Ҳеч ўзингизни худди бир жойда тўхтаб қолгандай ҳис этганмисиз? Кунлар алмашаверади, сиз эса ҳеч мақсадингизга эришолмайсиз. Ёки шубҳа-гумон, қўрқувлар исканжасида юраверасиз. Бунинг сабабини ўтмишингиздан излашга тўғри келади.
Биз буни жароҳат деб атаймиз ва бу асло тасодиф эмас. Баъзи бир ҳодисалар ҳаётимизда руҳий жароҳатлар ва ёлғон тасаввурларни қолдиради, улар йиллаб бизни бошқаради, буни ҳатто сезмаймиз.
Ўтмиш чангалидан қутулишнинг 3 йўли
1️⃣ Нима рўй бераётганини аниқлаштириб олинг
Когнитив-хулқ-атвор терапияси ёрдам беради: бунда инсон ёлғон тасаввурларни аниқлаб, уни ўзгартиришни ўрганади. Натижада тўғри қадам ташлашга ўтиб, муаммони ҳал қилишга киришади.
Бу тахминан шундай кўринишда бўлади:
🔹 Юзингизга қандай ниқоб тақиб олгансиз, у сизга ҳалақит беряптими. Ушбу фикрлар бутун борлиғингизни қамраб олган: «Омма олдида гапиролмайман, чунки жуда уятчанман», «Буни қила олмайман, муҳокама қилишларидан қўрқаман», «Ота-онам розилиги учун мана шу ишга кирганман, лекин ўзимга унчалик ёқмайди», «Чиройли эмасман, бундан андиша қиламан», «Илҳом келмайди, ижодий ишларда нўноқман», «Бу ишни бажаришга тажрибам етмайди, яхшиси унга киришмайман».
🔹Сизни чекловчи қолипларни таҳлил қилишга уриниб кўринг. Сиз ишонаётган ҳодисалар ҳақиқатга мос келадими, бунга исботингиз борми? Қандайдир сифатлар чиндан ҳам сизга “сингиб кетганми” ёки уларни ўзгартиришнинг иложиси борми? Вазият умрингиз охиригача ўзгаришсиз қолиши аниқми? Муаммони ечиш йўлида бугун қандай қадам ташлай оласиз? Аввалига нимани хоҳлашингизни аниқ қилиб олинг, акс ҳолда тор доира ичида юраверасиз.
🔹 Қолипларингизни парчалай оладиган иш бажаринг. Асл истакларингиз сари дадил қадам ташланг. Шошманг, жуда кўп нарсани хоҳлаб юборманг, акс ҳолда биронтасини рўёбга чиқаролмайсиз.
2️⃣ Ўтмишингизни тинч қўйинг
Ҳеч кимнинг ўтмиши “мукаммал” ва мутлақо бахтли ўтмаган. Шундай экан, ўзингизга қатъият билан: ота-онам ёки қариндошларим каби тақдирга эга бўлишим шарт эмас, деган фикрни сингдиринг.
Болаликда кўп таҳқирланган ёки қийинчилик кўрган бўлсангизда, бу жароҳатлар кейинги ҳаётингизни заҳарлашига йўл қўйманг. Кимларнидир айблаш ёки кечириш шарт эмас, сиз шунчаки ҳаммасини қўйиб юборинг, унутинг. Ўз ҳаётингиз билан яшанг, қоидаларингизни жорий қилинг ва мақсадингиз сари дадил қадам ташланг. Ушбу йўналишда яшашни бошласангиз, ўтмишни унутиш осонроқ бўлади.
3️⃣ Ким бўлмоқчисиз?
Гап аниқ бир лавозим ёки касб ҳақида кетмаяпти, шунчаки бахтли бўлиш учун сизга нима керак: ижод, санъат, шахсий бизнес, дўстлик, муносабатлар, гўзаллик, ранглар, мусиқа, пуллар, тинчлик, озодлик…
Мақсадингизни аниқлаштириб олгач, бўлғуси тимсолингизни чизинг. Кейин ҳаракатни бошланг. Ишонинг: сиз бугунданоқ илк қадамни ташлай оласиз!
https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди