Дўстларимга маслаҳат беришим керакми?

Ҳеч ўзингизга «Мен қандай дўстман?», деб савол берганмисиз? Агар дўстингиз бошига бир ташвиш тушиб қолса, кўнгил сўрай оласизми ёки нима дейишни билмай ўзингизни олиб қочиб юрасизми? Аксинча дўстингизга далда бўла оласиз-у, лекин унинг ишлари юришиб кетса аламдан ёнасизми?

Ҳар биримиз турфа оламмиз, баъзиларимизнинг бошимизга бирор ташвиш тушиб қолса тўйиб-тўйиб йиғлагани елка излаб қоламиз, кимдир муаммоларни ёлғизликда енгишни маъқул кўради. Учинчи тоифадаги инсонлар ичиб, кайфиятини чоғ қилиб унутишга ҳаракат қилади. Дўстингиз қайси йўлни танлашидан қатъий назар, сиз у учун қарор қабул қилишга ҳаққингиз йўқ. Шундай пайтларда сизнинг асосий вазифангиз дўстингиз ёнида бўла олиш.

Ёнида туришлик бу – дўстингиз қандай қарор қабул қилишидан қатъий назар уни муҳокама қилмаслик. Унга насиҳат қилманг, сўрасагина маслаҳат беринг. Нимаики бўлмасин доимо унинг ёнида эканлигингизни тушунтира билинг. «Сен нима қилаяпсан ўзи» дейиш ўрнига «Мен сенинг бу аҳволинга бефарқ қараб туролмайман» дейишни ўрганинг. Қандай аҳволда бўлмасин уни эшитишни ўрганинг.

Шу билан бирга ўзингиз ҳақингизда ҳам унутманг. Дўстингиз бўлса ҳам доимо негатив фикрларни тинглай олмайсиз, ахир. Алам устидаги бўлаётган суҳбатларнинг бирида дўстингиз сизга ҳам яқин бўлган инсон тўғрисида негатив фикрлар айтиши мумкин. Шундай пайтларда сиз уни тўхтатишни ҳам билинг. Унутманг, сизга тўғри келган айрим маслаҳатларингиз дўстингизга акс таъсир қилиши мумкин. Сиз берган маслаҳат орқали ҳаммаси изидан чиқиб кетиши мумкин, минг яхшилик истагансиз ҳам.

Ҳаёт уники, уни қандай бошқаришни фақат унинг ўзи хал қилади. Шундай рухий тушкунлик пайтида сиз унинг ўз жонига қасд қилиши мумкинлигини билиб қолдингиз ёки шундай шубҳангиз бор. Руҳий тушкунлик пайтида инсонларда тўғри қарор қабул қилиш қийин масала, сиз унга ўзига келиб, ақлини йиғиштириб олишга шароит яратиб беринг. Дўстингиз ўзига келгандан кейин ўзи қарор қабул қилсин. Агар унинг суицидга мойиллиги борлигини билсангиз, имкон қадар ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қилинг, ҳамда унга таъсир кўрсатувчи инсонлар билан боғланинг, токи у рухий инқироз давридан чиқиб кетгунча ёнида бўлишингиз маъқул.