ФАРЗАНДИНГИЗГА ЕТАРЛИ МЕҲРНИ БЕРА ОЛМАСАНГИЗ…

Онаси билан яшаётган фарзандлар бирга таомланиши, сайр қилиши, суҳбатлашиши мумкин. Аммо шунга қарамай боланинг ёлғизликни ҳис қилиб яшашига нима дейсиз? Бунга нима сабаб бўлади ҳамда ушбу ҳолат унинг тақдирига қандай таъсир ўтказади?
Онаси бўла туриб, унинг меҳрига зор бўлган болалар худди етим қолган тенгдошларига ўхшайди. Гарчи атрофдагилар кўз олдида улар она-бола бўлиб кўринишсада, қалбда бундай ҳиссиёт бўлмайди. Ёки шундай оналар учрайдики, барча фарзандларига тенг меҳр улашмайди. Бундай оилаларда фарзандлар орасида носоғлом муҳит шаклланади.

Меҳрга ташналик
Меҳрга зор бўлиб ўсаётган болалар доим ўзларини “қурбон” сифатида кўради. Қаерда яхшилик кўрса, шу томонга интилаверади. Озгина меҳр учун бор-будини беришга тайёр туради. Натижада ноқулай аҳвол бўладими, камситилиш ҳолатларими, ҳаммасига чидаб яшайди. Энг муҳими, атрофдагилар уни ташлаб кетишмаса. Афсуски бундай инсонларнинг ишончини суиистеъмол қиладиганлар кўп. Меҳрга ташналикда улғайган инсонлар кимдан озгина бўлса ҳам яхшилик кўрса, ўзини унга қарздордай ҳис этади. Оқибатда халоскорига бўйин эгиб яшашга мажбур бўлади.

Меҳр ўрнига таом
Меҳрга ташналик ўрнини таом эгаллайди. Меҳр кўрмаган инсонлар орасида таомга муккасидан кетганлар топилади. Масалан, кимдир стрессни енгиш учун тинмай овқатланади. Эътиборсиз қолган одамларда ошқозон-ичак муаммолари кўпроқ учрайди. Қуйидаги саволлар сизга вазиятга аниқлик киритишга ёрдам беради:
Ҳеч ўзингизни “онасиз ўсаётган бола”га ўхшатганмисиз?
Меҳрга ташналик, қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож бўлганмисиз?

Ўзига-ўзи она бўлиш
Онаси томондан меҳр кўрмаган болалар ўзларини қандай қилиб яхши кўришни билишмайди. Улғайгач эса улар аввало ўзларига меҳр беришлари, бундан ташқари фарзандига ҳам муҳаббатини етказишлари керак. Психологлар бунинг учун бир нечта машқларни таклиф қилишади.
Тасаввур қилинг сиз кимнидир ҳимоя қилмоқчисиз ёки кимгадир ғамхўрлик кўрсатмоқчисиз. Мана шу туйғуларни ҳис қилиб кўринг, уларни янада кучайтиринг. Балки болаликда бу туйғуларни қалбингиз қаърига кўмгандирсиз, лекин кучли ҳаяжон натижасида уларни қайта уйғотиш мумкин. Ўзингизни ғамхўр ота-она деб билинг, шунга интилинг. Меҳрингиз аввало ўзингиз, кейин фарзандингиз ўртасида тенг тақсимланиши керак. Ушбу машқни бажарган одамларнинг ўзига берадиган баҳоси ҳам яхшиланади.

Ссылка: https://www.psychologies.ru/articles/sirota-pri-rodnoy-materi-travma-nedolyublennogo-rebenka/