Рашкни енгиш мумкинми?

Ҳаммамиз маълум даражада севган инсонларимизни рашк қиламиз. Бу доим севганини рашк қилиш дегани эмас. Ҳатто дугоналар ва дўстлар ҳам рашк қилишлари мумкин. Рашкни бошқариш мумкинми? Уни кўрсатиш керакми? Шу каби туйғуларни бошқариш мумкинми, сизнингча?

Рашк ёвузлик белгиси бўлганида ҳозирда ўзимизда бу каби туйғуларни хис қилмасдик. Қайсидир маънода бу бизга бир мерос кабидир. Рашк ҳам бир мусобақа сингаридир, енга олдингизми, демак сиз ғолибсиз. Рашк бир жойда қотиб қолмаслик, ўзимизни бемалол қўйиб юбормаслик учун туртки бўлади.

Агар рашкни романтик муносабатларда кўрадиган бўлсак, бу бир қарашда ҳушомаддек кўринади, аммо рашк ортидаги ҳатти-ҳаракатлар аниқ сизда ҳеч қандай ҳайратни уйғота олмайди.

Рашкчи инсонлар одатда ўзларини паст баҳолайди

Тан олишимиз керакки, рашкчи инсонлар ўзига паст баҳо берувчилардир. Жуфтимизга нисбатан ўзимизни қандай тутишимизни икки хил кўринишда ифодалаш мумкин. Биринчиси: йигит ёки қиз меҳр-муҳаббат ва ўзига ишончи баланд булган оилада вояга етганидадир. Иккинчиси: доимий иккиланиш ва атрофдагилардан ҳавотирланиш хисси билан вояга етганлар. Келинг, бир қатор саволларни кўриб чиқайлик.

Ҳеч ўзингизда бўшлик ҳиссини туйганмисиз? Уйингиздаги муҳит меҳр-муҳаббатга тўлами ёки ҳавотирга? Сиз қандай муҳитда улғайгансиз? Доимий босим ёки тинчлик-осойишталикдами? Ота-онангизга ишонч туйғуси юқори бўлганми, ҳеч ортингизда қўллагувчи тоғ тургандек хис қилганмисиз ёки аксинча? Агар шу саволлардан бирортаси қалбингизни оғритса ёки сизга ёмон таъсир қилса ва сиз ўз рашкингизни назорат қилолмас экансиз, демак сизни ўзига ишончи бўлганлар тоифасига қўша олмаймиз. Яхшиси, мутахассисга учрашинг ва «МЕН»ингизни кўтаришга ҳаракат қилинг.

Энг қизиғи, рашк нафақат ўзига ишончи паст инсонларда, ҳаттоки ўзига ишончи ута юқори бўлган инсонлар учун ҳам бегона эмас экан. Масалан, сиз ўзингизга қаттиқ ишонганингиз ва жуфтингизга қаратаётган эътиборингиз юқорилиги ҳамда жуфтингиз сиз бераётган эътиборни муносиб баҳоламаётгани учун ҳам рашк қилишингиз мумкин экан. Рашк муносабатларингизни бузмаслиги учун қандай ҳаракат қилишингиз мумкин? Биринчидан, шуни чуқур англаб етингки, ҳис ва ҳулқ мутлақо бошқа-бошқа тушунчалардир, сиздаги ҳислар бузғунчилик сирасига кирмайди, лекин ҳатти-ҳаракатингиз ҳаммасини барбод қилиши ҳеч гап эмас. Тўғри, сиз рашк қиласиз, лекин унинг қули бўлиб колманг, рашк орқали ўйламай қилинган ҳаракатлар эртанги кунда пушаймонликка сабаб бўлади. Ҳис-туйғуларингизни жиловлашни ўрганинг.

Муҳаббатни физик қонуният деб тушунинг. Ҳеч қачон ажралиб кетмасликларингиз учун ҳеч ким кафолат бермайди. Қанча шунинг тескарисини қилсангиз, муносабатларингиз шунча емирилади. Ҳеч қачон вазиятни тезлаштиришга уринманг. Бугунги кунда бахтлисиз, шу бахт қадрига етинг. Баъзида ҳавотир кучлилигидан ҳали бузилмаган муносабатларнинг сиз томонингиздан бузилишига олиб келиниши мумкин.

Ёнингизда кимдир борми, демак сиз унга кераксиз

Ҳар бир ҳолатга реал қарашга урининг. Ҳар бир инсон кимгадир ёқиши ва кимнидир ёқтириши табиий, лекин ёнингиздаги инсон эътиборингизни тортишга ва сиз билан бирга бўлиш ҳаракатини қилдими, демак сиз унга кераксиз, кўнглингизни ҳотиржам қилинг.

Эсингизда булсин, негатив фикрлар муносабатлар дарз кетишининг биринчи омилидир. «Сенсиз ҳам куним ўтади» деган эгоистик фикрни эмас, бир оғиз «Рахмат» каломини айтиш ҳам вазиятни анча яхшилайди. Айнан биз эътибор қаратмайдиган илиқ сўзлар, чиройли лутфлар муносабатларни мустақкамлайди, рашк эса бутунлай йўқолади ёки меъёр даражасида сақланиб қолади.