Афсуски, ажралиш осон кечмайди. Ҳаётда айрилиққа эндигина кўника бошлаганингизда, айро йўлни танлашда ташаббус кўрсатган ёрингиз қўққисдан ортга қайтмоқчи.
Аввалига смс билан кўнглингизга қўл солиб кўради. Сиз эса соддагина эмасмисиз, ёзишмаларингиз турнақатор тизилади. Қарабсизки, учрашув, кейин эса унга яна бир бор имконият берганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Жуфтингизнинг асл нияти беғараз бўлса, ҳаётингиз тикланади. Лекин қайта-қайта уришиб, ярашишдан чарчамайдиган инсон то қариб қуйилгунча сочларингиз оқариши ҳеч гап эмас. Хўш, сиз билан “орани очиқ” қилиб кетган эркакнинг ёнингизга қайтиб келишига қандай сабаблар бўлиши мумкин?
- Рад жавобини олишга ўрганмаган
Янги жуфт излаш осон эмас. Зеро, сенга ёққан инсонга сен ҳар доим ҳам ёқавермаслигинг мумкин. Мана шундай дамларда эркак дарров аввалги жуфтининг қадрига етиб қолади. Ахир уни “менсишмади”, сиз эса ҳурмат қилардингиз, унга “қайрилиб ҳам қарашмади”, сиз эса уни ювиб тарардингиз, унинг “қадри топталди” сиз эса бошингизга кўтарардингиз. Агар мана шу тахминлар тўғри бўлса, эҳтиёт бўлинг. У сизнинг олдингизга фақат ўз қадр-қимматини кўтариш учун қайтган бўлмасин.
- Ўзимнинг қадрдонимдан айланай
Қишда севимли свитерингизни кийиб, мазза қилиб исинганингиздай, собиқ жуфт билан муносабатларни тиклаш худди шундай мароқли бўлиши мумкин. Қолаверса, қисқа айрилиқ севги-муҳаббатни янада мустаҳкамлаши бор гап. Бундай дамда нафақат эркак, балки аёлнинг ҳам қалбида эски туйғулари қайтадан жонланади. Ахир бир-бирингизни соғингансиз-ку. Бир сўз билан айтганда бундай учрашув сизларни, албатта яраштиради. Лекин… қанчалик узоқ вақтга, асосий муаммо ҳам шунда. Чунки ажралишга сабаб бўлган масалалар ҳамон ўз ечимини кутмоқда. Шундай экан, очиқчасига гаплашиб олишни ортга сурманг.
- Ички чалкашлик
Жуфтингиз орангиздаги айрилиқнинг асосий ташаббуси бўлса-да, унинг ўзи ҳам қийин даврларни бошидан кечиради. Қайсидир дақиқада қалб оғриғи чидаб бўлмас даражага етади (ахир эркак ҳам тошдан эмас), шунда у дарддан ҳалос бўлишни истайди. Гоҳида яқин инсонимизни йўқотгач, унинг нақадар қардли эканини англаб етамиз. Миямиз мисоли биз билан ўйин ўйнагандай бўлади: у қаршилик кўрсатишни истамайди. Мана шундай иккиланишда юрган, асл ниятини тўлиқ англай олмаётган инсонга розилик беришдан олдин, у билан чин дилдан суҳбат қуринг. Мулоқот чоғида асл нияти юзага чиқиши ҳеч гап эмас.
- 4. Чин дилдан ҳаммасини бошидан бошлаш фикри
Агар ният чин дилдан қилинган бўлса, жуфтингиз сиз билан ҳар қандай очиқ суҳбатга тайёр бўлади. Балки гапни ўзи бошлар.
Қуйидаги жиҳатлар унинг жиддий қароридан дарак беради:
- У ажралишга сабаб бўлган муаммоларни тан олиб, муроса йўлини излайди. Муносабатларингизга ўзгартириш киритиш кераклигини англаб етади.
- У ҳаракат қилишга тайёр бўлади: ҳаётини кескин ўзгартиришдан ҳам қайтмайди. Кўнглингизга қарайди.
- Олдинги ва бўлғуси ҳаракатлари учун жавобгарлигини тўлиқ тушуниб етади.
Мана шу жиҳатларни сездингизми, демак, жуфтингиз чиндан ҳам ҳаммасини бошидан бошлашга тайёр. Оила, муҳаббат ришталарини сақлаб қолишга ҳаракат қилинг.