Маълум бир вазиятларда сиз катталар билан мулоқот қилаётган инсон сингари ҳаракат қила олмайсиз. Сиз ёки фарзанд ролини қабул қиласиз – бу вазиятда ота-оналар катталар вазифасини бажариб, тарбия берувчи ва тергайдиган инсонга айланади, ёки аксинча, ота-оналар фарзанд вазифасини эгаллайди: яъни, ёрдамга муҳтож, инжиқ, нўноқ ва сизнинг тўлиқ эътиборингизни талаб қилувчи инсонларга. Эътибор беринг, ушбу белгилар ҳаётингизда шахсий ҳудудингизнинг бузилишини англатади.
Ота-онангиз хонангизга кириб, буюмларингизни йиғиштириши, ёзув столингизни тартибга солиши, ҳатто чўнтакларингиз ёки сумкангизни текшириши ҳам мумкин. Шахсий ҳудуд масаласи мудом оғриқли ва мураккаб муаммолардан бўлиб келган. У бошқа омилларга қараганда, оилада фарзандларнинг ажратилишига кўпроқ сабаб бўлади: кимнидир катта бўлди, ўз ҳудудига эга бўлиши керак, деб аяшса, бошқаларини алоҳида чиқишга рухсат беришмайди. Бу муаммони ечиш учун, эмоционал масофага риоя қилиш ва барча келишилган шартларни алмаштириш керак бўлади.
Катталар ўрнингизга ҳаётингизни ҳал қилади
Бу келажак учун режалар бўлиши мумкин ёки аллақачон қабул қилган қарорингизга нисбатан эътироз сифатида намоён бўлади. Сиз танлаган журналистика факултети кимга керак, отангиз маслаҳат берганидай, иқтисодий билим олганингиз яхши эмасми?! Эрта турмушга чиқиб нима қилардингиз. Ундан кўра истиқболли ишга кириб, сафарларда юрсангиз, дунёни кўриб, уй сотиб олсангиз бўлмасмиди.
Аслида қуйидагиларни ажратиб олиш муҳим: турмуш ўртоқ, уй ёки касб борасида катталар босим ўтказмаяптими, шахсий режаларингизга аралашадими. Бу саволларга керакли жавобларни топгандан кейин, катталарнинг тасаввурларини секинлик билан ўзингиздан соқит қилсангиз ҳам бўлади.
Ёрдам сўраш хавфсиз эмас
Катталар ҳам ёрдам сўрайди. Одатда кўмак сўраладиган вазиятларда муносабатлар ўзаро алмашинув анъаналарига асосланади ва бу табиий. Аммо кўмак барибир ихтиёрий бўлиб, исталган вақтда инсонга рад жавобини бериш имконияти сақланиб қолади. Ҳатто у сизга яқиндагина ёрдам қўлини чўзган бўлса ҳам. Масалан, дўстингиз сафарга кетганингизда, мушугингизга қараб турган. Аммо у бирор жойга кетганда, унинг баҳайбат иккита итига қарашга кучингиз етмайди.
Баъзи оилаларда катта одам ёрдам сўраши керак эмас, деган тушунчалар бор. Сўрадими, демак у ҳали вояга етмаган.
Сизга доимо баҳо беришади
«Маошинг ошгани яхши, баракалла. Туркияда нима бор, ўзимизнинг Самарқанд, Бухородан қўймасин!», «Болангни қара, озиб кетибди, қоқ суяги қолибди! Нима беряпсан ўзи унга?».
Бу ерда гап сизга берилган баҳонинг қандайлигида эмас, балки баҳолаш истагининг ўзида. Қўллаб-қувватлаш, тинглашга уриниш ва натижадан қатъий назар қабул қилиш, бу яқин инсонларнинг тенг муносабати. Баҳолаш эса бир поғона баландда турган инсоннинг ҳуқуқи. Шунинг учун ҳатто юқори берилган баҳо ҳам, бу сизга “тепадан” қарашга бўлган интилишдир.
Бундай вазиятда баҳолашни оддий қабул қилиш керак, ўзингизни оқламанг ёки ўзганинг фикрини ўзгартиришга уринманг. «Туркия сизга ёқмайдими? Афсус, аммо бизга жуда ёқди». Баъзида гап мавзусини суҳбатдошга буриб юбориш ёрдам беради. Бу автоматик тарзда сизни бола мақомидан чиқаради ва кучларни алмаштиради: «Биз ҳақимизда қайғурганингиз учун раҳмат, ойижон, аммо неварангизнинг вазни ёшига нисбатан меъёрда. Ўзингиздан гапиринг, овқатланишингиз жойидами? Соғлиғингиз яхшими?»
Ижобий баҳо учун миннатдорлик билдириб, аввало ушбу баҳодан эмас, балки шахсий ҳаракатларингиздан фахрланишингизни айтишингиз мумкин: «Мавқеим ошганидан хурсандман, бунинг учун кўп ишладим».
Алдашга мажбурсиз
Инсон бурчакка бориб қолганда ёки адолат унинг учун яхши натижа олиб келмаслигини билганда, ёлғонга мурожаат қилади. Масалан, кўз ёшлар, таъна-дашном, инфаркт билан қўрқитиш, муносабатларнинг ёмонлашувида. Агар ота-онангизга чекишингиз, институтни ташлаганингиз ёки магистратурага киришни истамаслигингизни тан олиб айта олмасангиз, демак муносабатларингизда етарлича мустақил эмассиз. Тезлик билан муносабат билдириш шарт эмас: агар ҳақиқатни айтишга тайёр бўлмасангиз, демак, бунинг сабаби бор. Аммо муносабатларни қайта кўриб чиқиш керак.
Тушуниб олинг
Ота-онаси билан муносабатларда бола ролини қабул қилган йигирма-йигирма беш ёшли инсон атрофдаги бошқа инсонлар билан ҳам худди шундай муносабатда бўлади: масалан, институтдаги профессорлар, бошлиқлар, турмуш ўртоғи билан. Буларнинг ҳаммаси муваффақиятга олиб бормайди, соғлом муносабатлардан йироқлаштиради, ҳаёт сўқмоқларида адаштиради. Чунки ёш бола ўзини бошқара олмайди, вақтини режалаштирмайди, меҳнатига муносиб ҳақ талаб қилолмайди ва масъулият ҳис этмайди. У бировга қарам бўлади.