Ўзимни шахсий жаҳаннамимга ташладим

Мен 18 ёшимда зўравонликни бошдан кечирдим. У мен ишонган танишим эди. Биз зиёфатда бўлдик, шундан кейин у мени уйга кузатиб қўйишни таклиф қилди. Уйимга кираверишда у мени деворга тиради ва кийимларимни еча бошлади. Қўшнилар буни кўриб қолишидан жуда уялдим ва овозимни чиқармадим. Нега мен уялдим? Чунки қизлар ярим тунда уйга кеч келмайди. Қиз йигит билан ёлғиз ўзи қолмайди. Қизлар калта юбка киймасликлари керак. Бу ўта шармандали ҳолат ва содир бўлган воқеага фақатгина мен айбдорман. Онам қўшниларнинг кўзига қандай қарайди? У ҳам хижолат тортади. Уйга келдим ва бир соатдан ортиқ вақт иссиқ душ қабул қилдим. Мен ўзимни ифлослангандек ҳис этдим. Терим қичир ва қизариб кетган, лекин ахлоқсизлик ҳисси йўқолмади – у ич-ичимда эди.

Бу ҳақда яқин дугонамга айтиб берганимда, у энди ҳеч бир йигит мен билан муносабатлар қурмаслигини айтди. Мен ўзимни кўмиб бўлгандим. Мен учун уят ҳисси менга икки баравар юк билан тушди. Бу шармандалик мени ерга михлагандек бўлди. Менга зўравонлик қилган инсонга нисбатан ҳеч нарсани ҳис қилмадим – шунчаки ўзимдан нафратланардим. Бу вазиятнинг содир бўлишига йўл қўйганим ва содир бўлишига имкон берганим учун. Мен айбдор бўлмасам, яна ким айбдор?

Кўчага чиқмай қўйдим, университетда касаллик варақасини тўғирлаб, таътил олдим. Шунчаки куни бўйи ётиб, бировнинг ифлос қўлида осонликча ўйинчоққа айланган танамдан нафратланардим. Бошқа инсонларнинг қўлидаги кирлар менинг теримга кириб кетгандай туюларди.

Бир мунча вақт ўтгач, бундай давом этиши мумкин эмаслигини тушуниб етдим. Мен соч турмагимни ўзгартирдим, маникюр қилдирдим, кийим сотиб олдим. Ўзимни чалғитишга ҳаракат қилдим. Университетга қайтдим, қўшимча иш қидиришни бошладим. Аммо ҳар бир қадам қийин кечди. Назаримда, ҳамма нима бўлганидан хабардор, ўзаро пичирлашаётгандек туюларди. Мен уйга келдим ва ожизликдан хўнграб йиғладим. Мен ўзимни ўқиш, иш, китоблар билан банд қилишга ҳаракат қилдим. Аммо ўйларим мени ўша кунга, ҳаёлларим яна қоронғи киравериш, совуқ қўлларга қайтарарди.

Менда параноя бошланди. Агар кимдир менга 5 сониядан кўпроқ қараса, инсонлар менинг кимлигимни кўргандек туюларди. Мен ким эдим? Пуфланадиган қўғирчоқдан ҳам баттар – ахир, сиз уни ҳеч бўлмаганда ювишингиз мумкин. Мен заиф, қадрсиз, ифлос қўрқоқ эдим.

Иш бўйича учрашувларга боришдан қўрқардим, инсонлар мени қандай эканимни кўришгандек эди. Зиёфатлар ва дўстлар билан учрашувлар ҳақида ортиқ ўйламасдим, дўстлар билан мулоқотни чекладим. Уларнинг жамиятини ўзимнинг борлигим билан бузиб юрганим учун уларнинг олдида уялардим. Улар яхши қиз, мен эса ундай эмас.

Зўравонни жазолаш ҳаёлимга ҳам келмади. Ахир у ҳолда ҳамма нарсани айтиб беришимга тўғри келарди. Менга қандай кўз билан қарашади? Мен уятдан ёниб кетардим. Бу сирни ўзим билан олиб кетишга қарор қилдим.

Шундай қилиб, мен бир неча йил яшадим. Шунчаки мавжуд эдим, ҳолос. Ўша кечанинг тафсилотлари хотирадан ўчди, лекин уят ҳисси йўқолмади. Кир, қўлларининг ҳиди, милтилловчи лампочка, қичқириқдан қўрқиш, қўни-қўшнилар олдида уят… Ота-она олдида уят, уларнинг қизи шундай аҳволда кириб келгани…

Ҳозир мен 32 ёшдаман. Ўтмишга назар ташлар эканман, ёшлигим, энг ёрқин йилларим қўрқувда ўтганини тушунаман. Менда ҳеч қандай муносабат, ёрқин зиёфатлар бўлмади. Фақатгина уят ҳисси. Бу шармандалик мени йигитлар билан учрашишдан, дўстлашишдан, завқланишдан қайтарди. Гўё ўзимни ёпиб, шахсий дўзахимга қамаб қўйгандек бўлдим ва фақат шу лаҳзада яшадим.

Ота-онамга ҳамма нарсани айтишга журъат этганимда-чи? Унга қарши ариза ёзишга журъат этганимда-чи? Ўшанда, кираверишда қичқиришга журъат этганимда-чи? Балки ариза ёзишим шарт бўлмаган бўларди… Балки улар менга ёрдам беришган бўлармиди? Эҳтимол, қўрқув ва ўз-ўзидан нафратланиш билан ўтган оғриқли узоқ йиллар бўлмасмиди?

Нега мен ўшанда бошқача ўйладим? Нега бу шармандалик менга ўзимни ҳимоя қилишимга имкон бермади? Нима учун?

Бу саволга жавобим йўқ. Балки сизда бордир?