Ичкиликка берилган одам гапирганингиз билан хеч нарсани тушунмайди, ўзини ичкиликка муккасидан кетганини тан олмайди, лекин ҳар куни ичади, ваъдалар беради, бошқа ичмаслигини қайта-қайта таъкидлайди, лекин ҳеч нарса ўзгармайди. Ундай инсонлар билан яшаш азоб, лекин нега улар билан яшаётганлар уларни ташлаб кета қолмайди? Нима учун деган саволга психолог Ирина Дибова ўз фикрини билдириб ўтди.
Ароқхўр эрни шунчаки ташлаб кетишнинг иложи йўқ, ташлаб кетсангиз унинг ҳоли яна ҳам ёмонлашади, бундай эрларни аёллари қўллаб-қувватлаб турганликлари учун ҳам уларнинг усти бут, қорни тўқ, хотинларининг қистови билан ҳам ишга бориб келади, муҳими, жамиятдан узилиб қолмайди.
Одатда аёллар уларни бу аҳволда ташлаб кетишни гуноҳ, деб билади, айниқса болалигида отаси ҳам ароқхўр бўлган бўлса-ю, қандай қийинчиликлар кўргани ва, энг асосийси, отаси қандай аҳволга тушганини эслаб ташлаб кетишга виждон йўл қўймайди. Агар эрини шу аҳволда ташлаб кетса-да, унга қаровчи ота-онаси, опа -сингиллари бўлса уни бир мунча виждон азобидан қутқарган бўлади.
Ароқхўрнинг масъулиятли хотини бўлиш ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, у шундай характер билан улғаяди, яъни, ароқхўр эрга масъулият билан ёндошган она сути билан бирга киради. Одатда шундай тарбия кўрган қизлар отасининг масъулиятини бўйнига олади, шу холатда улғайган қизлар яна бир маротаба ўзлари севган эркакни йўқотиб қўйишни хоҳламайди. Бир умр шу эрнинг дардида куйиб яшаса ҳам, ўзидан жаҳли чиқиб, ўзини койиса ҳам, бир пайтлар келиб шу эрни севиб турмуш қурганига афсусланса ҳам чидаб яшайверади.
Ҳам ичкиликка, ҳам аёлига бўлган муҳтожликдан чиқиб кетолмаган эр, агар хотини ташлаб кетса хор бўлишини билади, энг қизиғи, ташлаб кетолмаслигини билиб ҳам, ўзига эътиборни тортиш учун ўзини ўлдиришини айтиб қўрқитади, ёки бу дунёда ҳеч кимга керакмаслигини айтиб арз қилади, аммо тўғри йўлга ўтмайди. Агар аёл ўз қадрини билмаса, ҳатто мана шундай ароқхўр эр ҳам унинг ҳиссиётларини бошқаради. Аёл ўзига “ўлмоқчими-ўлсин, бу ароқхўр билан бир умр бу аҳволда яшамайман” дея олиши керак. Кўнглингизни ҳотиржам қилинг, бундай эрлар ҳатто ўлишни ҳам хотинларисиз эплай олмайди.
Ўзини ҳурмат қилган аёл ўзидаги бу масъулиятдан воз кечиш керак. “Ўлмоқчимисан? Ўлавер, бу сенинг ҳаётинг ва бундан кейин қандай яшашни ўзинг хал қил” деб айта олинг.