Ўғилларга сиғинишни бас қилинг

Шарқда ўғилларга сиғиниш бугунги кунда ҳам кузатилмоқда. Баъзи одамлар ўғилни меросхўр сифатида қабул қилиб, у нафақат кексаликда ота-оналарга қарашади, балки насл давомчиси деб ҳам айнан ўғил туғилишини исташади. Ўғилларга сиғиниш қандай намоён бўлади?

Жинсига кўра ҳомилани олиб ташлаш

БМТ анчадан бери Осиё қитъасида аёллар етишмаслиги муаммосини кўтармоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига кўра, Жанубий, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиёда камида 170 миллион аёл етишмаяпти. Дунёнинг бу қисмида яшовчилар анъанавий равишда ўғил кўришни афзал кўришади.

Бунга ҳомилани жинсига қараб олиб ташлаш амалиёти сабабдир ва бу жинсий камситишнинг жирканч шаклидир. Боланинг жинсини аниқлаш мумкин бўлиш имконияти пайдо бўлганидан бери баъзи ота-оналар исталмаган қизлардан халос бўлишади. Шунингдек, эркак хотинни ўғил туққунича туғишга мажбур қилиши мумкин. Шу билан бирга, ҳеч ким аёлнинг хоҳиши ва соғлиғи-ю, чексиз туғилишлар унинг ҳолатида қандай акс этиши ҳақида қайғурмайди.

Аёл ўғил туғиб бермаса, эркак ўғил кўриш мақсадида “иккинчи”сига уйланиб олиши мумкиню Ва бу ҳолатда “ўғил туғиб бера олмаган” аёл айбдор бўлади, ваҳоланки, боланинг жинси учун фақат ва фақат эркак масъул.

Боланинг жинси генетик даражада аниқланади. Бундан ташқари, айнан эркак қайси жинсли бола туғилиши учун жавобгар бўлади. Лекин эркак ўзи бу жараённи бошқара олмайди. Ҳар бир инсонда маълум бир хромосома тўплами мавжуд бўлиб, у боланинг жинси учун жавобгардир – ҳаммаси бўлиб 23 жуфт хромосома. 22 та хромосома аёллар ва эркакларда бир хил. Аммо 23-чиси фарқланади. Генетика бўйича аёллардаги тўплам ХХ, эркакларда эса ХY билан белгиланади. Тухумдон ўзида фақат Х хромосомасини сақлайди.

Эркак уруғ ҳужайраси Х ва Y хромосомаларини ўзида сақлаши мумкин. Агар уруғлантириш пайтида иккита Х учрашса, қиз фарзанд, Х ва Y учрашса, ўғил фарзанд туғилади. Эҳтимоллик 1: 1 га тенг.

Ҳақ-ҳуқуқларни чеклаш

Кўплаб анъанавий оилаларда ўғиллар ҳеч нарсада чегараланмайди: кўчага чиқиш, дўстлар билан дам олишга бориш, бошқа жинс вакили билан мулоқот қилиш. Ваҳоланки қизларга “оила шаънига путур етказмаслик учун” кўчага чиқишга ҳам рухсат берилмайди. Айрим оилаларда эса акалар сингилларига тегажоғлик қилиши ва унга ҳеч ким индамаслик ҳолатлари ҳам учрайди, минг афсус. Қизнинг сўзларига ишонишмайди ҳам.

Тарбия қилиш усуллари

Кичиклигидан ўғиллар бўлажак хўжайин сифатида тарбияланади, унга ҳамма нарса мумкин, опа-сингиллар эса ака-укаларининг айтганларини сўзсиз бажаришлари шарт. Қизларни кичиклигидан оилавий ҳаётда тайёрлашади: у пишир-куйдир, кир ювиш, уй тозалаш, дазмол қилишга ўргатилади, унга жим, итоаткор бўлишни ўргатишади. Айрим қизлар тайинли болаликни ҳам кўришмайди.

Исм бериш

Ҳатто исм беришда ҳам ўғил ва қизларга турли муносабатни кўриш мумкин. Ўғилларга асосан Аллоҳга шукр келтириш маъносидаги исмлар қўйилади. Қизларга эса айрим ҳолларда ўғил туғилишини “чақирувчи” исмлар қўйишади. Бир нечта мисолларга тўхталиб ўтамиз:

«Онам 4 қизни туғиб, шу билан бошқа туғиш ниятлари йўқ эди. Лекин бобом ва бувим ўз келинлари, яъни онам)га улар насл давомчисини туғишлари кераклигини айтишди. Она яна ҳомиладор бўлдилар. Ҳамма ўғил туғилишига ишонарди. Лекин мен туғилдим. Кимдир менга Ўғилой исмини қўйишни таклиф қилди. Эмишки, шунда ўғил туғилар экан. Шундай бўлди ҳам. Мендан кейин укам туғилди.

Мен исмимдан нафратланиб, уни ўзгартиришни орзу қилардим. Мени исмим учун масҳара қилишарди, ҳатто қисқартириб “Ўғил” дейишарди.

Отам исмимни ўзгартиришга қатъиян қарши эдилар. Лекин шу исмни деб нималарни бошимдан кечирганимни билмасдилар.

Охири турмушга чиққач, исмимни ўзгартирдим. Отам энди қаршилик кўрсата олмасдилар, негаки энди эримнинг “мулкига” айландим. Мен эса ниҳоят исмимни ўзгартирганимдан бахтиёр эдим.

Отам янги исмимга кўникмадилар. Энди эса мен қатъийман, ким нима деса десин, шу исмда қоламан. Ортиқ буни ҳеч ким менга ман қила олмайди».

Оилада фақат қизлар туғилаверса, алоҳида исмлар қўйиш амалиёти Қозоғистонда ҳам мавжуд: Улбала, Ултай, Ултуган, Улжан, Улболсин. Бу исмларнинг маъноси – ўғил туғилсин. Доғистонда эса қизга Улангерек («кейингиси ўғил бўлади») исмини бериб, насл давомчиси туғилишидан умидвор бўлишади.

Бундай қарашлардан воз кечишнинг уч сабаби

  1. Патриархал жамиятда қиз – иккинчи навли одам деган қарашлар ҳали ҳам бор. Унга маблағ тикишдан наф йўқ, эртага барибир эрга тегиб бошқа оилага кетади, деб ҳисоблайдиганлар қанча. Лекин ота-она қариганда уларга ўғил ғамҳўр бўлишига ким кафолат беради? Аксини кўп кўряпмиз.
  2. Қизингизга яхши таълим бериб, ишлаш имконини берсангиз, у қариганингизда ҳам сизга яхши ёрдам бера олади. Ўзи ҳам қийналмайди.
  3. Эркаклар ўғиллар ҳақида орзу қилишади, гўёки бирга футбол ўйнаб, яна алланималар билан машғул бўладигандек, ўзлари эса бола тарбиясида деярли иштирок этишмайди. Бола тарбияси – фақат онанинг иши деб ҳисоблашади.

Вазиятни яхшилаш учун нима қилиш керак?

  • Давлатлар ўғил ва қизларнинг тенг қадрини қўллаб-қувватлаши керак
  • Муаммолар ҳақида хабардорликни ошириш ва янги қонунларни қабул қилиш керак
  • Мамлакатлар жинсга кўра тенгсизликнинг асосий сабабларини бартараф этиш учун дастурларни ишлаб чиқиши керак
  • Хотин-қизларни таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кўриш лозим.

Гендер мувозанатнинг бузилиши эртами-кечми демографик фожиага олиб келиши мумкинлигини англашимиз керак. Ўзингиз ўйланг: ҳозир ҳамма фақат ўғил туғаверса, ўнлаб йиллардан кейин инсоният шунчаки йўқ бўлиб кетади.

Фото: https://www.kavkazr.com/a/30296569.html