«Ўзаро қарам муносабатлар” атамаси кўпинча ёши катта иккала партнердан бири бошқасига носоғлом руҳий, ижтимоий ёки бошқа қарамликда бўлган муносабатларни тасвирлаш учун ишлатилади. Бу тузоққа эр ва хотин, дўстлар, вояга етган болалар ва уларнинг ота-оналари тушиб қолишлари мумкин.
Кўпинча абьюзер эркак билан яшаётган аёл эрига қарамлиликда эканлиги айтилади. Иккала партнер ҳам ўзаро қарам эканлигини тушуниш муҳим. Золим ҳам қурбонга қарам бўлиши мумкин, чунки ундан қувват олади. Ва аёл «уни ташлаб кетсам, қандай яшайди” деб ташвишланади. Бундан ташқари, манипуляторлар бу ҳис-туйғуларга усталик билан босим ўтказадилар: аёл кетмоқчи бўлса, “асал ойи”ни ташкиллаштиришади. Ёки қаттиқ касал бўлиб қолади. Аёлни қайтариш учун ҳар турли ҳийлалардан фойдаланишади.
Сизнинг муносабатларингиз қарамлик ёки ўзаро ҳурматга асосланганми? Бундай қарамликдан азоб чекаётганларни қандай фазилатлар бирлаштиришини кўриб чиқайлик.
Ўзаро қарам муносабатларнинг белгилари
Партнёр розилигисиз қарор қабул қилишдан қўрқасиз
Ўзаро қарам муносабатларда одамлар кўпинча ўз ҳаётларининг барча соҳаларига партнёрларини жалб қилади. Ҳар бир вазият партнёрнинг рухсати билан ечим топади: синфдошлар билан учрашув, иш таклифи, озиқ-овқат сотиб олиш. Албатта, оилада одамлар кўпинча бир-бири билан маслаҳатлашадилар. Аммо, агар шеригингизнинг розилигисиз қарор қабул қилишга қўрқсангиз, демак ўзингизга ишонмайсиз.
Баҳс ва низолардан қочиш учун ҳамма нарсага рози бўласиз
Оилавий муносабатлар муросага асосланган. Аммо бу муросалар ўзаро бўлиши керак: эр-хотин ўз фикрларини ифода этишдан ва ҳимоя қилишдан қўрқмаслиги керак. Агар сиз партнёрнинг ҳар бир гапига рози бўлаверсангиз, бу ҳам ўзаро қарамлилик белгиси бўлиши мумкин. Бундай вазиятда бўлган одамлар ўзларининг фикрлари жанжал ёки низоларга олиб келиши мумкинлигидан қўрқишади. Шунинг учун, улар учун келишиш энг мақбул йўлдир.
Партнёрингиз манфаатларини ўзингизникидан устун қўясиз
Ҳар кимга ёқишга ҳаракат қиладиган одамлар кўпроқ ўзаро қарамлиликка тушиб қолишади. Бошқа одамларнинг муаммоларини ҳал қилиб, бошқаларга ҳаддан ташқари ғамхўрлик қилиб, улар ўзлигини унутишади. Бу ошиқлар ўртасидаги муносабатларда ҳам, ота-она билан бола ўртасидаги муносабатларда ҳам содир бўлади. Масалан, ота-она фарзандининг оиласига доимий равишда аралашиб, улар учун қарор қабул қилади. Баъзида ота-оналар катта ёшдаги болаларни ўзларининг ғамхўрликлари билан “бўғиб қўйишади”, чунки улар бошқа ҳаётни тасаввур қила олмайдилар. Ва улар катта ёшли боланинг шахсий ишлари, ўз вақти ва қизиқишлари бўлиш ҳуқуқини тан олмайдилар. Зудлик билан жавоб бермаслик ота-оналарга бефарқлик сифатида қабул қилинади. Гарчи шундай бўлмаса-да.
Сиз партнёрингиз учун ўз осойишталигингизни унутасиз
Айтайлик, сиз риоя қилган муайян қоидаларингиз бор эди. Аммо ўзаро қарам муносабатларга киришганингизда, сиз ушбу қоидаларга эътибор бермай бошладингиз. Улар сизнинг муносабатларингизга зарар етказмаса ҳам, улар сизнинг шахсий чегараларингизни бузади. Масалан, ҳар куни эрталаб машғулот ўтказардингиз дейлик. Аммо парнтёрингиз эрталабки шовқинларга шикоят қилганида сиз одатингиздан воз кечдингиз.
Сиз партнёрингизнинг сизга ёқмайдиган севимли машғулотларига катта эътибор қаратасиз
Икки инсон бирга яшагандан кейин бир-бирининг қизиқишларига бефарқ бўлмаслиги табиийдир. Аммо ҳеч ким партнёрига ёқадиган ҳамма нарсага қизиқишга мажбур эмас: сизнинг қизиқишларингиз, севимли машғулотларингиз турли бўлиши мумкин.
Дўстлар/дугоналарингиз билан ўтириш ўрнига партнёрингиз билан футбол кўриш ёки операга борасиз. Нега бундай қиляпсиз? Кўпинча ишончсиз одамлар ўз манфаатларидан воз кечишади.
Рашк сизнинг умр йўлдошингизга айланди
Ўзаро қарам бўлган партнёрлар эри ёки хотини мулоқот қиладиган одамларни рақиб сифатида қабул қилади. Ваҳоланки, бу дўстлар ва яқин қариндошлар билан мулоқот бўлиши мумкин. Ҳасадгўйлик доим ҳамроҳингиз бўлади. Эсда тутингки, ҳасадгўйлик ва ўзига паст баҳо бериш ёнма-ён юради.
Сохта туйғу пайдо бўлади: «у бошқалар билан гаплашар экан, демак мен унга керак эмасман». Агрессия кучаяди, ўзига ишонч буткул йўқолади. Рашк очиқчасига қилинса ҳам, яширилса ҳам муносабатларни бузади …
Иккита ўзига ишонган одам бирга яшаганда, улар баъзан партнёри кимгадир кўпроқ эътибор бераётганини пайқашлари мумкин. Одатда одамлар норозиликларини айблаш ёки манипуляция қилмасдан муҳокама қилишади.
Сиз доимо партнёрингизни назорат қилишингиз керак
Партнёрингиз нима қилаётганини текшириш учун ҳар соатда хабарлар юборасизми. Ёки ижтимоий тармоқларда ёзишмаларни ўқиш учун унинг паролларини билиб оласизми? Агар у дўстлари билан эканлигини билсангиз, ўн марта қўнғироқ қиласизми? Сиз аллақачон унга қарам бўлиб қолган бўлишингиз мумкин.
Партнёрингиз ҳаётида нималар бўлаётгани билан қизиқиш яхши. Аммо қизиқиш назоратга айланганда, бу яхшилик аломати эмас. Соғлом муносабатларда, одамлар бир-бирларининг шахсий вақтларини ҳурмат қилади, партнёрига ишонади ва бошқа бирон нарса билан машғул бўлсалар, хавфни кўрмайдилар.
Партнёрингиз сиз учун ўзгаришини талаб қиласиз
Ўзаро қарам муносабатларда одамлар ҳар хил муносабатда бўлишади. Кимдир бошида ёзганимиздек, ҳамма нарсада партнёри билан рози. Ва кимдир партнёрдан ўзгаришни талаб қила бошлайди: «Буни қил, буни қилма, мен соч турмагингни ёқтирмайман, бундай кулишни бас қил…».
Агар сиз ўзингизни худди шундай тутсангиз, партнёрингизнинг бу ҳаракатлари қачондир сизга ёққанини эсланг. Сиз ўз ҳаётингизни ушбу соч турмагидаги, шу тарзда ҳаракат қилган одам билан боғладингиз. Соғлом муносабатларда, одамлар бир-бирларининг шахсий чегараларини билишади, шунингдек, фикрларни очиқ муҳокама қилишади ва ўз ҳиссиётларини бўлишади. Аммо улар партнёрни ўзгартиришга ҳаракат қилишмайди.
Агар партнёрингизнинг қайсидир томонлари сизни қониқтирмаса, муносабатларингизни қайта кўриб чиқиш вақти келгандир.