплари асосида улғайган бўлса, унинг эркакларга нисбатан ишончи буткул йўқолади. Ҳатто эркак ҳиёнат кўчасига кирмаса ҳам, бу каби аёллар рашк учун доим баҳона топади. Нимадан қўрқсак, шу келади, деганларидай, баъзи ҳолатларда ортиқча рашк ва жанжаллар чинданда ҳиёнат томон етаклайди.
Рашкни енгиш йўллари
Рашкингизни тарозига солиб кўринг. Унинг учун ҳақиқий асос борми ёки бу ўзингизга нисбатан паст баҳоингиз ёки қандайдир айбларингиз учун баҳонами?! Агар патологик рашкингизга ҳеч қандай сабаб топа олмасангиз, қуйидаги кўрсатмаларни бажариб кўринг:
1. Рашк туйғусини ҳайдаб солинг
Истасангиз йиғланг, бақиринг, рақсга тушинг, кулинг, энг муҳими уни енгишга ҳаракат қилинг. Мақсадингиз уни қалбингиздан чиқариб ташлаш бўлсин.
2. Жуфтингиз билан очиқчасига гаплашиб олинг
Бу мавзу ҳақида гапиришдан қўрқманг. Сизни нима хавотирга соляпти, рашкингизни нима қўзғатяпти. Яширманг. Агар жуфтингиз учун қадрли бўлсангиз, у сизга асоссиз рашкни енгишга ёрдам беради. Мабодо асос бўлса, муаммо ўртада ҳал этиш керак.
3. «Агент 007» бўлманг
Жуфтингиз учун қанчалик сирли бўлсангиз, рашк учун мавзулар шунчалик кўп бўлаверади. Яширяпсизми, демак, шубҳага сабаб топиб беряпсиз.
4. Ўз устингизда ишланг
Ўзингизга берадиган баҳоингизни кўтаринг. Ақлни чархланг, спорт билан шуғулланинг. Ички уйғунликка эришинг.
5. Фикрларингизни тартибга келтиринг
Жуфтингиз эътиборини бошқа нарсага чалғитинг. Машғулот топинг, салбий фикрлардан узоқлашинг.
Муҳими, бахтсиз бўлиб қолмасингиздан олдин, асоссиз рашк устида ўз вақтида ишлашни бошланг.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди