Дўстлик ва романтик муносабатлар ўртасида муштарак томонлар бор, шунинг учун уларни баъзида адаштиришади. Хўш, дўстлик ва муҳаббат чегараси қаерда? Дўст бўлиб қолганингиз маъқулми ёки севги томон қадам ташлаш керакми?
Айтишларича, намунали оиланинг сири, эр-хотиннинг биринчи навбатда яхши дўст бўла олишида. Бу фикр тагида ҳақиқат бор, чунки оилавий психологларнинг фикрига кўра, жуфтликлар ўртасида дўстона алоқалар сақланиб турса, муносабатлар ҳам анчайин осон кечади. Шундай экан, бўлғуси умр йўлдош топишда дўстлик ва муҳаббат ришталарига жиддий эътибор бериш керак.
Дўстлик билан муҳаббатнинг ўхшаш томонлари
1. Ўзига тортиш. Бу туйғу фақатгина муҳаббатга хос эмас, балки дўстона муносабатларда ҳам бўлиши табиий. Энг яхши дўстлар бир-бири томон интилади. Кўп йиллар давомида дўст бўлган инсонлар орасида, худди севишганлар ўртасида бўладиган соғинч туйғуси учрайди.
2. Яқинлик. Кимгадир қалбимизни очганимизда, орзуларимизни айтганимизда, режаларимиз билан бўлишганимизда, у инсон бошқаларга қараганда бизга янада яқин бўлиб қолади. Жавобан худди шундай очиқликка эга бўлсак, мустаҳкам ишончли муносабатлар шаклланади. Демак, бундай ҳолат бугун биз тилга олаётган ҳар икки ришталарда ҳам учраши мумкин.
3. Ҳурмат. Соғлом романтик муносабатлар ўзаро ҳурмат асосида сайқал топиб боради, худди шу таърифни дўстликка нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. Қалбан яқин инсонингиз билан фахрланишингиз фақатгина ошиқлар орасида учрамайди. Бир-бирининг ютуқларидан чин маънода хурсанд бўладиган йигит-қиз дўстлар йўқ эмас.
4. Қўллаб-қувватлаш. Бу дўстлик ва муҳаббатнинг асоси ҳисобланади. У ҳар қандай шароитга мослашишни ва энг қийин дамларни бирга енгишга ёрдам беради.
5. Мамнунлик. Бирга қувониш, ҳазиллар қилиш, кейинги учрашувни интиқлик билан кутиш – бу ҳали романтик муносабатлар дегани эмас. Лекин бу белгилар аъло даражадаги дўст эканингиздан дарак беради.
Дўстлик билан муҳаббатнинг фарқли томонлари
Биринчи ва асосий фарқ – бу эр-хотин ўртасидаги интим муносабатлар.
1. Умумий мақсадлар. Умумий келажакни бирга режалаштириш фақат романтик жуфтликларга хос. Гарчи дўстлар дин, сиёсий қараш ва турмуш тарзи бўйича тўлиқ бир-бирига мос келсада, уларнинг ҳаётий мақсадлари айро бўлади.
2. Вақт ва эътибор. Романтик муносабатларда жуфтликлар бор бўш вақти ва эътиборини бир-бирига бағишлайди. Буни энг мустаҳкам дўстликда ҳам учратиб бўлмайди.
3. Бир-бирига боғлиқлик. Дўстлар ҳам ўзаро боғлиқ бўлади, аммо севишганлар орасидаги алоқа ришталари «мен» ва «сен» деган сўзларни «биз» сўзига алмаштира олади.
4. Ижобий хом хаёллар. Муҳаббат инсон кўзини кўр қилади, деганларидай, севишганлар хом хаёллар оғушида юради. Дўстлар эса бу хаёллардан ҳоли бўлади.
5. Таъсир ўтказиш. Шубҳасиз, дўстлар қарор қабул қилишда, мақсад ва вазифаларни белгилашда таъсир кўрсатади, лекин севимли инсоннинг бу борада ҳукми кўпроқ.
Муносабатларнинг истиқболини белгилаш жиддий қадам. Бунинг учун барча ижобий ва салбий томонлар тарозига солиниши, имкониятлар, афзалликлар, камчиликлар ҳисобга олиниши зарур.
https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди