Сиз бир-бирингизни ҳаётингизнинг иккинчи ярмида учратиб қолдингиз. Хаёлингизда “унга ёқаманми, ташқи кўринишим манзур бўладими” деган хавотирлар ўтади. Хўш, биз нима учун ташқи кўринишга бунчалик эътибор берамиз? Севги-муҳаббат фақат ташқи гўзалликка боғлиқми?
Ташқи кўриниш фақат бирламчи тасаввур уйғотадиган омил, дея ҳисоблайди психологлар. Оиладаги бахт эса биргина унга боғлиқ эмас. Жуфтни ташқи кўринишига қараб танлаш истаги, бизда болаликдаги севимли қаҳрамонларимизга қиёсланади. Афсуски улар орасидаги фарқ катта бўлади. Яъни тасаввуримиздаги қаҳрамон ҳаётда доим ҳам учрайвермайди. Ташқи кўриниш томонлама мукаммал бўлган инсон оилада яхши умр йўлдош бўла олмаслиги ва аксинча бўлиши мумкин. Айниқса, ёши бироз ўтиб, ҳали оила қурмаган инсонлар ўзларини ёшроқ жинсдошлари билан солиштиради. Албатта бу таққослашдан кўнгил хира бўлади, тушкунлик ривожланади. Унинг устига ижтимоий тармоқлар, ОАВлар қўшилиб, одамнинг ўзига берадиган баҳоси пасаяди. Қўшимча хавотир бизларни бўлажак жуфтларимиздан узоқлаштиради.
Бир-биримизда нимани кўра олмаймиз?
«Беш фарзанддан кейин қорним чиқиб қолди, анча вазн олдим, оёғим сонлари хунуклашиб кетди, деб турмуш ўртоғимга нолиб қолдим, лекин умр йўлдошим мен севадиган биронта аъзоингни ёмонлама деди”, — дея хотирлайди интернет фойдаланувчиларидан бири. Бу каби аёлларнинг ҳолатини психологлар шундай таърифлайди: Биз танамизга ўз кўзимиз билан эмас, балки четдаги кўзлар билан қарашга одатланганмиз. Осилган қорнимни кўрса нима дейди, семизлигим хунук бўлиб кетган, дея ўзгаларнинг фикри ҳақида хавотир оламиз. Бу эса қадримиз тушишига сабаб бўлади. Ўзимиздан кўнглимиз тўлмайди. Жуфтимиз учун эса бу омиллар умуман аҳамиятли бўлмаслиги мумкин. У танангиздан ташқари, ҳисларингизни, муносабатингизни, феъл-атворингизни ҳам яхши кўради. Буни унутманг. Қолаверса, севгиси кучли инсон ташқи кўринишдаги камчиликларга эътибор бермайди. Энг муҳими, кўнгил қўйган инсонинг олдида ўзингни қулай ҳис этиш. Гоҳида аёл учун хавотирли омил, эркак учун умуман аҳамиятли бўлмайди. Психологлардан бири, шундай дейди: «Агар инсон ўзини хунук деб ҳисобласа, доим ўзидан кўнгли тўлмай юрса ва ўзига нисбатан шундай муносабатда бўлса, атрофдагилар ҳам унга худди шундай жавоб бера бошлайди».
Инсонлар орасида яна бир қоида бор. Сезган бўлсангиз, баъзи инсонлар ташқи кўринишини яхшилаш орқали, ҳаётини ўзгартиради. Масалан, баъзи бир аёллар 50 ёшдан кейин гўзаллашиб кетади. Улар куну тун гўзаллик салонларида ўтирмайди, балки ички мувозанатга эришади, ҳаётий қизиқишларини тиклайди ва севимли юмушларига шўнғийди. Бундай инсонлар қарама-қарши жинс вакилларини ўзига елимдай тортади.
Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлардаги гўзаллик ўлчовлари билан яшашни бас қилиш лозим. Ёшингиз нечада бўлишидан қатъий назар, аввало инсоннинг ички олами гўзали бўлиши кераклигини эсда тутинг. Ана шунда ташқи кўринишингиз ҳам нурли бўлади ва сиз ҳар қандай хавотирлардан халос бўласиз. Қолаверса яна бир ҳақиқатни унутманг. Худо сизни айнан шундай яратган ва бу сиз учун энг хайрлиси.
Манба: https://www.psychologies.ru/standpoint/telo-i-vozrast-kak-kompleksyi-prepyatstvuyut-novyim-otnosheniyam/