Орамизда муносабатларнинг бузилиши оқибатида айрилиқ азобида қолганлар топилса керак. Унинг ташаббускори ким бўлишидан қатъий назар, айрилиқ юракда доғ қолдиради, бундай пайтда дунё кўзимизга қоронғу кўринади, ҳеч нарсанинг қизиғи қолмайди ва шифтга термулиб ётаверишдан нари бормаймиз. Хўш, ҳаётга бўлган қизиқишни қандай қилиб қайтариш мумкин, айрилиқни-чи, уни енгиб бўладими?
Кимдир учун севиш бу ҳақиқий бахт, муҳаббат орқали у ҳаётда мамнун яшайди, олға интилади. Лекин ҳаёт бир текисда кетмайди ва айрилиқ исталган инсоннинг бошига тушиши мумкин. Шунинг учун айрилиқдан халос бўлиш йўлларини ўрганиб олиш керак.
Биринчидан, қанчалик оғир бўлмасин, ҳиссиётларингизни жиловламанг. Майли йиғланг, афсус чекинг, ўзингизга раҳм қилинг — дарз кетган муносабатлар ҳақида ўйланг. Жаҳлингиз чиқсин, нафратни ҳис қилинг. Биз кўпинча бир нарсани ҳис қилишдан қўрқамиз, чунки ҳиссиётлар билан ҳаракатларни ажратишни билмаймиз, жаҳлимиз чиқса, дарров қўлларимиз ҳаракатга келади. Аммо ҳиссиётларни ҳаракатлардан ажратиб олса бўлади. Шундай экан, ҳисларимиз ичимизда қолиб кетмасин, тушкунлик шундан келиб чиқади. Энг муҳими, қадрингизни туширманг, қадриятларингиздан воз кечманг.
Балки аҳволингизни кўрган собиқ севгилингиз сизга раҳми келиб, муносабатларни тиклашга ҳаракат қилар. Аммо таклиф қанчалик чиройли кўринмасин, сиз ўйлаб иш қилинг. Яъни муносабатларингиз айрилиқ босқичига етдими, демак, жиддий сабаблар бўлган. Шунинг учун ҳозирги вақт учун сизга энг моси ёлғизлик бўлади. Балки орадан вақт ўтиб, муносабатлар тикланар ҳам, аммо унгача икки томон ҳам яхшилаб ўйлаб, ҳамма нарсани тарозига солиб кўриши керак. Баъзида масофа ҳам муҳим ўрин тутиши мумкин. Агар муносабатларнинг дарз кетишида йигит айбдор бўлса, вазиятни тўғрилашга интилиш орқали у “мен ёмон инсон эмасман” дегиси келади. Бу инсоннинг руҳиятида бор хислат. Ҳар қандай шароитда шошмай йўл тутиш керак. Қалбдаги дардни бироз енгиллатиш учун ҳаётда бошқа машғулотларни излаб кўриш лозим. Масалан, нимага қизиқсангиз, ўша машғулот билан шуғулланинг.
Одатда биз хаёлимиздаги тимсолни севамиз
Инсон дард чекиб турган пайтда тўғри қарор қабул қила олмайди, шунинг учун жиддий қарорлар учун бошқа пайт топганингиз маъқул. Гарчи бу сизга керак эмасдек туюлса-да, дўстлар даврасига ошиқинг. Улар сизга руҳан далда беришади, кайфиятингизни кўтаришади. Дўстларингиз сизга четдан туриб баҳо бериши мумкин, уларнинг баҳоси эса ҳақиқатга яқин бўлади.
Айрилиқ вақтида сиз учун биринчи ўринда оғриқ ва қайғу бўлса-да, ушбу даврда бўлиб ўтган ҳодисаларни таҳлил қилишга уриниб кўринг. Ҳадеб хафалик туйғусига суянавермасдан, соғлом ақлни ишга солинг. Айнан таҳлил сизни тўғри йўлга етаклайди ва қайта хатога йўл қўйишдан сақлаб қолади. Биласизми, биз кўпроқ инсоннинг ўзини эмас, балки хаёлимизда яратган тимсолни яхши кўрамиз. Шунинг учун муносабатларимизда қўядиган талабларимиз ҳам бошқача бўлади. Аслида эса ёнимиздаги одамни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишни ўрганишимиз керак.
Баъзида эса муносабатларимизни ота-оналаримиз саҳналаштириб беради. Ёки кимгадир ниманидир исботлаш учун ҳаракат қиламиз. Мана шу ортиқча омилларни четга суриб, фақат ёлғиз ҳиссиёт билан қолганингизда, кўп нарса ойдинлашади. Асл ҳиссиётингиз, ўтган кунларингиз, хаёлингиздаги мақсадларингизни алоҳида кўриб чиққанингизда, ҳақиқатга етиш осонлашади. Шундай экан, ҳеч қачон соғлом фикрни йўқотманг.