Сурункали чарчоқ синдроми

Чарчоқ, уйқучанлик, хавотир, дўстлар дийдоридан узоқлашиш, тана ҳароратининг сабабсиз ошиши, томоқ оғриғи ва мушаклардаги оғриқСурункали чарчоқ синдроми ушбу белгилар орқали намоён бўлади. Хўш, бу ҳолатни енгиш учун нима қилиш керак?

Сурункали чарчоқ синдроми 20-45 ёш оралиғидаги инсонларни исканжага олади. Ушбу тоифадаги одамлар ўта кучли юкламалар оқибатида стрессга мойил бўлади: масалан, ўқиш, иш, уй юмушлари, бетартиб кун тартиби каби.

Лекин тиббий мутахассисларда бошқа фаразлар ҳам йўқ эмас. Қизиғи, бу сабаб вирус билан боғлиқ. Масалан, баъзи экспертлар сурункали чарчоқ синдромини герпес вируси келтириб чиқаради, дея ҳисоблайди.

Касалликни қандай аниқлаш мумкин?

Айнан қайси дамда унга дуч келганингизни топиш жуда қийин. Чунки сурункали чарчоқ синдроми белгилари изчиллик билан ривожланиб боради ва уларни биз кўпинча оддий чарчоққа ўхшатамиз. Илгари фаол бўлган одам кутилмаганда қуйидаги ҳолатларга дуч келади:

  1. Уйқу ва ҳордиқдан кейин ҳам ўтиб кетмайдиган толиқиш;
  2. Хотира сусайиши, диққат жамлай олмаслик;
  3. Иш қобилиятининг пасайиши;
  4. Уйқу бузилиши: уйқуга кетишнинг қийинлиги, тез-тез уйғониш, кундузги уйқучанлик;
  5. Асабийлик, хавотир, апатия, тушкунлик;
  6. Мушаклардаги оғриқ;
  7. Тез-тез шамоллаш;
  8. ЎРВИнинг бошқа белгиларисиз ҳарорат кўтарилиши;
  9. Тунда кўп терлаш;
  10. Бошқа касалликларга боғлиқ бўлмаган ҳолда лимфа безларининг катталашуви;
  11. Бош оғриғи;
  12. Вазн йўқотиш.

Мабодо ушбу белгилар кўп вақт давомида ушланиб турса, демак, мутахассисга мурожаат қилиш керак. Чунки организмнинг муттассил зўриқиши оқибатида биринчи галда иммун, асаб ва эндокрин тизими шикастланади.

Хавф гурухи

  • Ёмон экологик шароитларда ишловчи ёки яшовчи инсонлар;
  • кам дам оладиганлар;
  • оилада ёки ишда доимий стресс қурбонлари;
  • ирсий мойиллиги борлар;
  • аччиқ, шўр, ширин таомларни ҳуш кўрувчилар (нотўғри овқатланадиганлар);
  • кам ҳаракат қилувчилар;
  • яқинда умумий наркоз олган ёки нурланганлар;
  • гаджетлар ва айниқса, ижтимоий тармоқларга қарам кимсалар хавф гуруҳидагиларга киради.

Синдромни енгиш мумкинми?

Афсуски, ушбу дардни бир зумда аритадиган сеҳрли дорининг ўзи йўқ. Лекин сурункали чарчоқ синдромидан кейин тикланиш учун ёрдам берадиган бир нечта тавсиялар бор:

  • Меҳнат ва ҳордиқ мутаносиблигига риоя қилинг. Кечқурун бўшаштирчи ванналар қабул қилинг, хонангизни шамоллатинг, ҳеч қандай фаол юмуш билан шуғулланманг. Уйқудан икки соат олдин гаджетлар ҳақида унутинг. Экранларнинг кўк ранги мелатонин (уйқу гормони) синтезини бузади, уйқу фазаларига таъсир қилади.
  • Гаджетлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш вақтини қисқартиринг. Ушбу тавсияга риоя қилишга уриниб кўринг, шунда фойдали юмушларга кўпроқ вақтингиз қолаётганига амин бўласиз, яъни яқинлар билан мулоқот, дам олиш кабиларга. Натижада кайфият билан уйқу яхшиланади, мия фаолияти тикланади.
    Ижтимоий тармоқларда одамлар турли машҳурлар, блогерларнинг ҳаётини кузатади — аслида эса улар ҳаёти «тасвир»дан иборат бўлган бегона инсонлардан ўзгаси эмас. Шунга қарамай, кузатувчилар ўз ҳаётини уларники билан таққослай бошлайди, тақдиридан кўнгли тўлмайди, хавотири кучаяди. Бу ҳолатга қарши кураш йўллари мавжуд:
    — телефонда кунлик тайминг ўрнатинг;
    — интернетда беҳуда вақт йўқотмаслик учун, максимал фойдали контентга аъзо бўлинг (масалан, касбга доир ёки билим берувчи манбалар).
  • Кўпроқ ҳаракат қилинг. Ҳаракат «қувонч гормони» серотонин ишлаб чиқарилишини оширади. Сузинг, рақсга тушинг, югуринг, шунчаки юринг, муҳими кучингиз етганини бажаринг, ортиғини эмас ва машғулотлар ижобий ҳиссиёт келтирсин.

Жиддий ҳолатларда эса, албатта шифокорга боринг.

  • Овқатланиш тартибингизни бойитинг. Миянинг нормал фаолияти учун қуйидаги қувват манбаи зарур:
    — Омега-3 ёғ кислоталари (балиқ маҳсулотлари, ёнғоқ, брюссель карами);
    — лецитин (жигар, дуккаклилар, зайтун ёғи, кунгабоқар ёғлари, творог, яшил нўхат, салат барги);
    — В гуруҳи дармондорилари (тухум сариғи, гўшт, балиқ, ёрмалар, банан).
  • Медитация қилинг ва нафас олиш машқларини бажаринг. Бу қон айланиши ва моддалар алмашинувини яхшилайди.
  • Миянгизни фаоллаштиринг. Хотира ва диққатни оширувчи машқлар кўп. Улар иш самарадорлигини ошириши мумкин. Мазали таомлар тайёрланг, янги сўзлар ёдланг, суратларни томоша қилинг ва деталларни эслаб қолинг, бир вақтнинг ўзида икки хил аудиокитобни тингланг.
  • Психотерапия. Бу билан шифокор шуғулланади. Фақат вақтида мурожаат қилиш керак.
  • Даволаниш жадвалига риоя қилинг. Ҳеч қачон мустақил даволанишга уринманг.

Муҳими, ўзингизга эътиборлироқ бўлинг ва соғлиғингиз ҳақида қайғуришга албатта, вақт топинг.

Манба: https://www.psychologies.ru/articles/chto-nujno-znat-o-sindrome-hronicheskoy-ustalosti/