Hikoyani yuboring
burger x
#Jabrlanganlar uchun ko'rsatmalar

Онлайн-сталкинг: Жиддий оқибатларни келтириб чиқарувчи виртуал зўравонлик

Онлайн-сталкинг: Жиддий оқибатларни келтириб чиқарувчи виртуал зўравонлик
16 Yan 2021

Таъқиб қилувчиларнинг усуллари ва мақсадлари, жамиятнинг муносабати ва ҳуқуқий меъёрлар ҳақида ШИЛҚИМЛАРНИНГ ТАЪҚИБИ ЁКИ СТАЛКИНГ ҳақида гап кетганда, кўпчилик одамлар...

Таъқиб қилувчиларнинг усуллари ва мақсадлари, жамиятнинг муносабати ва ҳуқуқий меъёрлар ҳақида

ШИЛҚИМЛАРНИНГ ТАЪҚИБИ ЁКИ СТАЛКИНГ ҳақида гап кетганда, кўпчилик одамлар бу бало мени четлаб ўтади, деб ўйлайди. Камерали папараццилар фақат машҳурларнинг ортидан югуради, таҳдидли хатлар шов-шувга ўч газета муҳаррирларига келади, нотаниш мухлислардан совғаларни эса кино маликалари олади. Оммавий маданият таъқиблари одамларнинг кўз ўнгида худди шундай кўриниш касб этади. Атрофдагилар томонидан улар асло таҳдид маъносида эмас, балки айнан хушомад тарзида қабул қилинади. Унда нима учун таъқиб қилиш дунёнинг ўнлаб мамлакатларида жиноят, дея тан олинган? Нима учун ҳаётда таъқибга дуч келган инсонлар ўзларини яхши ҳис этмайди, аксинча, қўрқиб қолади, лекин тегишли идораларга мурожаат қилмайди?

Бир қиз ҳикояси

Бир неча ой илгари, бошқа шаҳарга кўчиб ўтганимдан кейин ижтимоий тармоқда Н. исмли бир нотаниш йигит менга ёза бошлади. Н. аввалига саёҳатларимга қизиқди. Кейин эса асл мақсади аён бўлди. Унга саёҳатларим эмас, балки мен билан учрашиб гаплашиш қизиқ экан. Телефон рақамимни билишга роса ҳаракат қилди. Унга илтимос, фақат иш бўйича ёзинг, дейишимга қарамай, хат хабарларининг охири кўринмасди. Мени тинч қўйинг, дейишим ҳамон, сўкиб кетди. Бироз вақт ўтиб, узр сўради.

Бир неча кундан кейин мени кинотеатрда кўриб қолганини ёзди (чиндан ҳам у ерга борган эдим). Яна ҳақоратлар, сўкинишлар кетма-кетлиги бошланди. «Сендақа худбин қизлар фақат диққатни қаратишни яхши кўрасизлар. Орқаларингдан югуриб юришимиз керакми? Аҳмоқ экансан!» — деганидан кейин, жаҳлим чиқиб, уни блоклаб қўйдим.

Ўша куни кечқурун уйга қайтар эканман, минг хадик билан одимлаб келардим. Кўча муюлишларидан кимдир чиқиб келадигандай туюлаверди. Бутун вужудим билан қўрқдим. Қизиғи, мен илгари ҳеч нарсадан қўрқмасдим, дўстларимнинг ажиналар ҳақидаги ҳикоялари ҳам юрагимга ғулғула сололмасди. Эслаб кўрсам, М. ижтимоий тармоқдаги бир гуруҳ орқали мени топиб олган эди. Ўша гуруҳга огоҳлантирувчи пост ёзиб қолдирдим. Билсам, Н. бир вақтнинг ўзида уч нафар қизни таъқиб қилган экан. Учта қиз ҳам ташқи кўриниш томонлама бир-биримизга ўхшаб кетарканмиз. Улардан бири ҳатто М.ни чет тили курсида учратган ва телефон рақамини берган. Улар телефон орқали гаплашиб юришган. Бир куни Н. қизни учрашувга таклиф қилган, рад жавобини эшитгач, қизнинг уй манзилини билишини, ота-онасига бориб, барчасини айтиб бериш орқали таҳдид қилган. Қизнинг отаси анчайин қаттиққўл бўлгани боис, қиз бир неча кун уйидан чиқмай қўрқиб ўтирган. Ҳуқуқ органларига бориб шикоят қилай деса, йигит билан гаплашганини ота-онасидан яширган…

Бундай воқеалар ҳаётда кўплаб топилади. Ҳатто ундан ачинарлилари ҳам бор. Энг ёмони, собиқ ошиқнинг таъқиблари. Бундай эркаклар аллақачон узилган ришталарни тикламоқчи бўлишади. Никоҳнинг қонунан бузилиши ҳам уларни тўхтата олмайди. Собиқ эр-хотиннинг орасига эса ҳеч ким тушишни истамайди. Бундан ташқари, одамлар романтик муносабатлар таъсиридан ҳали чиқиб кетмаган бўлади ва бу муносабатлар бошқа босқичга ўтганини англамайди. Таъқибчиларнинг ўзи узилган алоқалар учун қаттиқ азоб чекади ва муносабатлар тамомланганини тан олмайди. Европада ана шундай инсонлар билан ишлайдиган махсус марказлар бор. Психологларнинг айтишича, таъқибчилар психологик ёрдамга муҳтож одамлар. Улар ўзини тўхтата олмайди, буни истаса ҳам бутун вужудини эгаллаб олган таъқиб ҳиссидан қутулолмайди. Баъзилар худди гиёҳванд одамларга ўхшаб истагини жиловлашга қийналади.

«Баъзи қўшиқларга эътибор берганмисиз, уларда қизларнинг йигитлар томонидан таъқиб қилиниши очиқчасига куйланади. Қолаверса, уларга мос клипларда ҳам ашула ғояси ривожлантирилади. Қарабсизки, таъқибчилар учун сценарий тайёр. Киноларни айтмайсизми, аслида таъқибчиларнинг кўпи севимли фильм сюжетларидан фойдаланиши аниқ. Таъқибчилар ким бўлишидан қатъий назар, қизми ёки йигит, улар зарарли ғоя асири ҳисобланади ва муҳаббатга эришиш керак, ўз севгимга эришмай қўймайман, дея кўр-кўрона ҳаракат қилади», — дея тушунтиради психологлардан бири. Қолаверса, ҳар бир инсоннинг тақдири турлича. Кимдир ўсмирлигида ўз севгисига эришолмай, қалбида чандиқ қолган бўлиши мумкин. Ушбу дил яраси эса таъқиб қилишда асосий куч бўлиб хизмат қилади. Кўпинча таъқибчилар ҳаракатлари қандай оқибат келтиришини ҳатто ўйлаб кўрмайди, улар ягона ғоя билан олдинга интилади, яъни муносабатлар ёки никоҳни сақлаб қолиш. Балки нияти эзгу бўлар, лекин кимдир қурбон бўлаётгани, ҳатто бировнинг ҳаётини бузаётганини ўйламайди.

Мабодо таъқиб нишони эркак бўлса, у аввалига эътибор бермайди. Кейин эса шикоят қилишга ҳижолат чекади. Ахир у кучли жинс вакили. Аммо таъқиб бора-бора эркакнинг ҳам кўнглида қўрқув ҳиссини уйғотиши мумкин. Мутахассисларнинг айтишича, ҳатто Европанинг мукаммал қонунлари ҳам сталкинг қурбонларини етарли даражада ҳимоя қила олмайди. Иш судга бориб етганда, судьялар таъқиб қурбонларининг шикоятларини жиддий қабул қилмайди. “Буни хушомад деб ҳисобласангиз бўлмайдими”, дея ҳазил қилишдан нарига ўтмайди. Ўзбекистонда ҳам шундай ҳолатларни учратиш мумкин. Сизни кимдир таъқиб қилаётган бўлса, бу инсонни осонликча жавобгарликка тортиш мушкул.

Oldingi maqola

Болалар билан жинсий зўравонлик ҳақида қандай гаплашиш керак
15 Yan 2021
Болалар билан жинсий зўравонлик ҳақида қандай гаплашиш керак

Keyingi maqola

ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ: Қандай қилиб ёлғизликни енгиш мумкин
17 Yan 2021
ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ: Қандай қилиб ёлғизликни енгиш мумкин
Muharrirdan
Anonim hikoyalar
Унинг исми Зилола эди
03 Yanvar 2024
Унинг исми Зилола эди

У 2001 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, яхши турмуш ўртоқ, меҳрибон она бўлишни орзу қилган. Отасининг узоқ қариндоши Жаҳонгир ундан 8 ёш катта эди. У уни илк бор 2022 йил июль ойида, онаси ва синглиси билан сеп учун нарсалар олиш учун бозорга борганида кўрди. Бир ҳафтадан сўнг улар ФҲДЁ бўлимига ариза беришди, рўйхатга олиш бир ойдан […]

Тошкентда суд пичоқ билан аёлга ташланган эркакка 660 минг сўм жарима тайинлади
29 Iyun 2023
Тошкентда суд пичоқ билан аёлга ташланган эркакка 660 минг сўм жарима тайинлади

Ўша кунни Азиза (исми ўзгартирилди) аниқ-тиниқ эслаб қолди. 16 май куни болалар билан кўчага айланишга чиқишади. Телефони уйда зарядда қолади.⠀Кўчадан қайтгач, Азиза унинг атири ҳидини сезди. Бунгача собиқ эри унда квартира калитини қолганини инкор этган. Аёл ҳожатхонага кириб, ўша ерда бекиниб олди. Ўғли ҳам синглиси билан хонага кириб олади.⠀Эркак ҳожатхона эшигини тақиллатиб, очишни талаб қилади. […]

Жиззах вилоятида эркак 6-синф ўқувчисини зўрлади ва 2 йил озодликни чеклаш жазосини олди
15 Iyun 2023
Жиззах вилоятида эркак 6-синф ўқувчисини зўрлади ва 2 йил озодликни чеклаш жазосини олди

Маълум бўлишича, Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи 21 ёшли эркак 2022 йил ёз ойларида маҳалладоши орқали уни дугонаси бўлган вояга етмаган 2010 й.т. йилда туғилган Т.К билан танишиб бир-бирларини ёқтириб қолишиб у вояга етганда бирганликда турмуш қуришлари ҳақида келишиб олади. Кузда эркак қиз яшайдиган шаҳарга боради, дугонаси иккисини айлантириб келади. Кеч бўлиб қолганлиги учун уларни шу […]

Nazima
05 May 2023
Nazima

Шахсий чегараларни бузиш болаликдан бошланади. Эсимда, ёшлигимда холаларим юзимни тортар. Бундан норозилик билдирсам онам менга “Ўзингни яхши тут”, дердилар. Ёки катталардан бирини ўпишимни айтишса, кўзимни юмиб чидардим. Буларнинг барчаси менга ёқмасди – бу катталар, уларнинг сўлаги, бегона ҳидлар …Ўсмирлигимда кўп ёлғиз қолишни истардим. Мусиқа тинглаб, кўзгу олдида рақсга тушардим ёки китоб ўқирдим. Лекин хонамнинг эшиги […]

Менинг исмим Ҳуснора, 32 ёшдаман.
28 Aprel 2023
Менинг исмим Ҳуснора, 32 ёшдаман.

Тошкентдан узоқда жойлашган кичик бир шаҳарчада ўсганман. Оилабоши қаттиққўл ота бўлган оилада ўсганман. Сингилларим ундан жуда қўрқишар ва мен дадамга хотиржамлик билан эътироз билдиришимга доим ҳайрон бўлишарди. Биз ҳар куни уй ва боғда ишлардик: ёғоч полларни қўлда ювардик, бармоқларимиз доимо қавариб кетарди. Эрталаб мактаб олдидан мол боқиш учун кетардик, дарсдан кейин қафас ва катакларни тозалардик. […]

Овқатланиш тизими бузилиши ҳақида ҳикоя
25 Aprel 2023
Овқатланиш тизими бузилиши ҳақида ҳикоя

Менинг исмим Ҳелга, 32 ёшдаман. «Менинг илк диетам 16 ёшимда бошланган, бир нечта озғин дугоналарим бор эди, улар бунинг учун ҳеч ҳам ҳаракат қилмаган, семиз бўлганлар ичида вазн йўқотганлар ҳам бор эди ва мени ортиқча вазнга мойил бўлган, лекин ўзини овқатдан чеклайдиган инсонлар жуда қизиқтирарди, чунки мен ҳам шундай иродага эга бўлишни хоҳлардим, шунингдек, дугоналарим, […]

Tegishli barcha maqolalar
top