«Мен ҳеч қачон бундай қилмасдим», «ўзингиз айбдорсиз, соғ одам бунга учрамайди», «менда бундай нарса бўлмаган», «калта кўйлак кийиб, кечаси кўчада санғиб юришга бало борми, мана мен ўрнингда… » – атрофингиздаги одамлардан шунга ўхшаш гапларни эшитасизми? Жавобингиз “ҳа” бўлса, демак, атрофингизда «оқ пальтоли” одамлар бор.
“Оқ пальтоли” одамлар ўзларининг поклигини бошқаларнинг хатолари, ахлоқсизлигига боғлаган ҳолда пасткашлик ва такаббурлик билан намойиш этадилар. Бошқалар (ёмон, нодонлар)дан фарқли ўлароқ улар ҳар доим қандай бўлиши кераклигини билишади, улар ҳақ, улар оппоқ.
“Оқ пальтоли” одамлар қаердан келиб чиққан ва нега улар бундай йўл тутишади?
- Тақдир ёки адолатли дунё.
Бундай одамларда дунё тушунчаси бузилган бўлади. Улар одамнинг хаётини ёмон нимадир содир бўлса, бунга ўзлари айбдор деб билишади. Уларнинг позицияси шундай кўриниши мумкин:
«Нега мен билан бундай нарсалар содир бўлмаган? Негаки мен ҳеч кимга ёмонлик қилмаганман!» Улар инсоннинг хаётида рўй берадиган ҳар бир ҳодиса унинг ўтмишдаги ҳатти-ҳаракатлари сабаби, деб билишади.
Улар ҳаётда ҳар хил вазият бўлиши мумкинлигини тан олмайди. Уларга одам муаммоларни ўзига жалб қилади ва унга бу ёқади деб ўйлашади. Бундай дунёқараш жамият учун хавфли бўлиб, у ҳақиқатни акс этмайди. Масалан, оилада жисмоний ёки ақлий нуқсони бўлган фарзанд дунёга келса, “оқ пальтоли” одамлар бу гуноҳлар учун жазо эканлигига чин дилдан ишонади ва бошқаларни шундай деб ўйлашга ишонтириши мумкин.
- Ким кимдан яхшироқ?
Биз у ёки бу даражада ўзимизни бошқалар билан ва бошқаларни ўзимиз билан таққослаймиз. “Оқ пальтоли” одамлар улар ҳамма нарсани енга олишларини, улар яхшироқ эканликларини атайлаб бўрттириб таъкидлайдилар.
«Бунчалик ўзига қарамаслик учун инсон ўзини қанчалик беҳурмат қилиши мумкин?»
“Мен истасам озаман! Дангасалигингизни оқламанг, мана, мен истадим ва оздим ҳам».
«Шунча гапдан кейин қандай қилиб бу ишга қайтиш мумкин?! Мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда, ҳеч қачон қайтиб келмасдим”.
Шу тарзда, улар ўзларининг қадр-қимматини бошқалар ҳисобига оширишга ҳаракат қилишади.
- Мизогиния
«Унга қўл кўтарадиган эридан кета олмадими, демак унга бу ёқади!»
Аёл қийин вазиятга тушиб қолса, бошқа аёллар уни айблай кетишини пайқаганмисиз? Ўзи аҳмоқ, ўзи айбдор, ўзи провокация қилган, ажаб бўлибди ва ҳоказо. Бу мизогиния аломатлари.
Қизларга болаликдан эркаклар аёлларга нисбатан кам (статистик маълумотларга кўра, 10 қизга 9 та йигит тўғри келади, эсингиздами?), атрофда фақат рақобатчилар борлигини ва у ҳаммадан яхши бўлиши кераклиги уқтирилади.
Бу вазиятда аёл ўзининг устунлигини “рақобатчиларни” пастга уриш эвазига намойиш этади.
“Оқ пальтоли” одамлар билан қандай муомала қилиш керак?
Бундай одамлар билан мулоқот қилиш жуда қийин.
Агар “оқ пальтоли” танишингиз ёки яқинингиз сизни эшитишни ва ўзгаришни хоҳламаса, ўзингизни бундай муҳитдан ҳимоя қилганингиз маъқул.
Нега улардан узоқ туриш керак?
Бундай мулоқот инсон психикаси ва руҳиятига салбий таъсир қилади. Доимий босим, танқид ва қоралаш ҳатто қатъий инсонни ҳам эзиб ташлаши мумкин.
Айниқса, зўравонлик қурбонларига қийин: жабрланувчи бундай танқидчи билан мулоқот қилса, унинг аҳволи янада ёмонлашади.
Зўравонликни бошидан кечирган одам танқид эмас, уни қўллаб-қувватлашларига муҳтож. Бундай пайтда қурбон ўзини айбдор деб билади, зўравоннинг хатти-ҳаракатларига айнан ўзи сабабчи, деб ўйлашади. Бундан ташқари, қурбон жамият ҳукмидан қўрқади ва келажакда яна шундай ҳолатга деч келса, ҳеч кимдан ёрдам сўрамайди.
Нега “оқ пальтоли” одамлар ўзларининг хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлаб кўришлари шарт?
«Ҳеч қачон ҳеч қачон деманг» деган мақолни ҳамма эшитган. Эртага бизни нима кутишини ҳеч қайсимиз билмаймиз. Бугун “оқ пальтоли” одамлар қурбонни айблашади, эртага эса ўша қурбоннинг ўрнида бўлиб қолишлари ҳеч гап эмас. Бежизга: «Катта гапирма», деб айтишмаган.
“Оқ пальтоли” одамлар ўз қарашларини қайта кўриб чиқишлари керак бўлган яна бир сабаб: ҳеч ким бошқанинг наздида ўзини аҳамиятсиздек ҳис қилишни хоҳламайди, эртами-кечми улар ёлғизланиб қолишлари мумкин. Бундай одамлар ҳадеб ҳамма танқид қилавериб, охири ўзлари қандай ёлғизланиб қолганини билмай қолади.
Ижтимоий тармоқлардаги “оқ” шарҳларга қандай муносабатда бўлиш керак?
Шундай шарҳ қолдирган одамга хаётда ҳар хил вазиятлар бўлиши, бундай ҳолат ҳар биримизнинг ҳаётимизда учраши мумкинлигини тушунтириш мумкин.
Суҳбатдошингиз ўз гапида қаттиқ туриб олса – жавоб бериб овора бўлманг, бекорга асабингиз бузилади.
Қайсидир маънода ҳаммамиз баъзан “оппоқлигимизни” намойиш этамиз. Лекин бундан қочиш керак: ҳодисаларни баҳоламанг, ўзингизни бошқалардан устун, деб билманг.
Сурат: https://takiedela.ru/2018/09/beloe-palto/