Токсик ота-оналарнинг нотўғри кўрсатмалари

Кичик болаларда танқидий фикр ҳали ривожланмаган бўлади, шунинг учун улар ота-онасининг гапларини ҳақиқат деб қабул қилиб, кўр-кўрона ишонади. Шунинг учун болаларга қўллаб-қувватловчи сўзларни айтиб туриш муҳим: шу тарзда уларнинг ўзига-ўзи баҳо бериш хусусияти ривожланади. Аммо заҳарли муносабатларни афзал кўрувчи ота-оналарнинг фарзандлари руҳлантирувчи сўзларнинг ўрнига ҳақорат, камситишни эшитади. Бундай сўзлар боланинг руҳиятига сингиб, унинг тақдирига таъсир қилади.

Зарарли тарбиядан халос бўлиш учун, қалбдаги салбий ҳиссиётларни енгиш ва уларнинг ўрнига эзгу амалларни киритиш лозим. Биз бугун ота-оналарнинг нотўғри кўрсатмалари рўйхатини йиғдик. Бу кўрсатмалар оиланинг тўлақонли ҳаёт кечиришида халал беради.

«Мен нодонман». Боланинг миясида бундай фикр пайдо бўлса, кейинчалик у одамлар орасида ўз фикрини ҳимоя қилолмайди. Ҳурматга эга эканлигини, қадри борлигини сезмайди ва мавқеини сақлай олмайди.

«Ҳаммадан ёмонман». Ота-она боласини бировлар билан таққослаганда, мана шундай фикр пайдо бўлади. Натижада у интилишларсиз улғаяди, барибир омадсизман, дея, олдинга юришдан воз кечади. Унинг устига ўзгаларга нисбатан ҳасад, нафрат туйғуси шаклланади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрига етмайди, буни сезмайди ҳам.

«Ҳаммасига мен айбдорман». Онам хафа бўлдими, касалми, бунга мен айбдорман, шундай бўлишига ўзим сабабчиман, деб ўйлайди бола. Ота-она болани айблаш орқали, уни осонлик билан бошқаришга ҳаракат қилади. Барча ишларда бола айбдор бўлиб қолаверади. Гоҳида ота-оналар ўз айбини фарзандига ағдаришни яхши кўради. “Ўзинг жаҳлимни чиқармаганингда, сени урмасдим”, – дейди. Қарабсизки, бола ҳар қандай ҳолатда айбдорлик ҳиссини туяди. Унинг боши эгилади, гавдасини тик тутиб юролмайди.

«Худбинман». Аслида инсоннинг ўзи ҳақида қайғуриши худбинликка кирмайди. Бу ҳаёт қонуни. Аммо ота-оналар ичида: “Шунча пулга кийим олгандан кўра, онангни ўйласанг бўлмайдими? Бели оғриб юрибди-ку. Уялмайсанми?” дейдиганлар бор. Мана шундай гапларни кўп эшитган бола ўзига етарли даражада эътибор бермай қўяди, яъни овқатланиши, соғлиғи, уст-бошига қарамайди. Ўз истакларини бажариш учун ҳам уялади.

«Онамдан бошқасига ишонмайман». Болани бошқа одамлардан ажратиб, фақат ота-она дунёсида яшашга мажбурлаш нотўғри. Бунда оилаларда ўзга инсонлар тақиқда, дўстлар назоратда, танишлар эса мудом ҳақоратланади. Боланинг ҳамма ўртоқлари тўполончи, тарбиясизга чиқарилади. Фақат ота-она танлаб берган инсон билан дўстлашиш мумкин. Одатда бундай дўст заҳарли муносабатни афзал кўрувчи ота-онанинг фарзанди бўлади. Бундай кўрсатма билан улғайган инсон атрофдагиларга умуман ишонмайди, ҳаммани душман кўради, алданишдан қўрқиб яшайди.

«Дангасаман!» Охирги кучим қолгунча ишлашим керак, шунда ота-онамдан раҳмат эшитаман, деб ўйлайди баъзи болалар. Бундай оилаларда дам олиш тақиқланган, ҳордиқ фақат ишёқмаслар учун, деган  қоида ўрнатилган бўлади. Ушбу муҳит болага бўшашишга бермайди, бора-бора у касал бўлгунча, оёқдан қолгунча ишлаб юраверади.

«Олам мен ўйлаганчалик эмас!» Кўзингга кўринган, нотўғри тушунгансан, англаб етолмадинг, аслида бошқача эди, дея ота-оналар болаларини адаштирмоқчи бўлишади. Бу замонавий тилда режалаштирилган газлайтинг дейилади. Бу жуда хавфли бошқарув усули бўлиб, болани ҳатто эсидан оғдириши мумкин. У ўз ҳиссиётларига ишонмай қўяди, бунинг ўрнига худди робот сингари фақат ота-онасига ишонч билдиради.

«Бемаънилик қилмасдан, жиддий юмуш билан шуғулланишим керак». Бемаънилик ва жиддий юмуш деган тушунчаларни албатта, ота-она белгилаб беради. Натижада боланинг севимли машғулоти бемаъниликка, ёмон кўрган юмуши эса жиддий ишга айланади. Бундай тарбия фарзандни боши берк кўчага олиб киради, чунки бола нима қилмасин, барчасидан андиша қила бошлайди. Рассом бўламан деган инсон, онасининг ундови билан ҳуқуқшуносликни танлайди. Эпласа яхшику-я, лекин дипломни чўнтакка солиб, ҳаётда ўзини топа олмай юришдан ёмони йўқ.

«Онам боламни мендан яхши тарбиялайди». «Мени катта қилди-ку, ёмон бўлганим йўқ». Аммо ҳаммамиз ҳам ўзимизга тўғри баҳо бера олмаймиз. Камчиликларимизни атрофдагилар айтгани маъқул. Фарзанд тарбиясида оналарга ишониш ёмон эмас, аммо унга ўз тарбиямизни ҳам сингдиришимиз керак.

«Яхши қизлар хато қилмайди!» Баъзи ота-оналар фарзандларининг муваффақиятларини эътиборсиз қолдиради, яхши баҳолари учун мақтамайди, аммо уч баҳо олиши билан уришишни бошлайди. Биргина хато учун боланинг бутун яхшиликларини йўққа чиқариш керак эмас. Фарзандга барчамиз ҳам хато қилишимизни тушунтиришимиз лозим.

Нотўғри кўрсатмалардан халос бўлиш

Ҳар қандай ёлғон кўрсатмани аввало аниқлаб олиш керак. Уни аниқлаш қийин, чунки у асосан мияга сингдирилган бўлади ва ҳаётни бошқаради. Яшашга нима халал беряпти? Шундан бошлаш керак. Бу саволга мукаммал жавоб топишда яхши психолог ёрдам бериши мумкин. У энг ноқулай саволлар билан ичингиздаги нотўғри тарбия асоратларини чиқариб олади. Аввалига мия тозаланади, кейин психологик ва жисмоний олам, охирида тикланиш жараёни рўй беради. Нотўғри тарбия бериб адашган ота-оналар билан ҳам албатта, ишлаш лозим.