Карина Залесова 16 ёшли оддий ўсмир қиз бўлиб, у оилада ягона фарзанд эди. Барча ўсмирлар сингари унинг ҳам ўз орзу мақсадлари бўлган – Карина тиббиёт университетига ўқишга киришни хоҳлар, бунинг учун янги ихтисослаштирилган мактабга ўтган ва барча ўсмирлар сингари севиб қолган эди. Қисқаси, у ҳамма каби орзу-умидларга тўла ёшгина қизалоқ эди.
Карина Марк Коньков билан учрашганда, атиги 14 ёшда бўлган. Марк жуда бадавлат оиладан эди. Отаси – Игор Евгеньевич Коньков, новосибирсклик йирик тадбиркор, металлни қайта ишлаш ва қурилиш билан шуғулланадиган 11 компаниянинг эгаси, «Техсталь» МЧЖ бош директори. Онаси – Наталья Конькова, амалиётчи психолог.
ОАВда Маркнинг амакиси, эксперт сиёсатшунос, Россия Федерацияси ҳукумати таҳлилий маркази бўлим бошлиғи, Москва давлат университети ва Россия Федерацияси ҳукумати қошидаги Молия университетида дарс берган Александр Коньков ҳақида ҳам кўп ёзишарди.
Аммо Карина уни булар учун севиб қолгани йўқ, йигитнинг ўткир ақли, ҳазилкашлиги, ва «Достоевскийнинг барча асарларини ўқиб чиққанлиги” қизда чуқур таассурот қолдирди ва у ошиқ бўлиб қолади.
Бир мунча вақт ўтгач, Марк ва Карина учраша бошладилар, йигит қизнинг уйига кўп маротоба келган, унинг ота-онаси билан танишди.
“Ўқимишли, ақлли, гапга чечан, катталар билан суҳбатда ўзини жуда яхши тутарди», – Сергей Залесов Коньковни шундай тасвирлаб берди.
Бироз ўтиб, Карина ва Марк ўртасидаги муносабатлар ёмонлаша бошлади. Ўзаро ёзишмаларда Марк қизга бир неча бор таҳдид қилган, аммо Карина бу ҳақда ҳеч кимга айтмаган. «Кейин йигит ҳаётимиздан ғойиб бўлди, биз Каринанинг қийналаётганини сезардик, ҳар сафар унинг кўзларида ёш чиқарди», дейди Залесованинг отаси.
Каринанинг бувиси Маринанинг сўзларига кўра, Коньков ҳар доим қизга нисбатан тажовузкор бўлган. «Ота-онаси бунга жиддий эътибор қаратишмасди, кейин онаси қўнғироқ қилиб, Маркнинг ота-онаси билан гаплашмоқчи бўлди, лекин Карина бошқа у билан гаплашмасликка ваъда бериб, уни кўндирди», дейди Каринанинг бувиси.
Карина 16 ёшга тўлганда жуфтлик бутунлай муносабатларни тўхтатди, қиз Коньков билан учрашмаслик учун ҳатто мактабини ўзгартирди.
2015 йил 28 августда Карина отаси билан янги мактабга имтиҳон топшириш учун боради, улар сайрга бормоқчи ва кейин бу кунни оила даврасида нишонламоқчи бўлишган эди, тўсатдан Марк қизга қўнғироқ қилади.
У Каринадан Новосибирскнинг Первомайский туманидаги оиласига тегишли коттежга келишини, уни шу тариқа табриклашни истаётганини айтади. Карина келганида уйда энага ҳам бўлиб, у Маркнинг укасига қараб турганди. Карина бундан хотиржам бўлди. Залесованинг отасининг сўзларига кўра, соат 17:00 да унинг қўл телефони ишлаётган бўлса-да, у қўнғироққа жавоб бермаган, соат 18:00 да эса телефони тўлиқ ўчирилган.
Карина уйга қайтмавермагач, ота-онаси хавотирга тушишади.
“Соат 20:00 да тез ёрдамга телефон қилдик, 21:30да эса 02 га. Соат 22:30 да полициячилар уйимизга келиб, қизимнинг паспортини сўрашди ва уни Первомайский туманида ўлик ҳолда топишганини айтишди. Улар: кутинг, Тергов қўмитасидан келишади, – дейишди” – Сергей Залесов ўша оқшом воқеаларини шундай тасвирлаб беради.
Маълум бўлишича, Марк Коньков ва Карина Залесова ўртасида жанжал келиб чиққан, Марк унинг бошига мушт ва ҳайкалча билан урган, сўнгра унинг боши, ошқозони ва бўйнига 25 марта пичоқ урган. Кейин ўлдирилган қизнинг телефонидан дугонасига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтиб берган. Йигит жиноят жойида ушланган.
Маркнинг отаси, шаҳардаги нуфузли одам, бу қотиллик эмас, балки ўз жонига қасд қилиш эди ва у «ўғлини арқондан чиқариб ташлаганини» айтади. Бироқ, жиноятчининг ўзи қотилликка иқрор бўлади, аммо сабабни тушунтириб бера олмайди, «у шунчаки ўлдиргиси келди ва ўлдирди». Шунга қарамай, Марк Коньков бир кундан кейин уй қамоғига чиқарилади.
Жиноятчига қамоқ жазосини қўллашлари учун одамлар митингларга чиқиб, Москвага, Тергов қўмитасига хат ёзишади.
Суд жараёни узоқ давом этди ва оммавий ахборот воситаларида фаол ёритилди. Коньковнинг адвокатлари «ўта шафқатсизлик» сўзини олиб ташлашни талаб қилиб, 25 марта пичоқ жароҳати раҳм-шафқат натижаси эканлигини таъкидладилар, чунки Марк Каринани шунчалар яхши кўрардики, унинг азобланишини хоҳламасди. Жиноятчининг отаси икки томонлама ўз жонига қасд қилиш деган даъвода қатъий туриб олди, аммо унинг талаби қондирилмади.
Ҳимоя тарафи қизнинг ўзини беҳаёлик ва бепарволикда айблаб, ота-онасига, бобосига ва Каринанинг бувисига қизига яхши тарбия бермаганликларини айтиб, маломат қилишди (ахир, у йигитни уйгача олиб борди, ота-онаси билан таништирди) ва Маркнинг тажовузкорлигини кўриб, ҳеч нарса қилмади … Вазият аксинча бўлса-да, Каринанинг ота-онаси қизи билан гаплашиб, унга Марк билан муносабатларини узиш зарурлигини уқтиришди, лекин Коньковнинг ўзи қизни қўйиб юбормади.
Юрак-бағри қон бўлган Каринанинг ота-онаси ўсмирлар учун максимал қамоқ жазоси – 10 йил ва 2 миллион товон пули тўлашни талаб қилишди. Суд уларнинг даъвосини қисман қаноатлантирди – Марк 9 йилга ҳукм қилинди, 2 йилини вояга етмаганлар колониясида ўтказди. Бу иш аппеляцияга бир неча бор берилган: биринчи навбатда, ҳимоя тарафи жазо муддатини қисқартиришга ҳаракат қилди, кейин товон пулини тўлашдан бош тортди (ва улар муваффақиятга эришдилар), шартли равишда озод қилиш тўғрисида ариза ёздилар.
Тез орада Марк Коньков озод қилинади, Карина Залесованинг оиласи эса ёлғиз қизи ва набирасини йўқотди ва бундан ташқари, ўзларини билвосита унинг ўлимида айблашди.