НЕГА ЎҒИЛЛАРИМИЗНИ ҚИЗЛАРИМИЗГА ҚАРАГАНДА КЎПРОҚ ЭРКАЛАЙМИЗ?

Ота-оналар ўқисин!

Кўпчилик ота-оналар ўғил фарзандларига кўпроқ ён босишини ҳеч сезганмисиз? Тўполон қилсаям, айб иш қилса ҳам, тойчоқ болангизга баҳона тайёр: «ахир ўғил болада». Уларни уй юмушларига кўп ҳам солишавермайди, аммо қизлар рўзғор ишларига жуда эрта киришиб кетади. Нега шундай экан-а?

Қизиғи, ота-оналар ижтимоий тармоқларда кўпроқ ўғиллари ҳақида пост ёзади, шунга яраша бу постлар кўпроқ лайк йиғади. Бу тадқиқотчиларнинг хулосаси. Бунинг учун олимлар «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида 18-50 ёшдаги 600 минг нафардан ортиқ фойдаланувчилар орасида тадқиқот ўтказишди.

Волидасининг “эркатойи”, суюкли ўғиллардан бири фойдаланувчи Иззат Аҳмедов оиласидаги ҳолатни шундай сўзлаб беради.

«Синглимга роса раҳмим келарди»

«Онам бизни ёлғиз катта қилган. Дадам билан эрта ажралишган, у пайтда мен беш ёшда, синглим эса атиги бир неча ойлик эди. Албатта, онамга осон бўлмаган. Онамнинг елкасидаги рўзғор юкини мен ҳам енгиллаштиришим кераклигини эрта тушуниб етганман. Шу билан бирга синглимга қараганда, менга кўпроқ эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини ҳам сезиб яшаганман. Онам қорним тўқ, устим бут бўлишига қаттиқ эътибор берарди. У менинг тимсолимда суянчиқ, таянчни кўргани учунми, ҳар томонлама қўлларди.

Синглим мактабга боришни бошлаганида, онам уни қаттиқ тергар эди, ўқувчи сифатида мени намуна қилиб кўрсатарди. Афсуски мен унчалик ҳам намуна бўлолмасдим. Ҳар доим сувдан қуруқ чиқиб кетардим. Синглим менга қараганда кичик бўлса ҳам, уй юмушларини кўпроқ бажарарди. Сал катта бўлганида эса онам синглимга мен ҳақимда қайғуриш вазифасини юклади, акангни кийимларини юв, дазмолла, овқат тайёрлаб бер, орқасидан йиғиштир. Синглимга раҳмим келган дамларда, унга ўзим ёрдам берардим.

Бугун ўзим оила қурдим, онамга меҳрим чексиз. Уни ҳеч қачон айбламайман, сабаби волидам бизни ёлғиз ўзи оёққа қўйди. Балки отам бермаган меҳрни у бутун умр мендан излаб яшар…»

Аёллар меҳр танқислиги ўрнини тўлдиришни истайди

Психотерапевтларнинг фикрича, ўғил болаларга бўлган ортиқча эътиборни оталар эмас, айнан оналар кўпроқ шакллантиради. Бундай ҳолат, айниқса тўлиқ бўлмаган оилалар ёки оилада отанинг ўрни суст бўлганда учрайди. Мутахассислар қиз бола билан ўғил боланинг тарбиясида ўзига хос жиҳатларни келтиришади. Оилавий тизимда қиз бола учун онанинг ўрни, ўғил бола учун онанинг ўрнига қараганда фарқ қилади. Чунки бола эрта ёшидан ўз жинсдоши бўлган ота-онадан бирига ўхшашга интилади. Қарама-қарши жинс вакили бўлган ота-онаси билан эса муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилади. Шу орқали у бўлғуси ҳаётга тайёргарлик кўра бошлайди, қарама-қарши жинс вакиллари билан мулоқотга ҳозирлик кўради.

Ўғил болалар ўзини отаси билан таққослаши жуда муҳим. Шу тарзда улар муносиб эркак бўлиб улғайишни ўрганади. Ота-онасининг муносабатларини кўриб, андоза олади. Аслида ҳари икки ота-она ҳам ўғил боланинг ҳаётида тенг ўринга эга. Лекин шундай оилалар борки, уларда ота-оналардан бирининг тимсоли болага ёқмайди. Бузилган тартиб ёки ота-оналар орасидаги мураккаб муносабатлар болага мослашишга ундайди, яъни бола ҳаётда ўзига хавфсиз ролни танлайди. Агар оилада эр ёки хотиннинг ўрни сезилмаса, мажбуриятлар айнан ўша ота-онанинг жинсдоши бўлган фарзанд зиммасига юкланади. Бу эса фарзандга жароҳат етказиши мумкин бўлган омил. Тўлиқ бўлмаган оилаларда ўғил фарзанд жуда эрта улғайишига тўғри келади. Афсуски бола бунга тайёр бўлмайди. Лекин бундай ҳолатнинг яна бошқа томонлари ҳам бор: масалан, ҳукмронлик ва мавқега эрта эришиш.

Тарихга бир назар ташлаб қўйиш ҳам ҳалақит қилмайди. Бир эсланг, азалдан жамиятимизда ўғил туққан онанинг обрўси доим баланд бўлиб келган. Ўғил фарзандли бўлган аёл ҳурматга сазовор эди. Узоққа бориб ўтирмаймиз, ҳозирги кунда ҳам бу масала кўндаланг бўлиб турибди. Лекин бу ҳақда келгуси сафар гаплашамиз.

Яна бир сабаб, аёл истайдими йўқми жуфтидан кўрмаган меҳрни ўғлидан кўришни истайди. Шу тариқа меҳр етишмовчилиги ўрнини тўлдиришни хоҳлайди: ўғли мисолида ўзи орзу қилган эркакни тарбия қилишга ҳаракат қилади, бундай оналарнинг наздида келажакда бу ўғил барча орзу-ниятларини амалга ошириши шарт. Ушбу ниятни йўқотиш аёл учун ҳаёт-мамот масаласига айланади. Қарабсизки, қайнона-келин муаммоларининг бир илдизини шу ердан топиш ҳам мумкин. Мақсад битта, ўғилни ўзига боғлаб олиш орқали, Фармонбиби каби шохсупанинг энг баландида жойлашиш.

Сўзимизни мухтасар қилиб, ота-оналарга айтадиганимиз, ўғилми, қизми, иккиси ҳам фарзанд. Мана шу энг асосий муштарак жиҳат. Меҳрингиз уларнинг ҳар иккисига ҳам бирдек етсин. Муҳаббатингизни бўлак қилиб, бирининг қалбини асло жароҳатламанг. Акс ҳолда бу бўлғуси муаммоларга сабаб бўлиши аниқ.