Жорий йилнинг 31 январь куни Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилган. Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в,з» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Гумонланувчи шахс марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёз ойларида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган.
Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик — жамият учун энг даҳшатли жиноятлардан бири. Бу каби фожиалар ҳар доим жамиятда ўз акс-садосини топади ва зўравонларга энг шафқатсиз жазони қўллаш ҳақидаги чақириқларга сабаб бўлади. Аммо бу чоралар жиноятнинг олдини олишга қодирми? Нима учун барча педофиллар ҳам жиноят содир этмайди, болаларга нисбатан жинсий майл қандай пайдо бўлади ва одамлар педофилия билан қандай яшайди — бу саволларга мутахассислардан жавоб топамиз.
Педофилиянинг жамиятдаги таърифи – болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилиш. Аммо ушбу тушунча янглиш. Педофилия — бу парафилия шакли бўлиб, болаларга нисбатан жинсий қизиқиш билан кечувчи руҳий бузилишдир. Бу болаларга нисбатан жинсий фантазиялар, ҳаракатлар ва хулқ-атвор йиғиндиси.
Аслини олганда жинсий майл ёки фантазия жиноят ҳисобланмайди. Ҳақиқий жиноят — бу аниқ ҳаракат, зўравонлик демакдир. Педофилик бузилишга йўлиққан инсонлар жиноятчига айланиши мумкин, аммо статистик маълумотларга кўра, болаларни жинсий зўрлаш ҳолатларининг ҳар бештасидан тўрттаси уйда содир бўлади.
Педофилияни ташхислаш мумкин, фақат бунинг учун одам ўз майлини нотўғри деб ҳисоблаб, мутахассисларга мурожаат қилиши ёки болага нисбатан зўравонлик ишлатган бўлиши керак, дейди Сербия марказининг суд сексологияси лабораторияси мудири, психиатр, 40 йиллик меҳнат стажига эга сексолог Георгий Введенский. Педофилиянинг бошқа руҳий касалликларга ўхшаб ташқи белгилари мавжуд эмас.
“Ушбу касалликнинг келиб чиқишига доир аниқ сабаблар ҳалигача номаълум, аммо тиббиётда педофилия ривожланиши хавфини оширувчи бир қатор омиллар мавжуд. Бу руҳий инфантилизм, руҳиятнинг етилмаганлиги бўлиб, улар таъсирида инсон болалар атрофига интилаверади, чунки унга катталар билан қизиқ эмас, тенгдошлари билан эса меъёрий жинсий муносабатларни ўрнатишдан қўрқади. Болалар билан у секс ва ўйинларни бирлаштиради, шунингдек, руҳий ва жинсий ривожланишнинг тўхташи рўй беради», — дейди Введенский.
Ушбу руҳий бузилиш ҳолати қанчалик кенг тарқалганини аниқ айтиш мушкул, фақат таҳминий хулосалар бор холос: сайёрамиз аҳолисининг 1-5% и. Гетеросексуал ва гомосексуал педофилларнинг жамиятдаги нисбати 1,4:1 ни ташкил этади. Аёллар ўртасида ҳам жинсий бузилишлар тарқалган, аммо аёллар педофилиясининг мавжудлигини исботловчи илмий далиллар ҳозирча йўқ. Вояга етмаган болалар билан жинсий алоқа қилган аёллар ва уларнинг жиноий ишлари бор, аммо экспертлар судланувчиларда айнан педофилик бузилишларни қайд этишмаган.
Ўзини тиядиган, хоҳишларига қарши курашадиган инсонлар борлигини тан олишга тайёр бўлмаслик уларга психологик ёрдамга мурожаат қилишга тўсқинлик қилади ва болаларга нисбатан янги жиноятларнинг содир бўлишига туртки бўлади. “Инсон майллари ва ҳиссиётларини доимо жиловлаши ҳамда яшириб юриши натижасида у жамиятдан яккаланиб қолади. Бу эса бир куни жиноят содир бўлишига олиб келади, — дея тушунтиради Введенский. —Педофилия — бузуқлик ёки ахлоқий деградация эмас, балки касаллик эканини жамиятга албатта, тушунтириш керак”.
https://cherta.media/ материаллари асосида тайёрланди