Сотмоқ мумкин эмас қолдирмоқ: нега болалар «маҳсулотга» айланаяпти ва бу билан қандай курашиш керак?

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1 ва 4-моддалари:

«Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак.»

Ҳеч ким қулликда ёки эрксиз ҳолатда сақланиши мумкин эмас; қуллик ва қул савдосининг барча кўринишлари тақиқланади.

Ўзбекистонда болалар савдоси сўнгги йилларнинг энг жиддий муаммоларидан бирига айланди. Оммавий ахборот воситаларида янги туғилган чақалоқлар ва ҳатто катта болаларни сотишга уринишлар ҳақида хабарлар тез-тез учрайди.

Ижтимоий тармоқлардаги шарҳловчилар фикрларида уялмасдан гапиришаяпти, аммо одамлар яхши ҳаётдан ушбу жиноий қадамга боришармиди?

Одамларни бундай жиноятларга нима ундайди?

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия йиғилишида 2017-2020 йиллар учун қуйидаги рақамлар эълон қилинди:

Фарзандларини сотадиган аёлларнинг 31 фоизи буни мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли қилишгани маълум бўлди;

17% — чақалоқни яширишга ҳаракат қилган;

52% — молиявий қийинчиликлар туфайли ушбу жиноятни содир этган.

Хусусан, комиссия раҳбари, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаеванинг сўзларига кўра, 2019 йилда расман болалар савдосига оид 72 ҳолат қайд этилган. «Чақалоқларни сотиш сабабларини ўрганаётганда, 19 ҳолатда бу оиладаги оғир шароитлар билан, 3 ҳолатда — уй сотиб олиш зарурати билан, 9 ҳолатда — айбини яширишга уриниш билан боғлиқлиги маълум бўлди, 10 ҳолатда — моддий манфаатдорлик бунга сабаб бўлган», — деди у.

Гарчи сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар савдоси мавзуси фаол муҳокама қилинаётган бўлсада, муаммо азалдан мавжуд бўлиб келган. Бундай ишлар тўғрисида ҳуқуқшунос Ҳикоят Қодирова биринчи марта 1995 йилда, Адлия вазирлигига ишга келганида эшитган.

«Бу ҳақда қўшни мамлакатлар — Тожикистон, Қирғизистон билан чегарадош ҳудудлардан рўйхатга олиш идоралари раҳбарлари хабар беришди. Ушбу ҳудудларда кўпчилик бир-бирига қиз узатган, болалар дунёга келтирган, Собиқ Иттифоқ парчаланганидан кейин паспортлар, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар бериш ва никоҳни рўйхатдан ўтказишни ҳеч бир томон ўз зиммасига олишни хоҳламаган. Бу аросат эди. »

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бундай фактлар бир вақтнинг ўзида учта давлат — Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарадош бўлган Сўхда кузатилган. Сурхондарё — Узун ва Сариосиё вилоятида кўплаб ҳолатлар учраган. Одамлар қайси фуқароликни олишни билмас эди: масалан, хотин Ўзбекистондан, эр Тожикистондан, бола Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Чорасизликдан одамлар ўз фарзандларини қариндошларига ёки ҳатто уларни ўзларига расмийлаштира оладиган танишларига беришди.

2003 йил бошида Ҳикоят Қодирова болаларнинг сотилиши ҳақида ўз мижозларидан эшитган. Бир жуфтлик фарзанд асраб олиш учун отаси ва онасининг нотариал розилиги билан, Н. ҳудудидан янги туғилган болани олиб келишди. Бола оилада тўртинчи, қонуний никоҳда туғилган. Боладан воз кечган эр-хотиннинг яна бир болани боқиш учун маблаглари ъйўқ эди. Барча ҳужжатлар жойида бўлганлиги сабабли, васийлик органи ва ҳокимият орқали бола тўлиқ қонуний асосда рўйхатдан ўтказилди.

«Қанчалик ғалати эшитилмасин, лекин жуфтлик менга ўша пайтдаги нархларни айтишди — қизлар 300 доллар, ўғил болалар «қимматроқ»- 500 доллар турарди. Таажжубда қолганимни кўриб, боласиз жуфтликларга беришим учун бола савдоси билан шуғулланадиган инсонларнинг рақамини беришмоқчи бўлишди, — дейди Хикоят опа.

Фарзандликка олиш васийлик орқали амалга оширилиб, туман ҳокимининг қарор қабул қилиши талаб қилинганда, одамлар навбатда турар, гўдаклар уйи ва болалар уйларига бориб, у ерда ўзларига фарзанд танлардилар. 2013 йилда бу функция судларга ўтказилиб, ноқонуний «фарзанд асраб олиш» ҳолатлари кўпайган. Фуқаролар одамлар билиб қолмасин деб судга мурожаат қилишни хоҳламайдилар — у ерда улар қариндошлари ва дўстлари билан учрашишлари мумкин.

«Бизнинг менталитетимизни ўзгартириш қийин: одамларимиз бола асраб олинганини бегоналар билишини қатъиян истамайдилар, шунинг учун улар буни сир сақлайдилар. Ва болалар савдоси яна ошиб кетди. Менинг фикримча, сўнгги уч йил ичида бундай 200 ҳолатнинг олди олинди. Бу расмий статистика. Аслида бундай ҳолатлар янада кўп», — дейди Хикоят Қодирова.

Кўпинча, болаларни сотиш бўйича битим томонлари оилавий масалалар билан шуғулланадиган адвокатлардан ёрдам сўрашади. Исми сир қолишни истаган мутахассислардан бирининг айтишича, бир марта мижоз унга бир ёшли боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқийлигини текшириш тўғрисида мурожаат қилган. Аёлнинг ўз фарзандлари бўлмаган, аммо Фарғона водийсида, олти ойлик ҳомиладор бўлган бир аёл унга пул эвазига бола туғишни таклиф қилган. Дарҳақиқат, келишув уч ойдан сўнг амалга ошди. Фарғоналик аёл мижоз аёлга гувоҳномада она сифатида у кўрсатилган ҳолда янги туғилган чақалоқ — ўғил болани топширди. Бироқ, олти ой ўтгач, бола зотилжамдан вафот этди.

«Аёл боланинг ўлимини оғир кечирди, аммо бир ой ўтгач, унга айни ёшдаги бошқа болани олиб келишди ва у ўша гувоҳнома билан яшади. Бунга ишониш қийин, аммо бу ҳақиқат,- дейди оилавий ишлар бўйича ҳуқуқшунос.

Унинг амалиётида туғруқхона ходими мижозга хусусий уйлардан бирида бола танлашни таклиф қилган яна бир ҳолат бўлган. Хонага кириб, «мижоз» ҳайратда қолди – унинг олдига янги туғилган олти нафар чақалоқни «териб» қўйишди. Бунда аниқ жиноят аломатлари борлиги сабабли, аёл бундай келишувдан воз кечди.

Юристнинг сўзларига кўра, унга чақалоқларига ота-она топиш илтимоси билан ҳам яқинда туғиши керак аёллар мурожаат қиларди. Энг қизиғи уларнинг аксарияти оилали эди.

 

Икки ҳаётий воқеа

Биринчи воқеа: Оналик инстинкти сотиладими?

Мадина (қаҳрамоннинг исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди) Ўзбекистоннинг бир вилоятида яшайди. Унинг уйи иссиқ ва шинам, музлатгичда доим озиқ-овқат бор, болаларнинг уст-боши бут, қорни тўқ, кичик бизнес эса даромад олиб келади. Аммо бундай кунларга келишнинг ўзи бўлмаган…

Мадина табассум билан болалигини эслайди: ота-онасининг катта уйи, хўжалиги бўлган. У барча болалар сингари мактабга борар, онасига уй ишларида ёрдам берар, ўртоқлари билан ўйнарди.

Қиз 17 ёшга тўлганда, уни узатишди. У ҳатто коллежда ҳам ўқимади, фақат мактабни битирди.

Турмушининг биринчи йилида Мадина қиз туғди. Эри ва оиласининг кўнгли тўлмади, чунки ўғиллар қадрлироқ. “Қайнота ва қайнонам қизимга эътибор ҳам беришмасди, қўшнилар эса доимо қачон ўғил туғасиз, деб сўрашарди. Атрофдагиларнинг босими билан бир йилдан сўнг яна туғдим. Яна қиз. Эрим ажрашаман деб қўрқитар, мени ҳақорат қиларди, барча дўстлари унинг устидан кулаётганини айтиб мени сўкарди, эмишки улар: «ўғил туғдиролмасанг қандай эркаксан»- дейишаркан.

Бир ярим йил ўтгач, Мадина учинчи боласини туғади, у ҳам қиз эди. Шифокорларнинг огоҳлантиришларига қарамай, эрнинг яқинларининг босими тугамасди.

«Биз камтаргина яшардик, фақат эрим ва унинг отаси ишларди. Доимо пул етишмасди. Мен ҳам ишлашни хоҳлардим, лекин болаларга қарашим керак эди. Қайнонам неваралари билан ўтиришдан бош тортарди. Кейин тўртинчисини туғдим, ниҳоят ўғил. Биз жуда бахтиёр эдик», деб эслайди қаҳрамонимиз.

Бироқ, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади: шифокор ўғлимиз юрак хасталиги билан туғилганини айтди.

“Ўша пайтда дунё кўзимизга қоронғи бўлди. Барча мени айбларди. Эрим ичим «чирик»лигини айтарди: аввалига ўғил туғолмадинг, энди туғиб ҳам касал ўғил туғдинг, — деб айтган экан эри.

Топганимиз ўғлимизнинг соғлиғига сарфланарди. Бола икки ёшга тўлганида, аёл ишлай бошлади. Маълумоти бўлмаганлиги сабабли, у фаррош ва идиш-товоқ ювувчи сифатида ишлаб пул топишга киришди. Пуллари умуман ҳеч нардага етмасди. Улар қарзга кириб, эри ичадиган бўлиб қолади.

Қўшнимиз эримга иш таклиф қилиши биз учун нажот бўлди

“Қўшнимиз эримни қўшни давлатга ишлашга таклиф қилди. Эрим у ерга бориб, ишга жойлашди. Ҳар ой бизга пул жўнатарди, яшашимиз сал бўлса ҳам яхшиланди. Биз уни деярли кўрмасдик. Баъзан у бир неча ойга уйга келиб, яна ишлашга кетарди”.

Ўғиллари беш ёшга тўлгач, Мадинанинг турмуш ўртоғи уни ҳам ёнига чақиради. Аёл болаларни қайнонасига қолдириб, турмуш ўртоғининг ёнига кирди.

Мадина у ер-бу ерда ишларди. Биргаликда эр-хотин тузук пул топарди.

Кейинчалик Мадинанинг турмуш ўртоғи иш бўйича бир бой оила билан танишиб қолади, улар эса иш таклиф қилишди. Катта уйда эр-хотинга хона беришди. Мадинанинг эри хўжалик ишларида ёрдам берса, аёл уй ишлари билан машғул эди.

Мадинанинг сўзларига кўра, иш берувчилар уларга жуда меҳрибон ва яхши муносабатда бўлишган, ойликларини вақтида тўлашарди.

Катта уйда етишмаган ягона нарса — болалар кулгиси эди. Уйнинг эгалари узоқ вақт даволанишди, аммо бола кўриша олмади.

Кунлардан бир кун Мадинанинг мазаси бўлмади. Аввалига у барини чарчоққа йўйди. Кейин кўнгли айнийдиган бўлди. Тест қилиб кўрса, ҳомиладор экан. Ишини йўқотишдан қўрқиб, эри ва уй эгаларидан бу хабарни яширишга қарор қилди. Аммо уй эгасининг аёлидан яшира олмади. «Мен оиламиз қандай ёмон яшашини айтиб бердим: уч қизимиз борлиги ва ўғлимизнинг касаллигию, топган пулимиз даволашга кетишини айтдим. Мен ундан ҳомилани олдиришда ёрдам беришини сўрадим.

Эшитганларидан кейин уй эгаси Мадинага бақира бошлади. – Ҳаммагаям бундай бахт насиб этмайди, сен эса тирик жонни ўлдирмоқчисан, — деди аёл ғазабланиб.

«Бир неча кундан кейин аёл менга … келишув таклиф қилди. У болани ўзида қолдиради ва эвазига менга ва оиламга ғамхўрлик қилишини таклиф этди. У мендан бу ҳақда эримга айтмасликни сўради», дейди Мадина.

Уйнинг эгаси, шунингдек, Мадинани, янги туғилган чақалоқни уларга беришга рози бўлса, уни бирон нарсага муҳтож бўлмаслигига ишонтирди. Мадинанинг эри ҳеч нарса билмаслиги учун уни ва хотинини бошқа уйга юборишга сўз берди. Ва аёллар ўша ерда бола туғилгунча туришлари керак эди. Мадинанинг эрига уй эгаси аёл ҳомиладор бўлгани ва бола туғилгунча тоза ҳавода бўлиши кераклигини тушунтириб, Мадинани аёлига қараш учун қўйиб юборишга кўндиради. Бошқа уйда ҳомиладор Мадинага яхши шароитлар қилиб, шахсий шифокорни ёллашган.

Мадина соғлом кучли бола туғди. «Хўжайининг шарқий қиёфасига қараб боладан ҳеч ким шубҳаланмасди, чунки хотини оқ-сариқ эди, — эслайди қаҳрамонимиз.

Кейин Мадина яна ўша биринчи уйга қайтди. Унинг сўзларига кўра, узоқ пайтгача ўзига келолмасди. «Мен ўзимда эмасдим. Баъзан танловимдан воз кечмоқчи бўлардим. Ҳатто болани ўғирламоқчи бўлиб, қочиш режасини ҳам туздим. Аммо мен ундай қила олмадим. Болага нима бера оламиз?” деб шаштимдан қайтардим.

Ҳеч қанча вақт ўтмасдан Мадина ва унинг турмуш ўртоғи ватанига қайтишди.

Уй эгалари уларни алдамади – яхшигина ҳақ тўлашди. Бу пулга уйларини таъмирлашди ва кичик бизнес ҳам очишди. Эр-хотин у уйга бошқа боришмади.

Аёл бўлган воқеани ҳеч кимга айтмади. Узоқ пайт у ўзи учун соғлом бола туғолмай, бировларга туғиб берганидан ҳафа бўлиб кетарди. Мадинага тасалли берадиган ягона нарса — энди унинг болалари ҳеч нарса муҳтож эмас эди. Барча қарзларидан қутулишди, қизларга сеп йиғиб қўйишди, ўғиллари керак пайтда даволанади.

«Агар биров эришганларимизга етишиш қанчалик қийин бўлганини билса эди. Оналик инстинкти ғайритабиий бир нима дейишади, лекин уни ҳам сотиб олишингиз мумкин экан. Албатта, у яхши ҳаётдан сотилмайди».

Иккинчи воқеа: мен шунчаки оналик бахтини орзу қилардим

Одамларни жиноятга қўл уришга ундайдиган яна бир муаммо — Ўзбекистонда бола асраб олиш жараёнининг мураккаблиги.

Хилоланинг (қаҳрамоннинг исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди) ёши ўттиздан ошган. Қачондир унда бола асраб олиш фикри пайдо бўлди.

«Мен бепушт бўлиб чиқдим… Буни биринчи турмушимда билиб қолганман. Бизнинг одатларимизга кўра илк никоҳ кечасидаёқ ҳомиладор бўлишингиз керак. Аммо мен уддаламадим. Чексиз текширувлар, муолажалар, шифокорлар назорати. Ва бу бир неча йил давом этди».

«Қусурли» келин кераксиз бўлиб чиқди. Бир неча йиллик никоҳдан кейин Ҳилоланинг эри ва унинг ота-онаси ажрашишни талаб қилишди.

Ажрашганига бир йил ҳам бўлмадики, унга ёш, уйланмаган йигит совчи қўйди. Барчаси ортда қолгандай эди. Аммо янги куёв аёли ҳеч қачон фарзанд кўролмаслигини билиб қолди ва улар ажрашди.

Ўшанда аёл тушундики: ўзинг туға олмасанг, она бўлолмайсан дегани эмас. У болалар уйидан бола асраб олишга қарор қилди. Хилола болалар уйи ходимларига мурожаат қилди.

Бола танлаш қанчалик ғалати туюлмасин, мен болалар уйига бордим. Менга бир болакай ёқиб қолди ва бу ҳақда муассаса директорига айтдим.

Директор унга керакли ҳужжатлар олиб келишини тайинлади. Барча керакли қоғозларни бир неча ой давомида йиғиб, уларни болалар уйига раҳбариятига тақдим этди. Унга бир ой кутишни айтишди.

Бир ой ўтди, кейин иккинчиси, бешинчиси, кейин…. Хилоланинг барча мурожаатларига «тез орада» деган жавоб бериларди.

«Вақт, бюрократия. Ҳаммаси жуда қийин. Яқинда бир танишимиз маҳаллаларида бир қийналиб қолган оилада аёл ҳомиладор бўлиб қолгани, оиланинг уч нафар фарзанди бўлиб, бу бола улар учун ортиқча эканини айтади.

Илк учрашувдаёқ Хилола шокка учради: аёл ҳали туғилмаган чақалоқни пуллашга тайёр эди.

«У ҳомиладорликнинг еттинчи ойида эди. Биз барча тафсилотларни муҳокама қилдик. Икки ой ўтгач, у шаҳримиз туғруқхонасида туғди. Мен у ерга келдим, биз ҳаммасини мен ўзим туққандек уюштирдик. Болани менга расмийлаштиришди. Бунда бизга туғруқ бўлими ходимлари ёрдам беришди, албатта, текинга эмас».

Оналар бахтини ҳис қилиш Хилолага 2000 долларга айланди ва у бир кун ҳам қилган ишидан афсусланмайди.

Ҳозир бола уч ёшда, у соғлом, қизиқувчан, ажойиб — дейди аёл. Бола Хилола унинг ўз онаси эканлигига шубҳа қилмайди.

Боланинг онаси билан аёл бошқа учрашмади. «У пулини олди ва уни ҳеч қачон безовта қилмаслигимни сўради. Шунингдек, у ҳеч ким бу ҳақда ҳеч қачон билмаслиги учун ҳамма нарсани қилишни сўради».

Айтганча, бугун Хилола нафақат ажойиб она, балки меҳрибон ва севимли турмуш ўртоғи ҳам. Аёлнинг эри чақалоқни ўз боласидай яхши кўради ва Хилола боланинг ўз онаси эмаслигини билламайди.

«Унинг фикрича, бола биринчи эрдан туғилган, ҳаммаси шундай қолсин. Оналар бахтини ҳис қилганимдан хурсандман. Ҳа, мендан туғилмаган, лекин бу бола меники, мен у учун ҳақиқий онага айландим », — дейди аёл.

Статистика нима дейди?

Танзила Нарбаеванинг маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда одам савдоси олти баробар камайди, аммо чақалоқ ва болалар савдоси йил сайин ортиб бормоқда.

Шундай қилиб, 2019 йилда ўтган йилга нисбатан одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони камайди. Бироқ, чақалоқ савдоси кўрсаткичи ўсди: 2018 йилда бундай ҳуқуқбузарликлар одам савдоси соҳасидаги барча жиноятларнинг 38 фоизини ташкил этган бўлса, 2019 йилда — 43 фоизни ташкил этди.

Умуман олганда, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқлар савдосига оид 185 ҳолат аниқланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг 2018 йил учун Жаҳон одам савдоси тўғрисидаги ҳисоботига кўра, 2014-2017 йилларда Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқларнинг савдоси қурбонлари сони 195 нафар чақалоқни ташкил этди.

Муаммо билан қандай курашиш керак?

Иқтисодиёт

Албатта, одамлар бундай жиноятларга яхши ҳаётдан қўл урмайди.

Ҳуқуқшунос Хикоят Қодированинг сўзларига кўра, болалар савдосини йўқ қилиш учун одамлар бошқа мамлакатларга иш излаб кетмасликлари учун мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш зарур.

«Икки йил олдин Москвада бўлдим. Биздан ишлашга кетган аёллар билан суҳбатлашдим. Вазият оғир. Муаммонинг илдизи, шубҳасиз, иқтисодиётга тақалади ва ушбу муаммо бўйича ягона давлат сиёсатининг йўқлигида. Биласизми, мен уларни қоралай олмайман, чунки мен ишсизлар, таназзулга учраган одамларнинг кўзларида умидсизликни кўрдим … Мен Ўзбекистон вилоятларидан келган ўқитувчилар ва ҳамширалар билан суҳбатлашдим. Қандай қилиб бундай касбларга эга бўлган одамлар, бошқа мамлакатларга ишлаш учун оилаларини, фарзандларини, ота-оналарини қолдириб кетишади? «

Васийлик ва ҳомийлик

Психолог Лиана Натрошвилининг таъкидлашича, фарзанд асраб олиш тартибини енгиллаштириш орқали ҳам болалар савдоси муаммосини ҳал қилиш мумкин.

«Масалан, ривожланган мамлакатларда ҳомиладор аёл маълум сабабларга кўра болани ўзида қолдира олмаслик ёки истамаслигини тушунган ҳолда, боласига оилани танлаши мумкин, уни асраб олиш учун расман воз кечиши мумкин. Яъни, унга яхши ҳаётни танлайди. Шундай қилиб, аёл боланинг болалар уйида эмас, балки ишончли меҳрибон оилада бўлишига амин бўлади. У ҳатто унинг ҳаётида иштирок этиши, ўсишини кузатиши мумкин. Фарзандликка олиш институти ҳақиқатан ҳам болалар савдоси муаммосида ёрдам бериши мумкин, чунки айни пайтда одамлар буни ноқонуний қилишмоқда».

Янги туғилган чақалоқлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уни асраб олиш пайтигача 9-12 ой вақт ўтиши мумкин. Болага она, меҳрибон қўллар керак бўлган ҳаётидаги энг муҳим даврни у давлат муассасасида ўтказади. Бу болага жуда таъсир қилади. Болалар уйи ходимлари қанча уринишмасин, оила ва ота-оналарнинг ўрнини боса олмайди. Баъзи ҳолларда қўлдан қўлга, яъни янги туғилган чақалоқни тўғридан-тўғри оилага топшириш тартиби ёрдам бериши мумкин.

Болалар уйларини молиялаштириш ўрнига, ҳомийлик ва васийлик тартибини енгиллаштириш керак, дейди ҳуқуқшунос Х.Қодирова.

«Бизда қанча болалар уйлари, мактаб-интернатлар, ногиронлар уйлари бор? Бу муассасалардаги ҳар бир бола учун давлат жуда катта пул сарфлайди. Агар ота-оналарга бу маблағнинг бир қисми ажратилганида эди ҳеч ким ҳеч қачон бошқа давлатга иш илинжида кетмасди.

Масалан, она ногирон боласига ўзи қараса, унга, адашмасам, энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида нафақа олади, ваҳоланки давлат муассасасида уларга ўн баравар кўпроқ пул сарфланади. Хўш, нега бундай ташкилотларни умуман ёпмаслигимиз керак? Нега болаларни муносиб қўллаб-қувватлаш билан ўз оилаларида қолдирмаслигимиз керак? »

Хикоят Анатолевнанинг сўзларига кўра, меҳрибонлик уйларида ўсган болалар умуман жамият ва оилавий ҳаётга мослаштирилмаган. 3-4 авлоддаги болалар уйидаги болалар геноми аллақачон ўзгариб бўлган, шунинг учун улар кейинги авлодларда умуман болаларига бефарқ бўлишади. Бунинг учун уларни айблаш тўғри эмас — уларга хос бўлмаган нарсани талаб қила олмайсиз. Асраб олган оилаларда болага бошланғич ҳаёт кўникмалари ўргатилади, деб ҳисоблайди ҳуқуқшунос.

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилди, мамлакатда, ҳуқуқшуноснинг сўзларига кўра, болаларга нисбатан яхши қонунлар мавжуд. Фақатгина ижро этилиши жуда кўп нарсани талаб қилади, чунки ҳеч ким буни эътибор қаратмаяпти.

«Акс ҳолда, бундай кўрсаткичлар бўлмасди — болаларнинг атиги 5-7 фоизи болалар уйидан чиқиб кетаётганда ўзларини топадилар, қолганлари ёмон йўлга кириб кетади. Аммо улар орасида расмиятчилик шароитида ўзини тўлиқ намоён қила олмайдиган кўплаб истеъдодли ва иқтидорли болалар бор. Намоён қила олса ҳам уни ривожланиш учун шароит йўқ».

Жинсий таълим

Иқтисодиётни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, ёшларга жинсий таълим бериш соҳасида ҳам ишлаш муҳимдир. Янги туғилган чақалоқларни сотиш билан боғлиқ кўплаб жиноятлар, оилани шарманда қилмаслик учун «ҳомиладан қутулиш» билан боғлиқ.

“Турмушга чиқмаган кўплаб қизлар ҳомиладор бўлиб, туғишади ва болаларни туғруқхоналарда қолдиришади. Агар ўхшамаса, уларни жамоат жойларига ташлашади. Мен учун бу кашфиёт — ахир мен қайд қилиш идораларида ҳам, Давлат архивида ҳам жуда кўп ҳужжатларни кўрдим. Болаларни ташлаб, сотиб, ўлишга ҳукм қиладиган даражага қачон етиб келдик?» – ғазабланади Хикоят Қодирова.

Психолог Лиана Натрошвили жинсий тарбия ёшларни «бузиши» мумкинлиги ҳақидаги Ўзбекистонда кенг тарқалган афсонани рад этади.

“Жинсий тарбия болани бузади, унинг беғуборлигига таъсир қилади деган фикр бор. Аммо биз чуқурроқ қарашимиз керак: бугунги 6-8 ёшли болалар анча билимли. Мен жинсий тарбияни вазиятни ёмонлаштирувчи омил эмас, балки ҳимоя деб биламан.

Албатта, жинсий тарбия мамлакатимизнинг маданий хусусиятлари ва боланинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, тўғри бўлиши керак. Таълим зарарли бўлиши мумкин эмас, ёшлар контрацепция, хавфсизлик тўғрисида билиши фойдали бўлади. «

Психологнинг сўзларига кўра, таълимдан ташқари, ўспирин бепул даволаниши ва маслаҳат учун шифокорга мурожаат қила олиши, контратсепция ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак. Урф-одатлар ва менталитет туфайли қиз ҳомиладор бўлиб, болани кўтаради, туғади ва кейин чақалоқдан қутуладиган ҳолатлар мавжуд. Ёки, масалан, ёш йигит ошкораликдан қўрқиб, шифокорга мурожаат қилмайди.

«Бу ерда тиббий сир сақланиши жуда муҳим, чунки кўпчилик сири онаси, қўшнилари ва бошқаларга ошкор бўлиб қолишидан қўрқади.»

Жинсий тарбия мавзуси жуда муҳим. Оммавий ахборот воситалари орқали давлат аввал ота-оналар учун баъзи маърифий тадбирларни ўтказиши мумкин, дея қўшимча қилди Лиана.

Суррогат оналик – муаммонинг ечими бўла оладими?

Суррогат оналикка келсак, бу калтакнинг икки томони, дейди Хикоят Қодирова.

«Ҳомиладорликнинг сўнгги босқичларида ёки туғилгандан кейин эр-хотин боладан воз кечадиган ҳолатлар учрайди. Суррогат она доим ҳам аслида бегона бўлган болани олиши мумкин эмас. Ёки, аксинча, ҳомиладорлик учун тўлов мажбуриятлари бажарилмагани туфайли онанинг ўзи болани биологик ота-онага топширишдан бош тортиши мумкин».

 

Барча экспертлар, шунингдек видеони суратга олишда ёрдам бергани учун Тошкентдаги Гёте-Институтга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Мавзу бўйича ҳаволалар:

  1. https://fergana.agency/news/108798/
  2. https://uznews.uz/ru/article/18480/
  3. https://www.gazeta.uz/ru/2020/01/28/kid/
  4. https://uzreport.news/society/v-navoi-mat-pitalas-obmenyat-svoego-rebenka-na-kvartiru
  5. https://kun.uz/ru/news/2020/06/12/v-navoi-molodaya-mat-pytalas-prodat-svoyego-rebenka-za-3-mln-sumov
  6. https://www.gazeta.uz/ru/2020/07/29/kid/?utm_source=push&utm_medium=telegram
  7. https://repost.uz/neponyatno-kto-mat
  8. https://repost.uz/poymali-gada
  9. https://www.gazeta.uz/ru/2021/01/28/child/
  10. https://www.gazeta.uz/ru/2020/05/25/child-selling/

 

Мавзу бўйича нима кўриш мумкин:

  1. https://www.youtube.com/watch?v=MVyBVIUO2k8
  2. https://www.youtube.com/watch?v=R_wE4y9Zecc
  3. https://www.youtube.com/watch?v=DxnPLzz19yQ

Манба: http://childtraffiking.tilda.ws/uz?fbclid=IwAR1Oy-eXWmmTWZktNx7hzvnPaGD9-DeNeqbHfSZQXzaTHzJDv-0ke36k5tM