Бола – буюм ёки ҳамма қарорни ўзи қабул қиладиган идеал оиланинг ўйинчоғи эмас. Бундан ташкари узингиз амалга ошира олмаган лойиҳангиз предмети эмас. Бола бу – ўз шахсий фикри, диди ва орзу-ҳавасларига эга шахс хисобланади. Токи сиз фарзандингизни борича қабул қилолмас экансиз, фарзандингизнинг фикрини ҳурмат қилолмас экансиз муносабатларингизда бирон ўзгариш бўлиши амри маҳол.
Сўнгги вақтларда демократик тарбия ҳақида шунчалик кўп гапиряпмизки, бу борада қанчалик кўп китобларни укиб юборганимиз, бола эркинликлари ҳақида тўлиб-тошиб гапирамизки, чек-чегараси йўқ. Аммо боладаги ўтиш даври бошланиши билан, кўпчилигимизда тоталитар лидер бўй курсатишини бошлайди.
Хўш… ҳам ақлли, ҳам масъулиятли ота-она бўлишимиз учун нима қилишимиз керак? Албатта бунда боланинг ёши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мактабгача ёшда бўлган болалар учун қарорни уларнинг ота-оналари қабул қилади. Уларнинг нима ейиши, нима кийиши, ҳатто қандай мультфильмлар кўришини ҳам ўз назоратимизга оламиз. Дейлик, бола фақат конфет емоқчи (албатта биз бунга рухсат беролмаймиз) «Мумкин эмас, тамом!» деган сўзлар эмас, бола тушунадиган тилда тушунтириш даркор.
Қулоқсиз, муросага келишни истамайдиган ўсмир бу ҳолга ўз-ўзидан келиб қолмаганини унутмайлик. Бу ҳолга ўша болалалигиданоқ ҳеч қандай тушунтиришларсиз қўлидан конфет тортиб олинган боладан вужудга келган характердир ёки бўлмаса болалигида фақат онасига пушти ранг ёқмагани учун, пушти рангли ўйинчоқдан қуруқ қолган қизчалар балоғат ёшига етиб, умуман қулоқсиз қизга айланади-қўяди. Яна шуни ҳеч қачон унутмангки, тарбия буйруқ оҳанги орқали эмас, ўзаро қадр-қиммат орқали берилади. Энг хайрон қоларлиси шундаки, ёлғон гапириш ёмон деб айтасиз-у, лекин ўзингиз гаплашишни истамаган инсон қўнғироқ қилганда, фарзандингизга «Онам йук деб айт» деб болани ёлғон гапиришга мажбур қиласиз. Муҳтасар қилиб айтганда болангизни тарбиялаш жараёнида ўзингизни ҳам тарбиялашни унутманг. Агар болангиз ўзингиз истагандек тарбияланмаса, билингки айб ўзингизда.
Фарзандингиз бирон муаммосини айтса, уни диққат билан эшитинг ва бу масалага жиддий қарашга одатланинг
Сизни қийнайдиган масалалар юзасидан суҳбатлашишдан қочманг, гап ўлим, касаллик, ажралиш ёки муносабатлар тўғрисида кетса ҳам. Болангизга тўғри тушунтириш ва у билан катталар билан гаплашгандек мулоқот қилишга ҳаракат қилинг, ҳатто у гўдак бўлса ҳам. Масалан: Боланинг отаси оламдан ўтган бўлса, «даданг узоқа кетди, келади» деб алдаманг, вақти келганда болага ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилинг. Отасини узоқ йиллар кутган бола бирор кун етти ёт бегонадан ҳақиқатни эшитгандан кўра, яхшиси уни сиздан эшитсин. Доим боланинг ўрнига ўзингизни қўйиб кшринг. Бошқалар олдида аҳмоқона кўринишни истаган бўлармидингиз? Болага қанчалик ёлғон гапирсангиз, унинг сизга нисбатан ишончидан маҳрум бўлаверасиз. Энди ўйлаб кўринг, болангиз ўсмир ёшга етганда, у учун идеал она ёки идеал ота бўла оласизми? Бола катта бўлган сари, уларнинг идеали ўзгаради, сиз эмас. Одатда бола ўсмир ёшга етгач, унга нисбатан назорат кучайтирилиб, ижтимоий тармоқдаги ҳаётини назорат қилишга интиламиз. Бола бирон кун шу ҳақида билиб қолса, сизга нисбатан буткул ишончи йўқолади. Агар болангиз бирор муаммосини бировга эмас, айнан сизга айтиб келдими, бу жуда катта ютуғингиз, сиз шу ишончни суистеъмол қилманг. Ўсмир ёшдаги фарзандингизга доим эътиборли бўлинг, кайфиятига қаранг, синфдошлари билан ўзаро муносабатини кузатинг. Ўсмир фарзандингизга қанча эркинлик бера олаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Мустақил фикрлаши, мустақил қарор қабул қилишига шароит яратиб беринг.
Ишонч, ростгўйлик, тарбия ҳақида ёзиб, жазолаш ҳақида тўхталмадик. Гап жисмоний жазо ҳақида эмас, дейлик, фарзандингиз ўзига юқори баҳо беради ва у қаттиқ жазони ҳазм қила олмайди. Фарзандингиз ёлғон гапирди, жазо сифатида сиз уни дарров компьютери ёки планшетини олиб қўйишга ҳаракат қиласиз. Энг аввало фарзандингизни ёлғон гапиришига нима ундаганини аниқланг. Бола қайсидир қилган хатоси натижасидан қўрққани учун ёлғон гапиришга мажбур бўлганини унутманг. Ҳар қандай хатони юзма-юз ўтириб, муҳокама қилиш мумкинлигини тушунтиринг, бола ҳар бир хатоси учун жазоланишини ўйласа, унинг ёлғонлари кўпайиб боради.
Фарзандингиз ўсмир ёшга етгунга қадар шундай тарбиялангки, шу ёшга етгунга қадар ота-она ва фарзанд ўртасидаги олтин чегара мавжудлигини хис қила олсин. Сиз эса фарзандингиз ишончини йўқотмасликка ҳаракат қилинг. Унинг бу даврида ўғлингизга дўст, қизингизга дугона бўлинг.