Депрессия, ота-она ва тенгдошлар билан зиддиятлар, мураккаб имтиҳонлар, омадсиз севги… Кучли ҳиссиётлар ўсмирни даҳшатли қадам сари бошлаши мумкин. Хўш, хавотирли сигналларни англаш мумкинми? Фожеанинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Психологларнинг айтишича, аввало ўсмирнинг ҳаракатларини тўғри тушуниб олиш муҳим. Гоҳида у барча ишларини намойишкорона бажара бошлайди. Бу орқали ўсмир муаммолари ҳамда ўзига эътибор қаратишни истайди. Афсуски, кўп ҳолларда ўсмирлар жонига қасд қилишда чиндан ҳам умри якун топишини исташмайди, балки шунчаки катталарни қўрқитиб қўйишни вазифа қилиб олади. Яна бир варианти аффектив хулқ-атвор. Ўсмир режасиз, пала-партиш ҳаракат қилади. Хафалик ва асабийлик унга вазиятни аслича қабул қилишга ҳалақит қилади. Асл суицидал ҳаракатлар энг хавфлиси. Улар кўпинча ўлим ҳолатларига олиб боради. Бунда вояга етмаган қиз ёки ўғил ҳар бир ҳаракатини босқичма-босқич ўйлаб чиқади. Одатда яқинларига хат ёзиб қолдиради.
Вазият жиддийми?
Энг ёмони, суицид ҳолатлари ҳақида ўсмирнинг биронта яқини олдиндан билмайди. Аммо гаплари орасида “ҳаётдан чарчадим, жуда хафаман” дея пичинг қилиши ёки ўлим ҳақида кўпроқ ўйлаб қолиши мумкин. Шундай дамларда атрофдаги инсонлар эътиборлироқ бўлиш керак. Ҳар қандай ҳолатда, ўсмир суицид ҳақида гапирдими, бунга жиддий қараш лозим. Бунинг тагида ёрдамга муҳтожлик ётади. Аффектив суицидни олдини олиш жуда мушкул. Аммо унинг белгиларини олдиндан таниб олиш мумкин.
Ваҳима белгилари
Узоқ муддатли депрессия. Кайфият умуман яхши бўлмайди. Мулоқотдан қочади, асабий ва тушкун бўлиб қолади.
Ўзини намойишкорона тутади. Ўсмирга хос бўлмаган ҳар қандай ҳаракатини эътиборсиз қолдирманг. Балки бу орқали сизга муҳим хабарни етказишни истаётгандир.
Ижодий ишларида депрессив белгилар сезилади. Масалан, чизган расмларида ўлим, суицид каби ҳодисалар билан боғлиқ чизгилар бўлади.
Ҳаёт тарзи, қизиқишлари, имижини ўзгартирса. Ушбу ҳодисалар кескин рўй берган бўлса, бутун эътиборингизни қаратиб, ўсмир билан суҳбатлашинг. Унга бефарқ эмаслигингизни билдиринг.
Ҳиссиётларини жиловлай олмайди. Кайфияти кескин ўзгарувчан бўлиб қолади.
Ўсмир фарзандингиз билан унинг келажаги, машғулотлари, қизиқишлари, инсон сифатида шаклланиши ҳақида кўпроқ гаплашинг. Намунали шахслар ҳаётидан мисоллар келтиринг. Унга мотивация беринг. Мабодо мулоқотга киришавермаса, психолог мухатассисга мурожаат қилишга уялманг.
https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди