Андижонда хотинини бўёқ суюлтиргич билан ёқиб юборган эркак 17 йилга қамалди

«Daryo» хабар беришича, Андижон вилояти Балиқчи туманида бирга яшовчи аёлини бўёқ суюлтиргич билан ёқиб юборган эркак устидан суд мажлиси бўлди.

Судланувчи Қаҳрамон Хотамов (исм шарифлар ўзгартирилган) бирга яшовчи аёли Динара Саидованинг яшаш уйига келиб, уйда ҳеч ким йўқлигига ва хотини ётоқхонада бир ўзи ухлаб ётганига ишонч ҳосил қилгач, унинг уйқуда бўлганидан фойдаланиб, қўлида бўлган бўёқ суюлтиргич моддасини унга сепган. Динара ушбу ҳолатдан қўрқиб уйғонган вақтида қўлидаги ёндиргич билан уни ёқиб юборган. Марҳума олов алангасидан талвасага тушиб, ўзини қутқариш мақсадида уй ҳовлисига югуриб чиқиб, елим идишдаги сувни ўз устига қуйиб, оловни ўчиришга уринган. Бироқ Қаҳрамон ўзининг жиноий мақсадини охирига етказиш мақсадида яна бир бўёқ суюлтиргични жабрланувчининг устига сепиб ёқиб юборган. Аёл ўз жонини сақлаб қолиш мақсадида елим идишдаги сувни яна эгнидан қуйиб, кўчага қочиб чиққан ва қўшнисининг хонадонига яширинган.

Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан олган жароҳатлари туфайли орадан 13 кун ўтиб шифохонада вафот этган.

Шунингдек, суд муҳокамасида Қаҳрамон Хотамов 2020 йилнинг март ойда фуқаро Отабек Шавкатов ишончига кириб, унга Бўстон туманида балиқ маҳсулотлари музлатиб сотиш билан шуғулланиш учун 4 минг АҚШ доллари кераклигини, агар бериб турса 1 ойда қайтариб беришини айтиб, сўнгра олган пулларни қайтармаслик мақсадида турли баҳоналарни важ қилиб 2020 йилнинг апрель ойидан декабрь ойига қадар ундан жами 14 минг АҚШ доллари фирибгарлик билан қўлга киритгани аниқланган.

Суд ҳукми билан Қаҳрамон Хотамов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “ж” банди ҳамда 168-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Унга нисбатан узил-кесил ўташ учун 17 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

«Daryo» шунингдек ўз қилмишини тушунтираётган судланувчининг сўзини келтириб ўтмоқда. Назаримда, бизнинг ОАВ ларимиз зўравонларга “овоз” беришни тўхтатишлари керак. Бу нафақат қурбоннинг хотираси, унинг яқинлари, балки ҳар бир ақли расо инсонни ҳам ҳақорат қилади. Мен аёлга шафқатсиз муносабатда бўлган эркакнинг ўзини қандай оқлаши ҳақида билишни хоҳламайман, қурбоннинг хатти-ҳаракати учун уни айбдор ҳис қилишига ҳаракат қилишини эшитишни хоҳламайман.

Ҳурматли ОАВ вакиллари, ўз ўлимида қурбоннинг айбдорлик «даражаси»ни муҳокама қилиш учун имкон беришни бас қилинг.

Нигина