Ишларингиз бир талай. Қўлингиз қўлингизга тегмайди. Бири иккинчисига уланиб кетаверади. Гоҳида қай биридан бошлашга бошингиз қотади. Ичингизда эса “шошишим керак” деган ҳис сизни ҳеч тинч қўймайди. Аммо шошсангиз ҳам вақт етмай қолади, тугатолмаган ишларингиз бу ёқда қолиб, кун тартибингизда янги вазифалар пайдо бўлаверади. Балки сиз сурункали “улгура олмаслик” дардига мубтало бўлгандирсиз?
Ушбу атамани европалик кардиологлар 1974 йилда фанга киритган. Улар сурункали “улгура олмаслик” ҳолатига дуч келган инсонлар кўпроқ юрак касалликларига дучор бўлишини исботлаб берган. Психологлар бундай инсонлар ҳақида шундай хулоса қилишади: улар қисқа истиқболли ва кичик натижаларга мойил, бошқаларга нисбатан сабрсиз ва рақобатсевар бўлади. Қуйидаги белгиларга қараб, сиз ўзингизда ушбу касалликни “ташхислаш”ингиз мумкин.
1️⃣ Барча жабҳада пойга ўйнашни яхши кўрасиз
Масалан, самолёт рейсига улгуриш ёки халқаро имтиҳонда иштирок этиш учун вақтида ариза топшириш учун шошсангиз арзийди. Лекин барча ишларда ҳам шошқалоқлик шарт эмас. Мабодо оддий кундалик ишларда ҳам шошаётганингизни сезсангиз, ҳеч нарсага сабрингиз етмаса, демак бу огоҳлик белгиси.
2️⃣ Бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажарасиз
Бундан ташқари аниқ бир юмушда диққатингизни жамламагансиз. Миянгиз эса тиш юваётганингизда ёки ҳовли супураётганингизда янги ғояларни тайёрлаб туради.
3️⃣ Кутишга тоқатингиз йўқ
Дўкондаги навбат, тирбандлик, шифокор қабулидаги кутишлар қонингизни қайнатади, ҳеч қаерга шошмаётган бўлсангиз ҳам жуда асабийлашасиз. Лифт тугмасини тинимсиз босаверасиз, худди 1 сонияда келиб қоладигандай. Ўзингиз шу ҳаракатларингизни четдан кузатганингизда эди, роса кулардингиз.
4️⃣ Иш жадвалидан ортда қолгандай бўлаверасиз
Ҳеч қандай жадвал бўлмаса ҳам, хаёлингизда белгиланган муддатдан ортда қолгандай бўлаверасиз. Бу ўйларингиз билан 24 соат ишласангиз ҳам улгуролмайсиз. Бир талай иш бажарсангизда, сизни омадсизлик ҳисси тарк этмайди.
5️⃣ Атрофдагиларнинг гапини бўлишни яхши кўрасиз
Атайлаб эмас, бу билан қўпол кўринишни ҳам истамайсиз, шунчаки суҳбатдошларингизни жуда тез тушунасиз ва суҳбатни охиригача етказишга шошасиз.
6️⃣ Бажарилган ишларни бирма-бир рўйхатдан ўчириб, роҳат қиласиз
Бу сизга чексиз қувонч бағишлайди. Афсуски бу билан узоқ кифояланмайсиз, бир ишни бажарибоқ, кейингисига киришиб кетасиз. Бу эса ишингизга унумдорлик бағишламайди. Аксинча бундай вазиятда хато қилиш имконияти кўпаяди.
❓Шошишнинг нимаси ёмон?
Бундан кўп соҳалар азият чекади: жисмоний ва руҳий ҳолатимиз, иш, муносабатлар. Сурункали стресс иммун тизимини заифлаштиради, уйқуни бузади, қувват танқислигига олиб келади. Бора-бора кам вақтда кўп ишга улгуриш керак, деган фикр пайдо бўлади. Бу бизларни яқинлар билан кўнгилдагидай муносабатда бўлишдан чеклайди. Чунки ортингиздан улгура олмаётган яқин инсонларингизга жаҳл қиласиз, уларга бир оғиз ширин сўз айтиш, эътибор кўрсатишга вақт қизғонасиз. Оқибатда можароли вазиятлар юзага келаверади.
❓Бу касалликнинг давоси борми?
Зудлик билан бажариладиган ва кечиктириш мумкин бўлган ишлар рўйхатини тузинг
“Буни ўзи кеча бажаришим керак эди” дея иш бошлаш жуда ёмон. Устувор вазифаларни кетма-кет жойлаштиришни ўрганиш керак. Вақтга душман сифатида эмас, дўст деб қаранг. Ўзингизга ҳам, албатта вақт ажратинг! Энг кичигидан бошланг, якшанба куни ишламанг. Дам олиш учун берилдими, шу “вазифа”ни бажаринг. Бу ҳам сиз учун топшириқ туридан бири.
🔹Тунги муолажалар ёрдам беради
Тунда ҳам жонсарак миянгизни тинчлантиришга кучингиз етмаса, бир неча муолажаларни бажариб кўришни маслаҳат берамиз. Бу илиқ ванна, бир пиёла чой ёки кундалик юритиш машғулоти бўлиши мумкин. Уйқу жисмонан тикланишимиз учун жуда зарур, шундай экан кундузги шошқалоқлигингиз тунги оромингизга таъсир ўтказишига йўл қўйманг.
🔹Ўйлаш учун ўзингизга фурсат беринг
Мангу шошқалоқлик фонида беш дақиқа ўйлаб олиш сизга малол келиши мумкин. Лекин вазифадан вазифага кўчиб юрганингизда, ишларнинг асл манзарасини сеза олмайсиз. Катта мақсадларга эришиш учун эса чуқур таҳлил зарур.
🔹Яқинларингиздан ёрдам сўранг
Одатни ўзгартириш қийин. Буни ёлғизликда амалга оширолмайсиз. Шунинг учун яқинларингиздан ёрдам сўранг. Масалан, сиз яна олдинги “ҳунар”ингизга киришиб кетганингизда, улар сизни тўхтатиб туради. Балки керакли йўлни кўрсатиб юборар. Яқинлар ва дўстлар ёрдамида сиз қаерда секинлашиш зарур ҳамда қаерда эски одатингиздан воз кечиш кераклигини англаб етасиз.
___________________
#Сукутсақлама #SukutSaqlama #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #Лойиҳадан