Бу болалар ўзларини бегонадай тутади, дўстлар билан танишувларга интилмайди, янги жойга қийин кўникади ва жуда камгап бўлади. Нима учун бундай? Ота-оналар нималарга эътибор бериши керак? Қачон мутахассисга мурожаат қилиш лозим?
Боланинг одамовилигини унинг ҳаракатларидан билиб олса бўлади: тенгдошларидан четлашади, умумий ўйинларга қўшилмайди ва ёлғизликни яхши кўради. Бундан ташқари у камгап, кам ҳаракатли бўлиб, ҳеч қачон ташаббусни ўз қўлига олмайди. Бунинг сабаблари кўп: оддий журъатсизликдан тортиб, тарбиягача, ҳатто руҳий жароҳатлар, руҳий касалликкача. Гоҳида ота-оналар одамовиликни уятчанлик ва қатъиятсизлик билан адаштириб қўяди. Шунинг учун чора кўришдан олдин вазиятга аниқлик киритиб олиш зарур.
Бир хилликни ёқтиради
Ҳаммамиз ҳар хилмиз: орамизда кучлилар, жасурлар, инжиқлар, нозиқлар ва эҳтиёткорлар бор. Бугун биз тилга олган индамас болакайларнинг эса олами ўзгача. Уларнинг фақат битта дўсти бўлади, битта кийимни яхши кўради, бир хил шароитдан чиққиси келмайди.
Шовқинли давраларда борлигиям билинмайди, уларнинг фаоллигини фақат оила даврасида кўриш мумкин. Оломон орасида тез чарчайди.
Унутманг!
Шошишнинг кераги йўқ
Боланинг истагини билишга ҳаракат қилинг ва унга ўзи қарор чиқариши учун ҳуқуқ беринг. Кўпинча болалар майдончасида оналар одамови боласини бошқа болалар жамоасига мажбурлаб қўшиб қўяди. Буни мажбуран қилишнинг кераги йўқ. Ундан кўра болани қизиқтиринг, тенгдошларининг ўйинчоқларини, ўйинларини кўрсатинг.
Болангизга шунчаки кўпроқ вақт керак. У дарров қўшилиб кета олмасада, секин-аста жамоага боради. Илк қадамни ташлаб беринг, фарзандингиз уни давом эттиради.
Эътиборлироқ бўлинг
Боланинг қизиқишларини инобатга олинг. У кўпроқ нимага эътибор беряпти? Бундай болаларга кўнглига ёқадиган ўз ишини топиш жуда муҳим. Айнан шу ишда улар ўзларини намоён қила олади.
Янги усулларни таклиф қилинг
Болангизнинг қизиқишларига қараб унга янги машғулотларни таклиф қилиб туринг. Синаб кўрсин. Қай бирини танлашни ўзи ҳал этади.
Мажбурламанг
Болангизнинг ишларига ҳар беш дақиқада аралашаверманг. Балки кутиб турсангиз унинг ўзи тенгдошлари даврасига бориб қўшилар. Гап шундаки, болани мажбурлаш унда акс жавобни келтириб чиқариши мумкин. Натижада “мен хоҳламайман” дея рад жавобни беришга ўрганиб қолади. Лекин баъзида унинг “йўқ” деган жавобини ҳам қабул қилинг.
Сабр-қаноат қилинг
Уятчан боланинг ички ҳиссиётлари кўп: ниманидир сезиб қолди, ичида ўзидан кечирди, тушуниб етди, қарор қилди. Бунинг ҳаммаси ички оламда рўй беради. Сиз эса ҳеч нимани сезмайсиз. Шунинг учун шошмасдан, қўшимча саволларни бериб туринг. Сенга нима ёқмаяпти, нимани хоҳлайсан, деганга ўхшаш.
Ҳамкорликда ишланг
Кел бирга бажарамиз, деган таклифни тез-тез билдириб туринг. Аввалига сиз билан бошлаган машғулотини у кейинчалик ўзи давом эттириши мумкин. Лекин унутманг машғулотнинг охиригача уни бошқаришингиз шарт эмас. Акс ҳолда мустақил ишлаш кўникмаси ривожланмайди.
Хатолари учун дакки берманг
Бола омадсизликка учраса, унинг учун ота-онасининг муносабати муҳим. Фарзандингизнинг хатосини тажриба сифатида қабул қилинг, асло муаммо сифатида эмас. Зеро хатолардан сабоқ олинади. Уришишнинг ўрнига хатосини секингина айтиб, болангизни қўлланг ва тинчлантиринг. Ана ундан кейин хатонинг сабаби ва оқибати, ечимини тушунтирасиз.
Одамови болани ҳаётда мослашишга ўргатиш осон эмас. Айниқса, ота-она тезкор натижаларни кутса. Аммо улғайиш узоқ муддатли жараён. Агар юқоридаги маслаҳатларимизга риоя қиладиган бўлсангиз, фарзандингиз очилади, қобилиятларини юзага чиқара бошлайди, қарорларини мустаҳкамлайди, ўзига ишончи ортади.
Қачон мутахассисга бориш керак?
Бола бирданига индамас бўлиб қолса, кайфияти тушиб кетаверса, одатий яшаш тарзидан четга чиқа бошласа. Балки бунга янги жойга кўчиш, яқин инсонини йўқотиш, катталар томонидан таъқибга олиниш кабилар сабаб бўлар. Бундай вазиятларда стресс доимий ҳолатга айланмаслиги учун ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун боланинг муаммосини ҳал қилиш шарт. Агар кўнглини топа олсангиз, бола ҳаммасини тушунтириб беради. Мабодо ҳар қандай йўл билан ҳам унга яқинлаша олмасангиз, мутахассис ёрдами керак бўлади.
Энг муҳими, болангиз билан ишлашда эринманг. Вақтида кузатиб юринг. Меҳр ва эътибор беришни, қўллаб-қувватлашни канда қилманг.
www.psychologies.ru сайти материаллари асосида тайёрланди.