ҲАЁТНИНГ «ҚОРА ЧИЗИҚЛАРИ» ҲАҚИДА ЖУДА ЯХШИ БИЛАМИЗ — ушбу даврда ёқимсиз ўзгаришлардан кейин жиддий ва давомли кўнгилсизликлар рўй беради. Яқин инсонингиз касалхонага тушиб қолди, айрилиқни бошдан кечирасиз, иш йўқотдингиз ёки янгисини топа олмаяпсиз, моддий қийинчиликларга учрадингиз ва ҳоказо. Бундай вазият — бу узлуксиз давомли стресс. Атрофдагилардан «ўзингни қўлга ол» деган гапларни эшитамиз, аммо бу стратегия қисқа вақт ишлайди, кейин эса куч қолмайди ва ҳолдан тойиш кузатилади. Бугун биз сизларга ана шундай қийин дамларни қандай қилиб енгиш ҳамда бу вақтда эхтиёткорлик билан ёндашиш ҳақида сўзлаб берамиз.
Қувватингиз камайишига кўникинг
Бунинг учун ўзингизни қойиманг. Ҳар қандай жиддий кўнгилсизликлар давомли стрессни келтириб чиқаради, бу организмдан катта қувват талаб қилади. Оддий режимда ишлашингиз учун зарур бўлган қувватни кутманг, яхшиси ишларингизни қисқартиринг, муҳимини қолдиринг. Бу вазиятда энг мураккаби, куч йўқотилганини омадсизлик деб қабул қилмаслик. Жамият фикрига кўра, энг самарали, оқилона ва супер муваффақиятли одамлар энг «яхши» инсонлардир. Ҳатто фалокат юз берган бўлса-да, биз «ўзимизни қўлга олишимиз» ва «курашишимиз» керак. Аммо амалда буни уддалаш жуда қийин: агар жуфтингиз билан ажралсангиз, касал бўлсангиз, ишдан бўшасангиз ёки бошқа жиддий кўнгилсизликка учраган бўлсангиз, барибир тушкунликка тушасиз ва қувватингиз камаяди. Ишларни режалаштиришда, ушбу омилни инобатга олиш зарур.
Дам олинг ва бўш вақтингизни режалаштиринг
Улар албатта, керак. Бўш вақтни шовқинли давраларда ўтказиш шарт эмас, шунчаки севимли қизиқишларингизга вақт топинг, бўш вақтингизни шунга йўналтиринг, аввало руҳий, жисмоний ва моддий аҳволингиздан келиб чиқиб иш кўринг. Бу оддий шоколад ва бир пиёла чой бўлиши мумкин ёки каравотда ётиб дам олинг, кинога боринг. Севимли таомингизни тайёрланг, сериаллар томоша қилинг.
Машғулотларни режалаштиришда, уларни қайд дафтарига ёзиб боринг ва кун тартибига айлантиринг. Стресс шароитида кўпчилигимиз омон қолиш режимига ўтиб оламиз: жуда кўп ишни елкамизга ортамиз, барча муаммоларни бирданига ҳал қилишни истаймиз. Аммо дардни унутиш учун, ўзини борлигича ишга бағишлаш фикри унчалик яхши эмас. Ёқимсиз фикрлар барибир фурсат топиб миямизга кириб олади. Улар учун қулай вақт тун, тинч шароит, куч-қувватимиз қолмаган палла. Шунинг учун кўпчилик бундай вақтда уйқусизликдан азият чекади. Сиз робот эмассиз ва кучларингизни тиклаб олишингиз керак. Қолаверса, дам олиш орқали ҳисларингизни тартибга соласиз, бу руҳий саломатлик учун муҳим. Айниқса, мураккаб даврларда.
Ўзингизга нисбатан қаттиққўл бўлманг
Ишни меъёридан оширманг, вақтида овқатланинг, ичкилик, тамаки ва жанкфудка берилманг (чунки соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ҳеч кимнинг дардини енгиллатиб қўйган эмас), уйда ўзингизни яккаламанг, шунчаки «тетиклашиш» учун барча тадбирларга бориш шарт эмас. Бундай вақтда соғлиқ ва куч-қувват борасида етишмовчилик кузатилади. Балки бу даврда энг яхши дўст ёки хамкор бўла олмассиз, лекин соғлиғингизни сақлаб қоласиз.
Ички танқидчингизга эътибор берманг: У сизга «Кел, вазиятга тик қараймиз. Сен билан ҳеч ким яшашни истамайди, чунки… (хулқинг ёмон, ҳеч кимни қизиқтира олмайсан)». Ёки «Қўлингдан иш келмагандан кейин, бошлиғинг ҳайдаб юборган-да». Ёки «Агар уч марта уриниб кўрган бўлсанг ва ҳеч нима ўхшамаса, демак, бу сен учун эмас» деган фикрларни сингдириши мумкин.
Хўш, бу овозга қарши нима билан курашиш керак? Ўзига раҳм қилиш ва унинг ортида турган ҳиссиётларни тан олиш: ғазаб, жаҳл, кўнгил қолиши, умидсизлик. Шубҳасиз, кўнгилсизликлар бир талай салбий ҳисларни уйғотади ва бу ҳолат узоқ муддат давом этиши мумкин. Ҳар бир омадсизлик ёки инқироздан хулоса чиқариш мумкин. Аммо ўзини қийнаш ҳеч кимга ёрдам бермаган.
Ташвишларингизни бўлишадиган инсонни топинг
Кўп одамлар қийинчилик вақтларида «ўз инига кириб кетади»: уйида ўтиради, муаммоларини ёлғиз ҳал этади, атрофдагиларга мурожаат қилмасликка ҳаракат қилади ва дардини бировга билдирмайди. Биринчидан, бу ҳаракатларда рад этиш маъноси бор: ҳозирча кўнгилсизликлар ҳақида айтмай тураман, билдирмаганим маъқул. Иккинчидан, ҳамма одамлар ҳам инқироз вазиятида ёрдам бера олмайди. Учинчидан, мулоқотга куч керак, инқироз даврида эса улар қолмайди.
Лекин сизни қўлловчи инсонлар билан қийинчиликларни бўлишиш керак. Бу стресс даражасини пасайтиради, ёлғизликдан чиқаради, оғир даврни енгиб ўтишда ёрдам беради. Қийинчиликларингиз ҳақида ҳеч бўлмаса, бир нечта яқин инсонларингизга сўзлаб беринг. Фақат улар танқидни севувчи бўлмасин. Балки уларни мураккаб даврингиздан хабардор қилиб, қўллаб-қувватлашига муҳтож эканингизни олдиндан огоҳлантириб қўярсиз.
Мабодо атрофингизда ишончли дўстлар қолмаган бўлса, қариндошларингиз қўллашдан воз кечса (шундай бўлиши ҳам мумкин), узоқроқ қариндошлар орасидан кўмак изланг. Инсоннинг ёрдами барибир керак, сизга тингловчи зарур. Энг охирги ҳолатда интернет ҳамдардингизга айланиши мумкин: ёпиқ гуруҳлар, бошидан ўтказган табиблар ёки мавзуга яқин форумлар шулар жумласидан. Фақат бундай гуруҳларда дардингизни тўкиб солишдан аввал, уларда соғлом мулоқот борлигига ишонч ҳосил қилинг: иштирокчилар бир-бирини қўллайдими, виктимблейминг, устидан кулиш ва бир-бирга қарши қайраш, баҳолаш каби ҳолатлар йўқми. Акс ҳолда эски яраларингиз устига янгилари қўшилиб қолади.
Одамларга қатъий тавсиялар беришдан сақланинг
Буни жуда таъсирчан инсонларга нисбатан қўллаш ўринли. Жуфтидан айрилган, муносабатлари қил устида турган, ишида қийинчиликларга учраётган, чет элга яшашга кетган ёки ватанида қолган инсонлар. Бундай вазиятларда кўпчилигимизга қуйидаги маслаҳатларни беришади: «Эски ишингда қол, кетишга доимо улгурасан», «Ишдан ташқари вақтда суҳбатларга бор», «Ватанингдан кет», «Қол», «Муносабатларни тиклаб кўр», «Унга бошқа имконият берма, барибир яхшилик билан тугамайди»… Қийин вазиятида ҳар қандай ёрдам бефойда бўлган инсонларга ҳам (масалан, яқин инсони оламдан ўтган) насиҳат қиладиганлар бор: «Ўзингни чалғит», «Камроқ йиғла», «Кийимларини тезроқ тарқатиб юбор» каби.
Иккиланиш пайтида қатъий тавсиялар ва маслаҳатлар бериш фойда келтирмайди. Аммо агар бу тавсияларни ўхшаш вазиятга тушган ёки яхши ишда ишлайдиган обрўли шахс бераётган бўлса, балки унга қулоқ солиш зарурдир? Аммо биринчидан, бегона инсоннинг тажрибаси ва танлови сизга мос келмаслиги мумкин. Ҳамкасбингиз айнан қайси йўл билан оиласини сақлаб қолганини билмайсизку, балки билмай ўтиб кетарсиз ҳам, чет элга кўчиб ўтган дўстингизнинг учраган қийинчиликларидан хабарингиз йўқ, балки чет тилларини ташлаб, дастурчи бўлишга аҳд қилган танишингизнинг танлови омадсиз чиққандир. Инсон баъзида ўзи қабул қилган қарорни муваффақиятли бўлгани учун эмас, балки ўзи ва бошқаларга унинг танлови тўғри эканлигини исботлаш учун ҳимоя қилади. Агар ушбу танловни яхши деб ҳисобласангиз ҳам, сизнинг қадриятларингиз бир-бирига тўғри келмаслиги мумкин.
Аммо шуни унутманг-ки, қанчалик кўп шубҳалансангиз, умуман маслаҳат бермайдиган одамларга муҳтожлик сезаверасиз. Шунинг учун айни дамда сизга бировнинг бошқариши керак эмас, балки шахс сифатида қабул қилиши муҳим. Қандай қарор қабул қилишингиздан, атрофингизда нима содир бўлишидан қатъий назар, сизни яхши, қимматли ва қадрли инсон деб ҳисоблайдиган суҳбатдошлар зарур. Бундай шароитларда тўғри қарор эртами кечки, ўзи етилиб пишади.
«Кескин ҳаракатлар» қилманг
Оғир стрессга тушгандан кейин, вазиятни тўғрилаш учун иложи борича ҳаракат қилишга тушамиз. Бу руҳиятимизнинг табиий жавоби. Одатда буни икки йўл орқали амалга оширамиз: ёки вазиятни аниқ ҳолатга келтиришга уринамиз, ёки аксинча, ундан бошқа оламга қочишга интиламиз («Бошқа жойга кўчиб, ҳаётимни янгитдан бошлайман»).
Аммо ўйланмаган қадам асл муаммодан кўра чуқурлашиб кетиши мумкин. Шунинг учун агар ишдан кетиб, янгисини излаб юрган бўлсангиз, бир нечта суҳбатлардан ўтмасдан, дуч келган ишга кириб кетаверманг. Мабодо резюмеларингиз акс садо беришга ҳали улгурмаган бўлса, дарров эски ишга қайтишни ўйламанг. Жуфтингиз билан ажралган бўлсангиз, биринчи соғинчдаёқ ортга қайтманг ёки зудлик билан янги муносабатлар қуришга ошиқманг. Оғир йўқотишни бошдан кечиргач, яқинингизнинг оғир касаллигини билгач, ҳаётни буткул ўзгартиришдан олдин бир-икки ой яхшилаб ўйлаб олинг: бошқа давлатга кўчиб ўтишга, иш фаолият турини алмаштиришга ҳам улгурасиз. Оғир вазият ва мураккаб ҳислардан бу тарзда қочишга уриниш самарали бўлмайди.
Унда нима қилиш керак? Ҳисларингизни қоғозга ёзиб боринг ёки: вазиятингизга мос мусиқа тингланг, чизинг, рақсга тушинг. Қўрқув, зерикиш, дардга берилманг, оғир ҳисларга ўн беш дақиқа, нари борса ярим соат вақт етарли. Бу оз-оздан бўлса-да, дардингизни даволайди ва вазиятни ўнглайди ҳамда муаммодан қочишдан кўра, яхшироқ усул ҳисобланади.
Манба: https://www.wonderzine.com/wonderzine/life/how-to/240983-take-care