Харассмент — бу инсоннинг шахсий чегараларини бузувчи ҳар қандай камситиш тури. Ишда камситишнинг турфа кўринишлари намоён бўлиши мумкин, психологик таҳқирлашдан тортиб жисмоний зўравонликкача.
Камситилган одам нимани ҳис қилади?
Ўксиниш, психологик босим, ўзини йўқотиб қўйиш, хавотир каби ҳислар камситилган инсонларга хос бўлади. Улар кайфиятни бузади ва ҳаёт сифатини ёмонлаштиради. Харассмент ҳақида бизнинг жамиятда очиқ гапирилмайди. Айниқса, аёлларга нисбатан бўлган камситиш ҳолатлари кўп ҳолларда эътиборсиз қолиб кетади. Аёл-қизлар бундай вазиятда чорасиз қолганидан иш жойларини йўқотади, баъзида эса айбсиз айбдорга айланади. Харассментдан нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам азият чекиши мумкин. Раҳбарларнинг психологик босими, жамоа аъзолари томонидан камситилиш эркак ходимларни четлаб ўтмайди. Шундай инсонлар бор, таҳқирланиш ҳолатларига йиллаб чидаб юраверади.
Харассментчиларнинг мақсади нима?
Объективлаштириш — ўзга инсонларни ўз эҳтиёжи йўлида қурбон қилиш ва атрофдагиларга товар сифатида қараш. Бунга бир мисол келтирамиз. Буви неварасини ҳайвонот боғига олиб келди. Кичкинтой аквариумдаги балиқларни мириқиб томоша қиляпти, сув ости олами, ундаги тирик балиқлар болага завқ бағишлайди. Лекин кутилмаганда буви шундай дейди: “Мана бу катта балиқни қара, тутиб беришса сенга қовуриб берардим”. Бу гапдан кейин неваранинг иштиёқи йўқолади, кайфияти тушади. Бувининг ҳаракатлари болага ҳамма нарсага ўз эҳтиёжлари нуқтаи назаридан қарашни ўргатади.
Жинсий истак йўлидаги муносабат — кўпинча лавозими юқори бўлган эркак ходимларга хос бўлади. Юқорида айтганимиздай, бундай “тегажоқлик” жамоадаги соғлом муҳитни мутлақо парчалаб юборади.
Ҳаммасини пул билан ўлчайди. Бундай жамоадошлар бу дунёда ҳамма нарсани пул билан сотиб олса бўлади, деб ўйлайди. Ҳамкасбларини мутлақо ҳурмат қилмайди, менсимайди. Бошқаларга муносабати ҳам шунга яраша бўлади. Унинг хаёлидаги “мен ҳаммасини сотиб оламан” деган фикр атрофдагиларга нисбатан салбий муносабатларини шакллантиради.
Қўлдаги ҳокимият. Раҳбарлик кўп инсонларни йўлдан адаштиради. Агар лавозими юқори бўлган инсоннинг ўзига берадиган баҳоси паст бўлса, у ҳолда у атрофдагиларни ҳам қадрламайди ва ходимларини пастга ураверади. Энг ёмони бундай раҳбар ўз айбларини кўрмайди ҳамда тан олмайди.
Маҳфийлик ва жазога тортилмаслик. Камситишнинг бу тури асосан интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган. Интернетда бировнинг устидан кулиш ёки босим ўтказиш осон. Сени ҳеч ким танимайди ва жазоламайди.
Харассментга қарши кураш усуллари
Бу иллатга қарши кураш ёлғизлик билан чекланиб қолмаслиги керак. Афсуски жамиятимизда харассмент ошкора муҳокама қилинмайди. Ваҳоланки ушбу муаммога қанчалик очиқ ёндашилса, уни ҳал қилиш ҳам шунчалик осонлашади. Шунда инсонларнинг муносабатлари яхши бўлади, шахсий чегаралар бузилмайди, ҳамма ўзини ҳимоя остида ҳис қилади.
Харассментни ажратиб олиш муҳим. Атрофдагиларнинг сизга қўяётган баъзи талаблари ҳаққоний бўлиши мумкин. Аввало барча талабларда харассментни кўравериш ярамайди. Шундай экан, объектив бўлинг.
Норозилигингизни билдиринг. Агар жамоадошларингизнинг ҳазиллари, шубҳали ва кинояли гаплари ёқмаса, буни очиқ айтинг. Бу ҳолатни табиий деб қабул қилманг. «Менга ёқмаяпти», «Буни бажармайман», «Фикрингизга қўшилмайман» деган сўзларни айтишдан қўрқманг. Индамаслик розилик аломати сифатида қаралади.
Ёрдам сўранг. Қарши чиқишни ўзингиз уддалай олмасангиз, индамай юрманг ва ёрдам учун мурожаат қилинг. Дўстларингиз, жамоадошларингиз ёки қариндошлар орасидан ким бўлса ҳам, сизни қўлловчи инсонни топинг.
Харассмент ҳақида кўп ва хўп гапириш керак. Токи инсонлар буни меъёр деб қабул қилмасин ва ўз вақтида ҳуқуқларини ҳимоя қила олсин. Шунда жамиятдаги баъзи салбий иллатлар ва аянчли ҳодисаларнинг олди олинади.
Ссылка: https://www.psychologies.ru/articles/harassment-na-rabote-chto-eto-takoe-i-kak-s-nim-borotsya/