Этим жимирлаб кетди: хавфли одамлар олдида нимани ҳис қиламиз?

Баъзи инсонлар олдида ўзимизда қандайдир ўзгаришларни сезамиз, масалан, безовталик, хавотир, қўрқув ёки номаълум ёқтирмаслик ҳисси. Танамизнинг мана шундай белгиларига эътибор бериш шартми ёки керак эмас?

Бу саволга жавоб топишдан аввал бир нечта ҳикояларни келтирамиз.

«ЎЗ ЖОНИГА СУИҚАСД ҚИЛИШГА МАЖБУР ҚИЛДИ»

Гўзал, 55 ёш

Тақдири оғир дугонам бор эди. У ўғилларини ҳеч кимга ишонмасди. Катта ўғли шизофрения билан оғригани учун, онаизор кўп азоб чекарди. Иккинчи ўғли ҳам шу касалга мубтало бўлганидан кейин бечорагина ўзини йўқотиб қўйди. Шунда бир эркак фолбинни топиб олди. Фолбин дугонамнинг ишончига кириб олганидан, дугонам барча сирларини унга айта бошлади. Мен ҳам фолбинни кўришга қизиқдим. Аммо илк марта учрашганимиздаёқ, худди танамда катта ўргимчак юриб кетаётгандай сесканиб кетдим. Беш ёшли қизим эса қўрққанидан пинжимга кириб олди. Фолбиннинг уйи ёвузликка тўладай туюларди. Кейин билсам, бу беҳосдан эмас экан. Дугонам кўр-кўрона ўша фолбин эркакни севиб қолди. Фолбин эса дугонамни бор-будидан айирди, натижада дугонам ўз жонига суиқасд қилди…

«МАҲЛУҚДАН ҚЎРҚҚАНДАЙ БЎЛАРДИМ»

Садоқат, 30 ёш

Бувимнинг дала ҳовлисига борганимда, қўшни аёл меҳмонга чиқиб турарди. Бувим мени унинг ўғил невараси билан бирга ўйнашга мажбурларди. Аммо у ўйин ўртасида қўрқитишни яхши кўрарди. Болада нимадир борлигини сезардиму, лекин аниқ айта олмасдим. Кўзларига қараб ҳам қўрқардим, худди балиқники сингари эди. Қоронғуликдан қўрқитиб чиқиб келишни яхши кўрарди. Бўйи новча, жуда озғин ва нигоҳлари бўм-бўш эди… Ичимдаги қўрқувни тасвирлаб берсам, уни кўрганимда, худди айиқ ёки бўрига дуч келгандай бўлардим. Бошқа болалар ҳам ундан четлашиб юрарди. Бувиси тириклигида унга турли доривор ўтларни дамлаб берарди. Ўша ўтлар таъсирида бироз тинчланиб юрар экан. Бувиси ўлди-ю, бола чидаб бўлмас инсонга айланди. Ҳатто бир куни ўгай отасини отиб қўйди.

«У ҚОТИЛ БЎЛИБ ЧИҚДИ»

Зилола, 39 ёш

Ёзда онам ишлайдиган босмахонага ишга жойлашдим. Бир куни бошлиғи олдимизга келиб қолди, уни илгари кўрмаган эканман. Кетганидан кейин онамдан секингина: “Бу маҳлуқсифат одам ким?” деб сўрадим. «Нимага ундай дейсан, — эътироз билдиргандай бўлди онам. — Бу бизнинг бош директор-ку. Жуда ақлли инсон, ўз ишининг устаси». Мен эса у цехга кирганида, ўзимни ноқулай ҳис қилардим, худди олдимда илон тургандай бўларди. Кейин билсак, бу қўрқувларим бежиз эмас экан. У хотиним билиб қолмасин деб, ҳомиладор жазманини ўлдириб қўйган экан.

«ҚЎРҚУВ БОРМИ, ДЕМАК, БУ ЖИДДИЙ ЎЙЛАБ КЎРИШ УЧУН САБАБ БЎЛА ОЛАДИ»

«Этимизнинг жимирлаб кетиши» — бу танамизнинг қандайдир номаълум, хавфли вазиятга нисбатан жавоб реакцияси. Ичи қора ёки чиндан ҳам ёмонлик тарқатувчи инсонлар олдида номаълум қўрқувни ҳис қилиш орқали, танамиз бизга хавф ҳақида огоҳлантиради. Юқоридаги ҳикоя эгалари ўзлари тушунмаса-да, лекин жиноятчиларни кўнгли билан сеза олдилар. Агар уларнинг ўрнида тажрибали терговчи ёки шунга ўхшаш мутахассис бўлганида, албатта вазиятга ойдинлик киритиларди. Психологларнинг айтишича, нияти ёмон инсонларнинг турли ҳаракатларига қараб, уларнинг асл мақсадини билиб олиш мумкин. Ҳикоя қаҳрамонлари ҳам ана шу ҳаракатларни сезишган, лекин нима эканлигини аниқ билмаган. Уларнинг танаси салбий сигналларни қабул қилган ва уни хавотир, қўрқув тарзида мияга етказган. Юқоридаги вазиятларнинг асл моҳияти шунда.

Аммо баъзида сезги тизимларимиз бироз панд бериб, бегуноҳ инсонларни ҳам айблашимиз мумкин. Биз мутахассис эмасмиз. Яна бир қизиқ ҳолат. Учинчи ҳикоя эгаси бошлиқда яширинган жиноятчини пайқай олди, аммо унинг онаси шунча йил бирга ишлаб ҳам директорнинг ҳаракатларида шубҳали ҳеч нарса сезгани йўқ. Бунинг сабаби ходимнинг бошлиғига бўлган кучли ишончи. Айнан кўр-кўрона ишонч баъзида бизни ҳақиқани англашдан йироқлаштиради.

Аммо энг хавли вазият одам ана шу хавотирли сигналларни сеза олмаслигида. Биринчи ҳикоядаги аёл агар фолбиннинг ёмон ниятини эртароқ сезганида эди, балки унинг ҳаёти фожиали тугамасмиди. Бугунги мавзумизни хулосалар эканмиз, этимизнинг музлаши, жимирлаб кетиши каби белгиларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди, дейиш мумкин. Тўғри, ҳар доим ҳам балки улар асосли бўлавермас. Аммо эхтиёт бўлиш ҳеч қачон халал бермаган.