ҲАФАЛИКНИ ҚАНДАЙ ЕНГИШ МУМКИН?

Баъзида бор кучимиз билан, ўзимиздан кечиб бўлсада, бировнинг оғирини енгил қиламиз. Лекин шунга яраша муносиб жавоб олмаймиз, натижада хафа бўламиз.

Ҳурматимиз йўқолганда кўнглимиз оғрийди, бизларни унутиб қўйишса ичимиздан эзиламиз. Хафалик ҳисси шу тариқа бизларни эзиб бораверади. Психологлардан бири шундай деган эди, ҳаётда кимдандир хафа бўлсанг, бу албатта соғлиғингда ўз изини қолдиради. Масалан, яқин ака-ука, опа-сингилларидан қаттиқ хафа бўлган инсонларнинг жигарида муаммолар бўлар экан. Арзимас баҳоналарга берилмасдан, хафа бўлмасликнинг иложиси борми? Бизларни атайлаб хафа қилишадими ёки шундай туюладими?

Ҳаммамиз ўзимизни бенуқсон ва хокисор инсон деб тасаввур қиламиз. Бошқалардан ҳам худди шундай муносабатни кутамиз. Кутганимиз бўлмаганда эса бизларга вафо қилишмади, раҳмат айтишмади, фақат фойдаланишди, деган хаёллар пайдо бўлади. Ўзингизга диққат билан эътибор берингчи, балки бу ҳолат деярли ҳар куни такрорланар.

Гапираётганингизда кимдир кўзингизга қарамади, навбатда сиздан олдин ўтиб кетди, раҳбарингиз маърузангизни қайта ишлаш учун қайтариб берди, дўстингиз ёрдам бера олмади. Булар учун хафа бўлишдан олдин, ўзингизга ҳам саволлар беринг. Балки аввало ўзингиз ўзгаришингиз керакдир.
Хафа бўлишнинг энг кўп учрайдиган сабаблари

🔹Ташлаб кетишди (бошқалар чақирилган жойга сизни таклиф қилишмади).
🔸Унутишди (яқинларингиздан бири туғилган кунингиз билан табрикламади ёки эски танишингиз сизни танимади).
🔹Сезишмади (саломингизга алик олишмади, дўстингиз қайта қўнғироқ қилмади, ҳамкасбларингизга ғояларингиз ёқмади).
🔸Инкор қилишди (буюртмачи лойиҳангизни қайтариб берди, илтимосингизни рад этишди).
🔹Сизни муносиб баҳолашмади, қўполлик қилишди, узр сўрашмади.

👉Хафаликка хафа қилиш билан жавоб берманг
Психологлар бу хафаликларни нарцистик жароҳатлар деб аташади. Бундай ҳислар қуршовидаги одам қадри топталгандай бўлади. Хафа бўлишнинг асосий сабаби сифатида ҳурмат қилишмаяпти, қадрсизлантиришяпти, деган фикрлар олдинга чиқади.

Хафалик – организмнинг оддий жавоби бўлсада, хавфли оқибатларга эга. У онгимизни эгаллаб олади, қалб жароҳатларини очади. Уларга таслим бўлиш орқали, биз қайта ва қайта ютқазаверамиз. Баъзиларимиз ҳатто жавоб бераман деб, ўч олишга ҳаракат қиламиз: «Мени туғилган кунига таклиф қилмадими, уни Facebookда табрикламайман»; «Менга раҳмат ҳам демади, ёнидан сезмагандай ўтиб кетаман» дея.

Норозилик ўсиб бораверади ва сиз хафа қилган инсонни ёмон кўриб қоласиз ёки илмоқли гапларингиз билан сийлайсиз. Бу ҳаракатларингизга ҳам эътибор беравермаса, нақ душманга айланасиз. Натижада дўстлик ришталари узилади, оила эса бузилади. Ёшлар орасидаги душманлик муносабатларининг салбий ва хавфли оқибатлари ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Зеро олимларнинг айтишича, қотилликларнинг учдан икки қисми айнан хафалик ортидан юзага келган душманлик сабабли рўй берар экан.

👆Ҳафаликни енгишни ўрганинг
Хафалик вазиятига бошқа бир инсон кўзи билан қараб кўринг. Дўстингиз чиндан ҳам сизни хафа қилмоқчимиди ёки ҳодисани шунчаки нотўғри талқин қилдими? Оғриқли воқеани миянгизда айлантираверманг. Жаҳлингизни босинг, унинг оқибатларини ўйланг. Ўзингизга бўлган ишонч ва хотиржамликни қайтариш учун бошқа нарсаларга овунинг, табиатга чиқинг, чалғинг. Унутманг, ўзингизни ҳурмат қилиб қадрласангиз, сизни ҳеч ким хафа қилолмайди.

❗️Вазиятни тўғри баҳоланг. Хафаликларнинг кўпи айнан нотўғри талқин оқибатида келиб чиқади. Сизга эътибор беришмадими, балки ўша инсон шошиб тургандир, хаёлга берилгандир. Келгуси сафар мутлақо бошқача бўлар. Суҳбатдошингиз чиндан ҳам қўполлик қилсада, балки бунга яраша сабаби бордир: асабийлашиб тургандир ёки чиндан ҳам сизни ёмон кўрар. Билингки, ҳамма ҳам сизни яхши кўравериши шарт эмас.