Яқинимиз дард чекаётганда, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Вазиятга бошқача қараб кўришни таклиф этамиз, маслаҳатлар берамиз, ўзимизча чалғитишга интиламиз. Лекин баъзи бир ҳаракатларимиз ёрдам беришнинг ўрнига ногаҳон оғриқ бериши мумкин. Қадрли инсонларимизга тасалли бераётганда нималарни ёдда тутишимиз керак?
«Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин дугонам тушкунликка тушди. – дейди фойдаланувчиларимиздан бири. — У ҳам руҳан, ҳам моддий томонлама умр йўлдошига жуда боғланиб қолган эди. Раҳмим келганидан, зудлик билан иш топиб беришга аҳд қилдим. Янги машғулот дардларни унутишга, яшаш учун пул топишга ёрдам беришига ишончим комил эди. Лекин дугонам умуман таклифларимни қабул қилгани йўқ». Нимага бундай бўлди?
Луисвилл университети тадқиқотчилари кимнидир тинчлантирмоқчи бўлган инсонларни икки гуруҳга бўлишади. Бирлари муаммони ҳал қилиш учун аниқ чораларни таклиф этади, иккинчиси эса индамай дардга шерик бўлади ва “ҳаммаси ўтиб кетади” дея юпатади. Ушбу икки йўл ҳам одамларга ёрдам бериши мумкин. Фақат қайси бир усулни қўллашни гоҳида билмай қоламиз. Натижада юпатмоқчи бўлган инсонимиз бизни нотўғри тушунади, биз кўмакчи бўлишнинг ўрнига бузғунчи бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Ниятимиз яхшилигига шубҳа қилмаслигимиз мумкин, лекин натижага эриша олмаймиз.
Нимани ҳисобга олиш керак?
- Ушбу инсонни қанчалик яхши биласиз ва унинг муаммосини чуқур тушунасизми;
- Феъл-атворидан етарлича хабардормисиз;
- У муаммосини мустақил ҳал қила оладими;
- Чекаётган дардларининг асл сабаблари қандай;
Атрофдан ёрдам қабул қилиш қобилияти кўп ҳолларда инсоннинг ўзига бўлган ишончига боғлиқ. Масалан, ўзига ишонадиган одамлар таклифларингизга кўниши қийин. Шунинг учун улар билан ишлашда қатъиятлироқ бўлинг. Ўзига ишончи камлар эса воқеа-ҳодисаларни сиз билан бирга таҳлил қилишга мойил бўлади. Ёрдам қўлингизни ҳам қайтармайди.
Бундай инсонларга кўмак бериш осон. Уларнинг олдида бўлсангиз кифоя. Биргаликда муаммони тез ҳал қиласиз.
Ёдда тутинг
Ўзга инсоннинг эҳтиёжларини англаб олиш учун бир-икки соат етарли эмас. Кимнидир яхшилаб ўрганишга маълум вақт керак бўлади. Баъзилар энг қийин даврда фақат ёлғизликни истайди, яна бошқаси ўз яқини елкасига суянишга эҳтиёж сезади.
Психологлар энг мураккаб даврда бировга чин дилдан ёрдам бермоқчи бўлган инсонларга қуйидагиларни тавсия қилади:
Узоқлашманг
Гоҳида мингта сўздан кўра, шунчаки дийдор онлари инсонни тинчлантиради. Шундай экан, яқинингиз бошига мушкул иш тушдими, ундан асло узоқлашмай, огоҳ бўлиб туринг.
Тинглай олинг
Кўпчилик одамлар бор дардини тўкиб сололмайди. Сиз эса сабрли бўлинг ва яқинингиз мулоқотга тайёр бўлганда, уни диққат билан тингланг. Баҳо беришга, муносабат билдиришга ошиқманг. Суҳбатдошингиз бор дардини тўкиб солсин. Бу тушкунликдан чиқишнинг илк йўли.
Эҳтиёткор бўлинг
Ҳар кимнинг ўз нуқтаи назари бор. Кимнидир овутишда шошмай туринг. Агар унга ёқмайдиган таклифни бериб қолсангиз, дарди янада чуқурлашишига сабаб бўлишингиз мумкин. Сизнинг самарали таклифингиз унга албатта қўл келади, фақат айни дамда эмас. Ўткир тушкунлик даврининг ўтиб кетишини кутинг.
Мажбурламанг
Аввало бутун маълумотга эгамисиз, шунга аниқлик киритинг. Ўзимизга яқин инсонлар бўлишса-да, барибир ҳиссиётларимиз турлича. Шунинг учун ҳеч қачон мажбурламанг. Акс ҳолда одамни ўзингиздан узоқлаштирганингиз қолади.
Кўтаринки кайфиятни сақлаб қолинг
Унутманг, сиз яқин инсонингиз кайфиятини кўтариб туришингиз керак. Бунинг учун эса ўзингиз дардга енгилмаслигингиз зарур. Муаммо сизни ўз домига тортиб кетишига йўл қўйманг. Худди шифокорга ўхшаб иш тутинг. Ташқи томонлама куюнчак инсон бўлсангиз ҳам, ичингизда совуққонликни сақлаб қолинг. Дардкашга қўшилиб дард чекиб ўтираверсангиз, ҳеч нарсага эриша олмайсиз.
www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди.