Ҳайз ва бошқа “тақиқланган” мавзулар: улар ҳақида очиқ гапириш керакми?

Аёллар кўп ҳолларда табиий жараёнлар учун ўзларини оқлаши ёки айбдор ҳис қилишига тўғри келади. Атрофдагиларнинг тушунмаслиги эса янада кўпроқ асабийлашишга сабаб бўлади ва психологик муаммоларни келтириб чиқаради. Бу омиллар ҳаёт сифатига кучли таъсир ўтказади. Хўш, бундай вазиятни ўзгартириш мумкинми? Аёллар физиологияси мавзусини яшириш керак эмас, балки иложи борича кўпроқ ва очиқроқ гапириш лозим.
Раъно, 31 ёш:
Илк бор ҳайз кўрганимда, 11 ёшда эдим. Бу ҳодиса мен учун кутилмаганда рўй берган. Сабаби онам бу ҳақда умуман маълумот бермаган, синфдош қизлар эса ўзим каби нўноқ бўлишган. Аввалига жуда қўрқиб кетганман, бир кунча онамдан яширганман, лекин кейин айтишга мажбур бўлганман. Чунки ҳеч нарсани эплолмай қолганман. Шундан кейингина онам қиз болада ҳайз келиши ҳақида тўлиқ тушунтириб берган. Ўз танамда ҳис қилганим учун, оналардан илтимос қилардим, қизларингизга иложи борича эртароқ тушунтириб беринг. Сезишимча, охирги йилларда қизларда эртароқ ёшда ҳайз бошланяпти. Оналар сергак бўлишлари керак. Ошқозон, қўл-оёқлар ҳақида гапирганда кулмаймиз-ку, тўғрими? Хўш, унда нега бошқа табиий жараёнлар ҳақида сўзлашдан уялишимиз керак?
Малоҳат опа, 50 ёш
Ўзим улғайган оиламда жинсий тарбия ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмасди. Бу мавзулар жуда уят ҳисобланарди. Турмушга чиқишдан олдин ҳеч нимани билмаганман. Оилали бўлгач ҳам, турмуш ўртоғимга ҳайз кунларим ҳақида гапиришдан уялардим. Эримнинг барча истакларини бажаришим шарт, деган тушунча билан яшаганман. Ҳар ҳолда онам доим шу гапни уқтирган. Шу тариқа қирқ бешга ҳам кириб қолибман. Бир куни Инстаграм тармоғида бир психологнинг саҳифасига дуч келдим. Унда аёлнинг ҳам ўз истаклари бўлиши, уларни эркак ҳурмат қилиши кераклиги ҳақида ёзилганди. Ана ўшанда кўзларим очилди, қизимга бошқача тарбия беришни бошладим. Ҳайз айб эмаслигини, аёл кишининг ўз хоҳиши бўлиши табиийлигини уқтирдим. Менимча, ёмон йўл тутганим йўқ. Афсуски, оилаларимизда жинсий тарбия ҳамон тақиқланган мавзу бўлиб қолмоқда.
“Тақиқланган” мавзу ҳақида очиқ гапириш қандай муаммоларга жавоб топади?
Стресс даражаси камаяди
Агар жамият ҳайз, туғруқ, кўкрак билан эмизиш каби табиий жараёнларга оддий кўз билан қараганда, аёл-қизлар ўзларини янада бахтиёрроқ ҳис қилишарди. Ўғил болаларни тарбия қилаётганда, “аёлларнинг иши” деб эмас, балки табиий жараён сифатида тушунтириш берилса, улар келгусида ўз жуфтларини кўпроқ эъзозлайдилар.
Аёл фақат туғиш учун яралмаган
Жинсий тарбия тўғри йўлга қўйилса, қизларнинг оилага мослашиши, жуфти билан интим муносабатлари, бахт ҳиссини туйиши осонлашади. Аёлнинг роли фақат туғиш эмас, у эркак сингари жинсий ҳаётдан мамнунлик олишга ҳақли.
Ҳис-туйғуларни ифода этиш
Бахт шартларидан бири, бу икки инсоннинг ҳис-туйғуларни очиқ гапира олишидир. Ҳайз вақтидаги оғриқдан шифокорга шикоят қилиб бориш уят эмас, дорихонага кириб ҳайз учун прокладка сўрашдан андиша қилишга ҳожат йўқ, турмуш ўртоқ билан интим муносабатлар ҳақида гаплашиш керак.
Агар ҳар бир аёл ўзидан уялмаса, хоҳишларини бемалол ифодалай олса, ўзи учун янги билим ва тажрибаларга эга бўлса, унинг бахтга эриши имкониятлари ортади.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди