ТУШКУНЛИК — ҳозирги замоннинг энг кўп учрайдиган руҳий касалликларидан бири, аммо буни ҳамма ҳам тан олавермайди. Биз омад ва муваффақиятга йўналган жамиятда яшаймиз ва бундай шароитда мағлубиятни тан олиб, ёрдам олиш учун мурожаат қилишга андиша қиласан киши. Кўпчилик одамлар тушкунлик ҳолатини шунчаки оддий инжиқлик белгиси деб ҳисоблайди ва соғлом одам тушкунликка учрамайди, деган фикрда. Мабодо унга дуч келса ҳам, бу муаммони мустақил ечиш мумкин, деган мулоҳазалар мавжуд (аммо аслида бундай эмас).
Тушкунликка тушган одам истагани билан бу ҳолатдан осонликча чиқиб кета олмайди, унга атрофдагиларнинг кўмаги албатта, зарур. Агар ушбу жараёнга ақл билан ёндашилса, жараённи енгиллаштириш мумкин. Шундай қилиб, агар яқин инсонингиз тушкунликка тушган бўлса, унга қандай қилиб ёрдам қўлини чўзиш мумкин?
Тушкунликка тушмаган инсон учун бу ҳолат оддий туюлиши мумкин ва одам қуёшга, тоза ҳавога чиқса, бу дардни енгиб кетади, деб ўйлайди. Энг ёмони тушкун кайфиятда юрадиган инсон кимга ҳам керак? Ундан ҳамма қочишга ҳаракат қилади ёки унга ҳеч ким эътибор бермайди. Аммо дўст айнан мушкул вазиятда синалади. Тушкунликдаги одамга ёрдам беришда энг аввало, куч-қувватингиз, қийинчиликларни олдиндан ҳисобга олиш керак. Сиз оддий бош оғриғи билан ишламайсиз, балки чуқурроқ муаммога дуч келасиз. Биринчидан, жуда эътиборли бўлинг. Чунки кўп ҳолатларда биз энг муҳим белгиларни сезмай қоламиз. Энг катта хавф ҳам мана шу эътиборсизликда. Ҳозирги вақтда жиддий касалликларга қарши кураш учун бутун бир ижтимоий блоклар яратиляпти. Улар орқали беморлар ёлғиз эмаслигини ҳис этади. Тушкунликдаги инсонлар учун ҳам худди шундай қўллов керак.
Эътиборлироқ бўлсангиз, яқин инсонингиздаги ўзгаришларни дарров сеза оласиз. Масалан, кимдир йиғлоқи бўлиб қолади, кимдир индамас, ёки ғамгин, асабий ва ҳоказо. Эрталаблари жойидан тургиси келмайди, ўқиш ёки ишига бефарқ бўлиб қолади, зарарли одатлари пайдо бўлади, иштаҳа йўқолади ёки кучаяди. Бундай ҳолатларда биринчи навбатда суҳбат мавзусини топа олинг. Асло айбламанг, хавотирларингизни тўғри билдиринг. Тушкунликдаги инсон учун уни бирор нарсанинг эвазига эмас, балки шунчаки яхши кўришингиз муҳим. Агар унга “сен унақа эмасдинг-ку, бир гапириб икки кулардинг, даврани қиздирадиган инсон эдинг” деган гапларни айтсангиз, у ўз тушкунлиги ҳақида тан олиши қийин кечади. Яна бир нарсани унутманг, тушкунлик қайталаниши ҳам мумкин. Дейлик, яқинингиз ҳаётида кутилмаган фожиа юз берди ва шунинг натижасида тушкунлик бошланди. Бу ҳолда сизнинг кўмагингиз билан у тушкунликдан тезроқ чиқиб кета олади ва агар ҳаёт бир маромда кечса, тушкунлик қайталанмайди. Аммо тушкунлик йиллар давомида тўпланиб келган салбий ҳисларнинг натижаси бўлса, унда аҳвол бироз мушкулроқ. Тушкунлик қайталаниб келса ҳам қўрқманг. Чунки унинг биринчи қисми билан курашиб, тажриба йиғиб олгансиз. Яқинингизга ҳамма нарсанинг давоси борлигини уқтириб туринг. Чунки дард чекаётган инсонда биринчи навбатда яхшиликка ишонч туйғуси сўнади.
Агар тушкунлик қайталанаверса, доим ҳам ўз кучингизга ишонманг. Вақтни чўзмасдан психиатрга мурожаат қилинг. Чунки тушкунликнинг энг ёмон оқибати суицид бўлиши мумкин. Тушкнликка учраган одам ўзидаги чидаб бўлмас ҳолатни тўхтатиб бўлмайди, деб фикрлайди. Шунинг учун унинг олдида кимдир бўлиши шарт. Унутманг, шифокорга борган тақдирингизда ҳам у сеҳргар эмас. Бир деганда натижа сезилмаслиги мумкин. Аввалги иштиёқ, ҳаракатлар, яшашга интилиш секин-аста қайтади. Аммо баъзи беморларда турли дори воситалари натижасида салбий таъсири ҳам кузатилиши мумкин. Шифокор зарур деб билса, бемор касалхонада ётқизилади.
Қўллаб-қувватлаш жараёнида тушкунликка тушган инсоннинг асабига тегмасликка ҳаракат қилинг. Уни кўпроқ бағрингизга босинг, истаса сайрга олиб чиқинг, аммо бўрттириб юборманг. Унинг кайфиятини сеза олинг, кези келганда унинг фикри билан қизиқинг. Балки бу йўлда ўзингизга ҳам қўллов керак бўлар. Шунинг учун беморга қарайман, деб ўзингиз беморга айланиб қолманг. Яқинингизга далда бўлиш учун руҳан ва жисмонан соғлом бўлишингиз керак.