Азал-азалдан оиланинг боқувчиси эркак киши ҳисобланган. Мабодо эр хотинидан кам пул топса, жамиятда бунга ҳамон нуқсон сифатида қаралади. Ижтимоий фикр нафақат эркакка, балки аёлнинг ўзига ҳам таъсир қилади. Хўш, атрофдагиларнинг гап-сўзига эътибор бермай яшаш учун нима қилиш керак?
Анъаналаримизга кўра, бўлғуси куёвни топиш-тутишига қараб баҳолашади. Қанчалик уддабурон бўлса, унга нисбатан хайрихоҳлик ҳам кучли бўлади. Аммо оилавий муносабатлар ҳар доим ҳам моддият билан ўлчанармикан?
Оилани бежиз ғорга қиёслашмайди. Унга қанча сармоя киритсанг, шунча кам. Демак, сиз танлаётган эркак фақатгина пул топиши керак эмас, балки уни ақл билан сарфлай олиши лозим. Кейин инсоннинг такомиллашуви, ўз устида ишлаши каби хусусиятлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Майли келажакда пул ёмғирининг остида қолмасин, лекин камолотга етиб, сизни ва фарзандларингизни бахтли қила олсин. Зеро, бахтга миллион, миллиард сўм билан ҳам эришиш қийин.
Одамларга бирдек ёқишнинг иложиси йўқ
Оила эркаги яхши пул топса ҳам, даромад бобида аёли устун бўлса ҳам, ҳар икки ҳолатда элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Одамлар барибир гапиришади. Агар эрингиз сиздан камроқ маош олиб туриб, буни фожиага айлантирмаса, сиз ҳам бу масалага қаттиқ эътибор берманг. Ҳар доим эркакнинг ҳурматини жойига қўйинг. “Сизнинг топганингиз баракалироқ, ризқ йўналиши менга қараб кўпроқ кетяпти, чоғи”, – деган гаплар билан кўнглини кўтаринг. Жамият гап-сўзларига қараб асло ўзгарманг.
Қўшимча даромад сари руҳлантиринг
Аёл катта даромад кўрадиган хонадонларда ташаббус, янги ғоялар кўпроқ аёлдан чиқади. Эркак киши бироз суст бўлади. Шундай экан, тиниб-тинчимайдиган аёл ўз эркагини янги марраларни кўзлашга ундаши лозим. Бунинг учун умумий мақсадлар, яхши ниятлар, орзулар иш беради. Бирор мўлжални кўзланг ва унга етиш сари эрингизни ҳам тинч қўйманг. Фақатгина ҳақиқий ялқов бу чақириқларга “лаббай” деб жавоб бермаслиги мумкин. Шуни унутманг, топаётган пулингизни асло миннат қилишга одатланманг.
Эркакнинг ўзига берадиган баҳоси тушиб кетмасин
Мабодо шундай ҳолат рўй берадиган бўлса, сиз турмуш ўртоғингизнинг бор даромадидан айрилишингиз ҳам мумкин. Омад кўпроқ сиз томонда эканини секингина тушунтиринг. Бу вақтинчалик ҳолат эканига ишонтиринг. Ўзига бўлган ишончи йўқолмасин. Чунки оилада эркак ота ҳамдир. Унинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни чексиз. Тўғри тарбия бериш учун эса, инсоннинг руҳи тетик, ўзига ишончи баланд бўлиши керак. Камситиш сўзлари ва ҳаракатларидан тийилинг.
“Кўп топмай, мен ўлай”
Ростини айтганда, оилада эридан кўп пул топадиган аёлларга осон эмас. Баъзи оилаларда аёл кўпроқ даромад қилгани учун, рўзғорнинг бутун юки унинг елкасида бўлади. Ундан кўра, эркак омадлироқ бўлгани маъқул, деган хулосага келасиз. Гоҳида ҳар қандай айбсиз сўзингиз ҳам тескари қабул қилинади. Хуллас, пул топишда уддабурон аёл ҳамма нарсага тайёр туриши керак.
Олтин ўрталиқни топиш анчайин мушкул иш. Пул топган мен бўлсам, эрим кўнглимни олсин, уй ишларимни бажарсин, десангиз адашасиз. Эркак сизга ёрдамчи бўлиши мумкин, аммо ўрингизни босиши керак эмас. У ҳолда ролларингиз алмашиб, оилада соғлом муҳит бўлмайди. Оилам тинч, фарзандларим хотиржам, эр-хотин ўртасида кўнгилдагидай муносабат бўлсин, десангиз, юқоридаги маслаҳатларимизга қулоқ тутинг. Оила боқувчиси бўлиш билан бирга аёллик ўрнингизни сақлаб қолинг.
https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди