Ҳаётий воқеа: КУНЛАРДАН БИР КУНИ ТУРМУШ ЎРТОҒИМ БИЛАН ИСТАМБУЛГА УЧИБ КЕЛДИК. Аэропортда бир аёл билан танишиб қолдик. У худди ўқитувчига ўхшаб шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини бирма-бир санаб берди. Гапининг охирида шундай қўшиб қўйди: «Атиги икки кунга келдингизми? Унда роса тер тўкишингизга тўғри келаркан-да». Биз бу гапнинг замирида нима ётганини кейинчалик англаб етдик. Кўпчилик одамлар саёҳатга дам олгани боради, тўғрими? Аммо “дам олиш” истаги остида қанчалик машаққат борлигини бир тасаввур қилсангиз эди.
Ўша Истанбулни олайлик. Аэропортдан тушасиз, меҳмонхонага жойлашасиз, саноқли кунга келмагансизми, барчасига улгуришингиз керак. Султон саройлари, бозорлар, денгиз соҳиллари, масжидлар, кафелар, уларнинг ҳаммасини кўриб чиқишингиз шарт. Хўш, қайси вақт дам оласиз ўзи? Ҳар соатингиз юриш, югуриш, улгуриш билан ўтади-ку ахир. Аэропортдаги аёл айнан шуни назарда тутган экан. Яна саёҳатдан қайтиб келган одамларнинг таассуротлари бир хил бўлади: “Аъло даражада дам олдик, лекин роса чарчадик”. Бу гапга на кулишни биласан, на йиғлашни.
Демак, бундан англашиладики, ҳар қандай саёҳат — организм учун стресс. Руҳият учун эса кичик (баъзилар учун каттагина) синов. Бухоро шаҳридаги “Етти пир” зиёратгоҳларига боришни мўлжалладингиз. Бу қадамжоларнинг манзилларини биласизми? Улар бўйлаб юриб, дам олиб бўлмайди, куч, ҳаракат, меҳнат сарфлашингизга тўғри келади. Чет элга саёҳат қилганингизда эса, организм учун қўшимча оғирлик тушади: иқлим ўзгариши, ҳаво ҳарорати ва намлиги бошқа, янги ҳидлар, овозлар, бегона жойлар. Уларнинг ҳаммаси оддий дам олиш эмас. Бегона давлатдаги хавотир, қўрқувни айтмайсизми. Бу дегани, қонга адреналин, кортизол каби стресс гормонлари отилиб чиқади. Шунинг учун янги, нотаниш жойда яхши ухлолмайсиз, айниқса, ёлғиз саёҳат қилсангиз. Аммо шунча стрессга қарамай, саёҳатлардан мамнун бўладиган инсонлар талайгина. Улар ҳар нарсага куч топади ва вақтини мазмунли ўтказа олади. Бу албатта, ҳаётий тажрибага боғлиқ.
Ишига муккасидан кетган одамлар дам олишда ҳам тинч ўтирмайди. Улар учун дам олишда ҳар дақиқани самарали ўтказиш керак. Акс ҳолда бекорчиликда ўтиргани учун виждони қийналади. Виждон азобида қолмаслик учун ҳам, дам олишимизни максимал равишда юмушлар билан тўлдириб ташлаймиз. Ўтиришга-да вақт топа олмаслигимиз керак. Аммо мия ва тана дам олиши учун бунинг акси бўлиши лозим. Асаб тизими дам олишни талаб қилади. Ҳеч сезганмисиз, саёҳатдан уйингизга қайтиб келганингизда, ниҳоят кўнглингиз жойига тушади, хавотирларингиз кетиб, мириқиб дам оласиз.
Аслида организмимиз учун мана шу асл ҳордиқ ҳисобланади. Баъзида “фойдасиз”, “самарасиз” бўлиб туриш керак, бу танангизга бўшашиш имконини беради. Ҳордиқ “мажбуриятим бор” деган сўздан йироқда бўлиши лозим. Афсуски сўнгги пайтларда “истайман” деган сўзни “керак” деган сўзга алмаштириб қўйганмиз. Бу билан елкамизга кўп ишларни юклаб оламиз. Мажбуриятларни олавериб, ўзимизни қийнаб қўйишимизни тан олмаймиз. Тафаккурни кенгайтириш учун ўнта китобни ўқиб чиқиш керак, икки ҳафта ичида бешта экскурсияга улгуриш керак, кўряпсизми, ҳаммасида “керак” сўзи бор. Демакки, буларнинг бари асло дам олиш эмас.
Бугунги замонда асосий иш қуролларимиз миямиз ва тафаккуримиз. Шундай экан, уларга ҳордиқ бағишлаб туришимиз шарт. Мия ва унинг ижодий қобилияти фақат тинч шароитда тикланади. Ҳатто фитнес мураббийлари ҳам мушаклар юклама вақтида эмас, балки тинч ҳолатда ўсишини таъкидлашдан чарчамайди. Руҳият ҳам худди шундай. Дам олиш билан саёҳатларни аралаштиришнинг кераги йўқ. Ҳордиқ чарчаганда керак, саёҳатлар эса куч-қувватга тўлиб турган вақтимизда. Дам олиш учун яна бир зарурий омил бу тинчлик. Шовқинли вазиятларда уйқу ҳам яхши бўлмайди. Тиниқиб тўйиб ухлаш учун тинч шароит яратилиши керак.
Ҳар гал дам олишни режалаштирганингизда, ички имкониятларингизни ҳисобга олинг. Сиз учун ҳозирги шароитда ҳордиқ нима бўлиши мумкин? Мириқиб ухлайдиган каравотдир, табиат қўйнидаги сайрми, янги инсонлар жамоасими, яқин инсонлар даврасими, буни ўзингиз ҳал қиласиз. Ҳар ҳолда ҳордиқ вақтига муҳим учрашувлар, воқеаларни режалаштирманг. Дам олиш борасида икки қуённи бир ўқ билан уриб бўлмайди. Дам олиш — бу шахсий харитани яратиш фурсати, сарфланган кучни тиклаш учун имконият, бузилган фаолиятни янгилаш даври.