“Қашқадарё уй зўравонлиги ҳолатлари бўйича биринчи ўринни эгаллайди, – бу мен учун янгилик эмас. Гарчи ўлкамнинг ҳавас қилмас етакчилиги мени ташвишга солса-да, ўйлайманки, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳолат бундан яхши эмас, – дейди муаллим, меъмор ва рассом Фароғат Хуррамова.
У 1965 йилда Қаршида туғилди. Ўрта мактабни тамомлаб, Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институтига ўқишга кирди. 1987 йили уни муваффақиятли тамомлаб, архитектор малакасига эга бўлди. Чизиш, рассомчилик билан шуғулланади. Ҳозирги кунда Қарши маданият техникумида чизиш, рассомчилик, композиция ва меъморчилик асосларидан дарс беради.
“Мактабда ўқиган пайтларимда рассомчиликка меҳрим тушди. Рангли қаламлар сеҳри билан дафтарда суратлардан жамланган ҳикоялар яратганим ҳалигача ёдимда. Менга доим одамлар, уларнинг юзларини чизиш ёққан. Ота-онам чизишга бўлган қизиқишимни қўллаб-қувватлаган. Иштирок этган танловларимнинг сони ва неча бор уйга мукофотлар олиб келганим ҳозир эсимда йўқ”.
2003, 2009, 2011 йилларда портретлар, натюрмортлар, пейзажлардан иборат шахсий ижодий кўргазма ўтказди… Aсосан акварелда ишлашни ёқтиради, шунингдек графика билан шуғулланади. Унинг ижодида Ўзбекистонда жуда долзарб бўлган мавзу – уй зўравонлигига қарши курашга бағишланган плакатлар алоҳида ўрини эгаллайди.
Ишлар муаллифи бундай дейди:
“Қизларимизда шахсий қадр ҳисси бўлиши учун уларда шахс, ғурурни тарбиялаш лозим деб ҳисоблайман. Ота-оналар қиз фарзандлари таълим олишига интилишлари керак. Aёл – она, қўрғон соқчиси, муҳаббат ва оқилалик тимсоли. У – наслнинг ибтидоси. Ҳар бир буюк олим, саркарда, сиёсий арбобни гўдаклигида меҳрибон она қўллари аллалаган, ҳаёти давомида онанинг эзгу насиҳатлари йўлдош бўлган. Менинг мақсадим – аёлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, оилаларни ажрашишлардан асраш. Ҳар бир аёл бахтли бўлишини истайман. Aйнан шунинг учун мен уй зўравонлиги мавзусини танладим. Ўзбекистонда бу муаммони барҳам топтириш учун мен уй зўравонлигига қарши курашни кучайтириш, яъни ҳар бир инсоннинг маданий ва маънавий даражасини кўтариш зарур деб ҳисоблайман. ОИВ ва интернетда уй зўравонлиги мавзусини кўпроқ кўтариш ва у ҳақида гапириш керак деб ҳисоблайман”.
Келажакда Фароғат Хуррамова замонавий жамиятни қийнаётган мавзулардаги расмлар чизишни давом эттиришни режалаштирган. Биз эса сайтимизга унинг бир нечта ишларини жойлаймиз.
Манба: http://uztrend.uz/wordpress/?p=1501