Болаларнинг ёлғонларига нисбатан “нега” деган саволдан кўра, “нима учун” деган саволни қўйган маъқул. Бунга жавоб: кўпинча қандайдир эҳтиёжларини қондириш сабабли, чунки бу эҳтиёжлари бевосита қондирилмаган бўлади. Ўз Сояси билан тўқнаш келмаслик учун, яъни бошқа инсонларга кўрсатишни истамайдиган томонларини яшириш мақсадида, чунки бу жиҳатлари аёвсиз танқид қилинган ёки рад этилган бўлиши мумкин. Маълум бир қилиғи учун жазо, ноҳақ танқид, камситиш, зўравонликдан қочиш учун.
Яна болалар қуйидаги ҳолатларда ҳам алдашади:
– улар бурчакка қадалган, танлов имконияти йўқ, қатъий қоидалар қуршовида;
– атрофидаги катталар ёлғон ишлатишади;
– шунчаки хаёлот олами ўта ривожланган ва кўпчилик бу тасаввурларни ёлғонга чиқаради;
– уларни севиб эркалашлари учун шунчаки яхши бола бўлиб кўринишни исташади;
– катталарга суяниш мумкинлигини ҳис этмаган вазиятларда;
– атрофдагиларни асабийлаштирмаслик, безовта қилмаслик мақсадида.
Боланинг ёлғонига ота-оналар қандай муносабат билдириши керак?
Ёлғон — бу ҳар бир инсон учун кучли ҳаяжонни четлаб ўтиш, ўз фойдасини кўзлаш, шахсиятни сақлаб қолиш имкониятини берувчи табиий жараён. Агар ёлғон қонун ёки бировларнинг шахсий чегараларини бузмаса, унга симптом сифатида қараш керак. Мабодо қонунга зид ҳаракат қилинаётган бўлса, бу ҳақда болани огоҳлантириб, тўғри тушунтириш зарур. Айбини тан олиш, уни тўғирлаш, узр сўраш ва зарарни қоплаш кабиларга ўргатиш талаб этилади.
Ота-оналарнинг “бизга ҳақиқатни айтишга мажбурсан” деган гаплари нотўғри. Ота-онага ҳақиқатни айтиш — бу ўзаро ишончли муносабатларнинг табиий натижаси, аммо улар йўқ бўлса, нимани талаб қилсангиз ҳам бола барибир яширишга ҳаракат қилади. Бу вазиятда фақат ота-она айбдор ҳисобланади. Ота-онага ҳақиқатни айтиш — аслида бу хатонинг муносиб баҳоланиши, қўллаб-қувватлаш ва тўғри йўналишга буришни кутиш демакдир.
Уялтириш, таҳдидлар, зўравонлик — ёлғонга нисбатан энг нотўғри жавоб. Булар натижасида бола ота-онага ишончни йўқотади, яширишга, алдашга мажбур бўлади. Ёлғонни фош қилиш у ёқда қолиб, ота-она ўз ҳукмини ўтказа бошлайди, хатоларини англолмайди. Умуман олганда, ҳамма ҳам ҳақиқатгўй бўлишни уддалай олмайди. “Мураккаб вазиятга тушиб қолсанг, сенга ёрдам бериш учун ҳар доим ёнингда бўлишни хоҳлаймиз”, деган далда сўзлар болага ёрдам беради. Фақат бу гап фақат ваъда бўлиб қолиб кетмаслиги керак.
Манба: https://psy.su/feed/6280/