Сусамбил вилоятида яшовчи йигитга 3 қиз тегажоғлик қилди

Сусамбил вилоятида яшовчи йигит адолат учун курашмоқда: унга тегажоғлик қилган 3 нафар қизга иш қўзғатишдан бош тортишмоқда.
31 июнь куни Сусамбил вилоятида яшовчи О.Х. га уч нафар қиз тегажоғлик қилди.

О.Х.нинг сўзларига кўра, у ишдан уйга қайтаётган бўлган, ўз маҳалласида кетаётган бўлган. О.Х. қийқириқлар, ҳуштаклар ва турли уятсиз сўзларни эшитиб қолди. Унинг олдига учта қиз яқинлашди.
«Қизлар атрофимни ўраб, йўл беришмасди. Турли ҳақоратли сўзлар айтишган. «Яхши йигит, познакомка қиламизми?» ва «онангга келин керак эмасми?» дейишди. Мен қўрқиб, қочмоқчи бўлдим. Улардан биттаси қўлимни ушлаб олди. Иккинчиси орқамга урди. Учинчи қиз эса дугоналарига унга бундай хунук, озғин эркак керак эмаслиги ва унга дўрсиллаган йигитлар ёқишини айтди. Дугоналар кулиб юборди ва мени баттар ҳақорат қила кетишди».

Жабрланувчининг сўзларига кўра, қизлар уни пана жойга тортмоқчи бўлишди, лекин ҳаммаси яхшилик билан тугади.

«Яхшиямки, шу пайт қўшним ўтаётган экан. У мени уч қизлар қуршовида кўриб, хавфли вазиятга тушиб қолганимни дарров пайқади. Қўшни аёл мени ҳимоя қилиб, уйгача кузатиб қўйди».
Жабрланувчи О.Х. милицияга ариза берди, лекин терговчи аёлнинг айтишича, қўрқинчли ҳеч нарса рўй бермабди.

«Мен кузатув камераларини кўтариб, текширишларини сўрадим. Лекин барча ёзувлар қаергадир ғойиб бўлибди. Милицияда мени зўравон қизлар билан яраштиришмоқчи бўлишди, арзимаган нарсани деб қизларни хаётини бузишга арзимайди дейишди».

О.Х. шунингдек терговчи аёл унга кийими жуда очиқ бўлганига ишора қилганини айтди, ваҳоланки у туппа-тузук, одмигина кийимда эди.

«Ҳар доимгидек мамлакатимизда эркак айбдор. Шуям адолатданми, аёлларга ҳамма нарса мумкин, биз эса доим айбдормиз?! Нега қонунлар бизни ҳимоя қилмайди?»

Биз Сусамбил вилоят ички ишлар бўлими билан боғландик, лекин бизга вазиятга баҳо беришдан бош тортишди.

Воқеалар ривожини кузатамиз.