Гуруҳлардан бирида қўйилган постга кўзим тушди. Бир аёл эмизикли экани ва фарзанди 4-5 ёшга етгунча маълум муддат ҳомиладор бўлмоқчи эмаслигини айтиб, самарали сақланиш йўллари борасида маслаҳат сўраган.
Аёллар ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, сақловчи таблеткалар, БИС (бачадон ичи спирали) ёки ИЖК (Ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси)ни тавсия қилган. Кимдир спирал ҳам ёрдам бермаганини ёзган, кимдир ИЖК йўли билан бачадонни «боғлатиб» ҳам, бачадон ташқарисидаги (внематочная) ҳомиладорлик оқибатида ҳаёти хавф остида қолганини ёзган.
Яна кимдир спирал ёқмай, ҳайз циклига салбий таъсир кўрсатиши натижасида кўп қон кетишига олиб келаётганини, бошқа биров абортлар сабаб салкам яримжон бўлиб қолаётганини ёзган. Туғруқнинг ўзи аёл организми учун ярим кучини йўқотишга тенг босим дегани, айниқса, яқиндагина туққан аёл ҳали ўзини тиклаб улгурмай, яна ҳомиладор бўлиб қолса…
Менда савол туғилди: Сақланиш фақат аёлларга керакми? Эркаклар учун ҳам контрацептив воситалар бор-ку? Шундоқ ҳам, ҳомиладорлик, токсикозлар, туғруқ, эмизиш жараёни аёллар учун зўриқтирарли жараёнлар бўлса, изма-из келиб, уни ҳолдан тойдирса… Эркак бу жараёнларда аёлнинг ўрнига иштирок этолмаслиги тайин, ҳеч бўлмаса, сақланишда ташаббус кўрсатиб, контрацептив воситалардан фойдаланса, нима бўлади?
Эркаклар контрацепцияси билан қизиқиб кўрдим: презервативлар, сақловчи таблеткалар, кастрация. «Резинка»ларнинг самараси ўртача: ёрилиш ҳолатлари юз бериши мумкин экан. Ва баъзи аёллар бу воситадан фойдаланиш ёқимсиз эканини айтишган.
Таблеткалар ҳануз «синов ва такомиллаштирув жараёнида» бўлиб, айни пайтда мавжуд контрацептив воситаларни мунтазам қабул қилиш эркаклар соғлиғи учун зарарли экани ҳақда бир ТЎХТАМга келиб бўлинган экан. Кастрацияга эса, «ҳар қандай эркак рози бўлмаслиги» тайин, аммо, 100% кафолатли контрацепция воситаси шу экан.
Яна саволлар… Таблеткаларни такомиллаштириш устида бош қотиришса бўлмасмикин? Ахир, бошқа дори воситаларини аёллар организмидаги ўзига хосликлар ҳисобга олинмаган ҳолда ишлаб чиқараверишади-ку? Эркаклар учун ижобий натижа олинса бўлди-ку?
Ҳар қанча соғлиққа хавф-у босим бўлса, аёл кўтаради. Эркак бечора эса, 37.2°С иситмага ҳам аранг бардош беради-ку? Ахир, унга ҳамма дардларни зумда аритувчи – туғиш имкони берилмаган-ку?!
Баъзан, интернет текисликларида ўқиб қоламан, эридан зулм кўраётган аёл уч-тўртта боласи билан эрдан қочиб қаёққа бориш, қай эшикка сиғиши борасида маслаҳат сўраса, беш-олтита ақллини ёқволган ойимча «нега бу аёл золимдан шунча бола туққани» борасида тергов уюштиради. Ўша аёлга спирал/таблетка/ИЖК ҳам ёрдам бермагандир, абортга, ҳеч йўқ сақланиш воситаларига пул ёки рухсат бўлмагандир, деб ўйлаб кўришмайди. Ахир, бизда аёл Хорун ар-Рашиднинг ғазнасига тенг миқдорда пул топса ҳам, бу пул ундан тортиб олиниши, аёлнинг ўзи иқтисодий қарамга айлантирилиши одатий ҳолга айланиб қолган, эътибор беришга арзирмиди?
Туронлик Амазонка
___________________
@MatriArxey