(https://telegra.ph/file/1821f9ba8126aae47b88c.jpg)Болани қарашлари бузуқ бўлган одамлардан қандай ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида бизга кўплаб саволлар йўллашади. Зўравонлик мавзусини эмас, балки тана ҳақида гаплашишни уч ёки тўрт ёшдан бошлаб муҳокама қилиш керак. Оддий саволлардан бошланг. Жинсий зўравонлик ҳақида эмас, балки ўз танасини ҳурмат қилиш ҳақида гапиринг. Фарзандингизга бошқа одамнинг унга тегишга ҳаққи йўқлиги, ҳар ким ўз танасига фақат ўзи масъуллигини тушунтиринг.
Болага чегаралар ҳақида тушунча берсак, ишимиз анча осонлашади. Болага шундай десангиз бўлади: «Сенинг рухсатингсиз бошқа бир одам сенга ҳеч нарса қилиши мумкин эмас», «Кимдир чегарадан ўтиб, сенга ёқмайдиган ҳаракатлар қилса, бу ҳақида ота-онанг ёки бошқа катталарга айтиш керак».
Дарҳол «педофил», «зўравон», «маньяк» каби тушунчаларни бериш шарт эмас. Акс ҳолда бола буни ўз фойдасига ҳам ишлатиши мумкин. Болалар янги сўзни эшитиб, унинг моҳиятини тушунмасдан уйга «олиб келадиган» ҳолатлар кўп учрайди. Болани бу олам – хавфли ва жирканч бир жой эканлигига йўналтирманг, яхшиси чегараларни аниқ қўйиш ва ўз баданини ҳурмат қилишни ўргатинг.
Бегоналар борасида «Мен сизни танимайман, сиз билан ҳеч қаерга бормайман» ибораси қўлланилсин. Бу барча нотанишларга тегишли эканини уқтиринг. Қандай ҳолат бўлмасин – болага машина тагидан мушукчани чиқариб олишни илтимос қилишяптими, ширинлик таклиф қилишяптими, қари инсонни уйга кузатишни сўрашяптими – бу тактикамиз ўзгармайди. Бегонами – мумкин эмас!
Иккинчи қоида: болага тегиниб, уни қаергадир олиб кетишаётган бўлса, бор овозда бақириб, тепиб, тишлаш керак. Қўрқмаслик ва уялмаслик – ноқулай вазиятга тушиш зўравонлик қурбони бўлишдан минг марта афзал.
❌Танишлар билан мулоқотда эса бола ўз баданининг даҳлсизлиги ҳақида унутмаслиги керак. Ҳеч кимга, ҳатто яқин қариндошларга ҳам ёқимсиз ишлар қилиш, қўлини югуртириш, тегиниш, ечинтириш, суратга олишга РУХСАТ БЕРМАСЛИК.
Болангизга аниқ тушунтиринг, у бошқа одамлар борасидаги энг кичик шубҳалар ва ёқимсиз ҳолатлар ҳақида гапириб бериши мумкин – сиз доимо уни тинглашга тайёрсиз ва тушунасиз. Боланинг сизга тушунарсиз ҳис -туйғулари ва фикрлари ҳақида айтиб беришдан тортинмаслиги муҳим.