ҲАЁТИНГИЗНИ БУГУНДАН ЯХШИЛАНГ

Ҳаётдан 100% мамнун одамнинг ўзи йўқ. Қайсидир дақиқада “ҳаётим ортга қайтса, бошқача яшаган бўлардим” деган хаёлга борамиз. Мақсадларимизни бошқача йўл билан амалга оширишни истаймиз ёки лойиҳаларимизни мутлақо ўзга усулда татбиқ қилгимиз келади. Лекин ҳар қандай дамда “қайта янгиланиш” имкони бор. Буни ҳозироқ бошлашингиз мумкин.

1. Атрофдан келадиган салбий таъсирни “ўчириб қўйинг”
Доим ҳаётидан нолиб юрадиган одамларни кўрамиз. Тақдир чиндан ҳам бешафқат бўлиб, қийналиб умр кечириш бошқа, лекин шунчаки ҳеч нарсага қувонмайдиган инсонларнинг борлиги ҳам ҳақиқат. Агар атрофингизда шундай шахслар бўлса, унга ҳаётда шукр қилиб яшашга, ҳар бир қадамидан мамнун бўлишга ўргатинг. Мабодо ҳеч ўзгара олмаса, ундан зудлик билан узоқлашинг.

2. Орзуларингизни ёзиб юринг
Гоҳида шовқин-сурон ҳаётимиз бизни шунчалик ўз домига тортадики, ниятларимиз ва орзуларимизни унутиб қўямиз. Оқимга қўшилиб, аслида нимани хоҳлашимизни билмаймиз. Лекин орзуларда куч катта. Улар бизни руҳлантириб, қалбимизга ишонч олиб киради. Мана шу қувончга эга бўлиб туриш учун эса, асл орзуларингизни ўз вақтида қоғозга тушириб туринг.

3. Ҳаётни ижобий ҳиссиётларга тўлдиринг
Инсон қанчалик кўп қувончли дамларни ҳис қилса, у шунчалик яхшироқ яшайверади. Фақат қайси дақиқада айнан қандай ҳиссиёт сизга кераклигини аниқлаштириб олинг. Масалан, кимгадир рақс завқи, кимгадир сурат чизиш, бошқага ҳордиқ онлари ёки саёҳат зарур бўлар. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳаётни ёрқин рангларга тўлдиришни унутманг.

4. Оёғингиз ерда бўлсин
Ҳаётимизнинг катта қисмини булутларда учиб ўтказамиз. Бунинг ўрнига ҳақиқий вазият ҳақида кўпроқ фикрлашимиз керак. Акс ҳолда беҳуда орзулар бизларни ҳаётдан йироқлаштириб, хаёлпараст қилиб қўяди. Хаёллар ҳам керак, лекин уларга ўта даражада берилиб кетиш ярамайди. Шунинг учун ҳаётингизда мувозанатни ушлай билинг.

5. Қалб ва тана уйғунлигини унутманг
Танамиз бизни ҳеч қачон алдамайди. Шунинг учун у бераётган белгиларга қулоқ тутишга ўрганинг. Танамизни тўғри бошқариш учун салбий одатлардан воз кечинг. Қачонки тана чиниқадиган бўлса, қалбингиз ҳам хотиржам блади. Бежиз соғлом танда соғ ақл, деб айтишмайди. Психологлар бу ҳолатга тана донишмандлиги деб сифат беради.

Ҳаётимиз бир жойда тўхтаб турмайди. Унда мудом ўзгаришлар рўй беради. Салоҳиятингизни ушбу ўзгаришларга қараб мослашни истасангиз, ҳиссиётлар ва мақсадларингизни эзгулик томон буринг. Энг муҳими, қадамни айнан бугун ташлашни бошланг.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди.